
Суд-ҳуқуқ тизимида қатъият билан олиб борилаётган янгиланиш ва ўзгаришлар жараёни амалда кутилган самараларни бермоқда. Иқтисодий судларнинг иш фаолияти ҳам иқтисодиёт соҳасида одил судловни амалга оширишда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг фаолиятига тўсиқ бўлаётган ҳолатларни бартараф этишга қаратилмоқда.
Жумладан, Навоий вилояти иқтисодий судлари томонидан 2020 йилда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг фаолиятига тўсиқ бўлаётган ҳолатларни бартараф этишга қаратилган 560 та низолар кўрилиб, уларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Тадбиркорлар томонидан тақдим этилган 475 та даъво аризалар қаноатлантирилиб, уларнинг фойдасига 41 млрд. сўмдан ортиқ маблағларни ундириш ҳақида суд қарорлари қабул қилинди. Шунингдек, тадбиркорлик субъектларига нисбатан асоссиз киритилган даъво аризаларнинг 159 таси қаноатлантириш рад этилиб, уларнинг ҳуқуқлари бузилиши олди олинди.
Жумладан, «Б-З» масъулияти чекланган жамияти (фирма номи қисқартирилган) чет эл компанияси билан тузилган контракт шартига асосан импорт қилинган маҳсулотлар учун 4.500,0 АҚШ доллари миқдоридаги валюта тушумининг тушишини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида ташқи савдо операциялари мониторингини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2020 йил 14 майдаги 283-сонли Қарори билан тасдиқданган “Ташқи савдо операциялари амалга оширилиши мониторингини олиб бориш ва назорат қилиш тартиби тўғрисида”ги Низом (бундан бўён матнда Низом деб юритилади)нинг 27-бандида белгиланган муддатлардан 180 кунгача кечиктирилганлиги сабабли назорат қилувчи орган томонидан жавобгарга нисбатан судга ариза билан мурожаат қилиниб, кечиктирилган жами 4.500,0 АҚШ доллари миқдоридаги валюта маблағининг 10 фоизи яъни 450,0 АҚШ долларининг Марказий банк томонидан ўрнатилган курс (10.364,48) бўйича 4.664.016 сўм миқдорида молиявий жарима қўллаш сўралган.
Биринчи инстанция судида ишни кўриш жараёнида жавобгар томонидан жами 4.500,0 АҚШ доллари миқдорида валюта тушуми пул маблағлари кўчирилган кундан бошлаб 180 кунга кечиктирилганлиги ишдаги ҳужжатлар ва далиллар билан ўз тасдиғини топганлиги боис аризачининг 4.664.016 сўм миқдорида молиявий жарима қўллаш тўғрисидаги аризаси асосли бўлиб, молиявий жаримани қўллаш лозим бўлган.
Бироқ, ишни кўриш жараёнида иқтисодий суд томонидан тадбиркорга бир неча маротаба имконият берилганидан сўнг жавобгар томонидан импорт контракти бўйича 4.500,0 АҚШ доллари миқдорида валюта тушуми тушиши таъминланиб, импорт контракти бўйича қарздорлик бартараф этилган.
Низомнинг 28-бандида, аризада кўрсатилган ташқи савдо контрактлари бўйича тўлиқ миқдорда валюта маблағларининг тушиши ёки товарларнинг республикага олиб кирилиши ҳамда «эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимида расмийлаштирилиши, ишлар бажарилиши ва хизматлар кўрсатилиши таъминланган тақдирда жарима қўллаш масаласи судда кўриб чиқилаётган пайтда — аризани қаноатлантириш рад этилиши назарда тутилган.
Молиявий жаримани қўллаш масаласини кўриб чиқиш пайтига келиб, валюта маблағларининг келиб тушиши таъминланганлиги сабабли юқорида қайд этилган Низом асосида иқтисодий суд томонидан молиявий жарима қўлланилмасдан, ариза талабини қаноатлантириш рад қилиниб, тадбиркорлик субъектининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари устуворлиги таъминланди.
Агарда тадбиркор томонидан импорт контрактининг ижросини таъминлаш чоралари кўрилмаганида аризада сўралган 10 фоизлик молиявий жаримадан ташқари, Низомда белгиланган тегишли муддатлар ўтганидан сўнг 20 фоизлик ва 70 фоизлик жарималар қўлланилиши натижасида жавобгар тадбиркор республика бюджетига жами 46.640.160 сўм миқдорида молиявий жарима тўлашга мажбур бўлиши мумкин эди. Бу эса тадбиркорлик фаолиятини янада кенгайтиришни ва зарур технологияларни чет элдан олиб келишни мақсад қилган тадбиркорнинг импорт контракти доирасида 4.500 АҚШ долларидан ташқари 46.640.160 сўм миқдорида зарар кўришига олиб келиши мумкин эди.
Натижада ишда жавобгар сифатида иштирок этган тадбиркор 4.664.016 сўм миқдоридаги маблағни молиявий жарима сифатида тўлашдан озод бўлиб, ушбу суммани ўз фаолиятини янада такомиллаштириш, ходимларини моддий рағбатлантириш, қўшимча ишчи ўринлари яратиш, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаш ёки шунга ўхшаш бошқа ўз фаолияти учун зарур мақсадларда сарфлаш имкониятига эга бўлиб, тадбиркорнинг давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлардан ва суддан рози бўлишига замин яратди.
Бу эса, амалга оширилаётган ислоҳотлар сабабли тадбиркорлик фаолияти субъектларига қулай ишбилармонлик муҳити яратилиб, уларни ҳар томонлама рағбатлантириш чораларини кўриш имконини бермоқда.
Зеро, Президентимиз таъкидлаганларидек, “Суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак. Ўзбекистонда судьялар қонунларнинг толмас ҳимоячилари, адолатнинг мустаҳкам устунлари бўлиши лозим”.
Ш.Ғофуров
Зарафшон туманлараро
иқтисодий суди раиси
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Зарафшон туманлараро
иқтисодий суди раиси
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар