Миллий қонунчиликдаги 2022 йил 1 январдан кучга кирадиган асосий ўзгаришлар ҳақида Norma.uz портали қисқача маълумот берди.
Солиқ солишда нималар ўзгаради
Маҳаллий ишлаб чиқарилган узум ва мева-резаворлардан тайёрланган табиий равишда ачитилган табиий вино (этил спирти қўшилмаган ҳолда) ва кўпикланадиган винонинг 1 далига акциз солиғи 1 сўм этиб белгиланди.
«Меҳр дафтари»га киритилган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш жамғармалар маблағлари алкоголь маҳсулотларининг (пиво ва табиий вино бундан мустасно) улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналар соф тушумининг ажратмалари, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилади.
Алкоголь маҳсулотларининг (пиво ва табиий вино бундан мустасно) улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналар соф тушумидан ажратмалар миқдори 5%дан 3%га пасайтирилади. Улар бюджетга тўланадиган солиқ ва йиғимларга тенглаштирилади, солиқ органлари томонидан ундирилади ва импорт қилинадиган алкоголь маҳсулотларига нисбатан татбиқ этилмайди.
2023 йил 1 январга қадар республика туманларида (Тошкент шаҳри бундан мустасно) фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркорлик субъектларига белгиланган ижтимоий солиқ ставкаси 2 бараварга пасайтирилади.
ҚҚСнинг салбий суммасини қоплаш (қайтариш) учун солиқ органларига ариза билан алоҳида мурожаат қилиш ҳақидаги мажбурий талаб бекор қилинади.
Солиқ тўловчи тегишли солиқ даври учун солиқ ҳисоботини топширишда, солиқ органларини хабардор этган ҳолда ҚҚС салбий суммасини қоплаш (қайтариш) талабини билдиришга ҳақли.
Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан солиқ ва божхона тўловлари бўйича қарздорлик тўланмаганда, солиқ ёки божхона органлари банкка тўловчининг ҳисобварақларидаги қарздорлик суммасига тенг миқдордаги пул маблағларини музлатиб қўйиш ва уларни 30 календарь кунидан сўнг ундириш тўғрисидаги фармойишни бу ҳақда тўловчини хабардор қилган ҳолда юборади.
Уяли алоқа операторлари учун уяли алоқа хизматларига солинадиган акциз солиғи ставкаси 10%гача пасайтирилади.
Текширувлар қандай амалга оширилади
Назорат қилувчи органлар тадбиркорлик субъектлари фаолиятини белгиланган тартибда тасдиқланган саволнома бўйича текширади.
ССП аъзоси бўлган тадбиркорлик субъектининг фаолиятини текширишда ушбу тадбиркорлик субъекти розилиги билан ССП ходимлари иштирок этади.
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувларни ўтказишга қонунбузилишларга йўл қўйилишининг олдини олиш бўйича профилактика тадбирлари белгиланган тартибда ўтказилгандан сўнг йўл қўйилади. Бундан солиқ текширувлари, жиноят ишлари ва тезкор-қидирув фаолияти доирасида, шунингдек, қонунчилик ҳужжатлари бузилиши ҳақидаги мурожаатлар ва маълумотлар асосида ўтказиладиган текширувлар мустасно.
Молиявий санкциялар қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:
- камерал солиқ текшируви натижалари бўйича аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун;
- тадбиркорлик субъектлари томонидан солиқ ҳисоботини белгиланган муддатларда тақдим этмаганлик учун.
Божхона тартиб-таомиллари соддалаштирилади
Ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларини божхона органлари томонидан қайтариш тўғрисидаги қарор қабул қилингандан сўнг ушбу маблағлар ТИФ иштирокчисига уч иш куни давомида қайтарилади.
Божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлашнинг энг кам муддати 14 кун этиб белгиланади. Ушбу муддатда фоизлар ундирилмайди, бунда кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлашнинг энг кам муддатидан ортганда тўлиқ давр учун фоизлар ҳисобланади.
Қўшимча ҳисобланган божхона тўловларининг ундирилмайдиган ва қайтарилмайдиган миқдори БҲМнинг 20%игача этиб белгиланади.
Товарларнинг ТИФ товарлар номенклатураси бўйича кодини аниқлаш юзасидан божхона органи томонидан тайинланган экспертиза якунлангунга қадар товарларни божхона тўловлари тўланишини таъминлаш орқали шартли чиқариб юбориш амалиёти жорий этилади.
Заҳарлилик даражаси «Евро-4» экологик тоифа талабларига мос келмайдиган газ, бензин ва дизель двигателлари билан жиҳозланган «М» ва «N» тоифаларидаги ғилдиракли транспорт воситаларидан фойдаланиш ва уларни сотиш мақсадида «вақтинча олиб кириш» ва «эркин муомала (импорт) учун чиқариш» божхона режимига жойлаштириш тақиқланади.
Пенсиялар тўлашнинг янги тартиби жорий этилади
Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан молиялаштириладиган пенсиялар, ижтимоий нафақалар, компенсациялар ва бошқа тўловларни тўлаш тижорат банки ва бошқа ихтисослашган ташкилотлар томонидан амалга оширилади.
Пенсия ва нафақаларни маҳалла фуқаролар йиғини биноси ёки фуқаронинг яшаш манзилига етказиб бериш шартларидан келиб чиқиб, хизмат ҳақи дифференциялашган тартибда пенсия ва нафақалар тўланадиган (етказиб берилган) сумманинг 1%игача миқдорда бўлиши мумкин. Пенсия ва нафақаларни етказиб бериш билан боғлиқ харажатлар Пенсия жамғармаси ва республика бюджети томонидан тўлаб берилади.
Соғлиқни сақлаш соҳасида штат бирликлари кенгайтирилади
Оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларда “тиббиёт бригадалари” фаолиятини йўлга қўйиш, шунингдек, аҳолига янада сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш қамровини кенгайтириш учун қўшимча 10 мингта ўрта тиббиёт ходимлари штатлари ажратилади.
Марказий туман (шаҳар) шифохоналарининг Давлат бюджетидан молиялаштириладиган амалдаги койкалар фондининг 10%и тўлов асосида тиббий хизматлар кўрсатишдан тушадиган бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига таъминланадиган койкалар фондига ўтказилади.
Паралимпиячилар учун коллежларда қўшимча квоталар
Олимпия захиралари коллежларининг паралимпия спорт турлари бўлимларига юборилаётган жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган спортчилар учун 5%гача қўшимча квоталар ажратилади.
Давлат спорт таълим муассасаларида паралимпия спорт турлари бўйича тренерларнинг лавозим маошини ҳисоблашда базавий тариф ставкалари 1,5 баравар миқдорда қўлланилади.
Чет тилини билганлик учун - устама
Хорижий тиллардан миллий ва халқаро сертификатга эга давлат бошқарув идораларининг барча бўғинлари ходимларига лавозим маошига нисбатан 20%гача қўшимча устама ташкилотларнинг бюджетдан ташқари ҳамда иш ҳақи фонди доирасида бюджет маблағлари ҳисобидан тўланади.
Бошқарувчи компаниялар олдидаги қарздорлик шартномада кўрсатилади
Нотариал идоралар томонидан мулкдорларнинг бошқарувчи олдида қарздорлиги мавжуд бўлган тақдирда, унинг миқдори уй-жойларга бўлган мулк ҳуқуқини расмийлаштиришда тегишли шартномада акс эттирилади. Янги мулкдор ушбу қарздорлик ҳақида огоҳлантирилади.
Концертга фақат НКМ чеки билан
Намойиш объектлари рўйхатига киритилган намойиш объектларида чипталар савдосини тегишли ягона электрон тизимга интеграция қилмаган ҳолда амалга ошириш НКМ ва ҳисоб-китоб терминалларини қўллаш тартибини бузиш деб баҳоланади.
Давлат хизматчилари даромад тўғрисидаги декларацияни тўлдирадилар
Давлат хизматчилари, давлат улуши 50%дан юқори бўлган ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари ва ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулки декларация қилиниши керак бўлади.
Давлат хизматчиларига республика ҳудудидан ташқарида ҳисобрақамлар очиш ва эгалик қилиш, нақд пул маблағларини сақлаш, кўчмас ва бошқа мол-мулкка эга бўлиш тақиқланади (хорижда ишлаётган давлат хизматчилари ва давлат хизматига киришдан олдин олинган мол-мулк бундан мустасно).
Автомототранспорт воситасини ижарага бериш шартномаси - нотариал тасдиқлашсиз
Жисмоний ва юридик шахслар томонидан автомототранспорт воситаларини электрон савдо платформасидаги электрон онлайн-аукцион йўли билан ижарага беришда шартномаларни нотариал тасдиқлаш талаби бекор қилинади. Бунда электрон онлайн-аукцион натижасига кўра расмийлаштирилган баённома ижара шартномаси кучига эга бўлади.
Тақдим этиладиган маълумотлар сони камаяди
Давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва давлат ташкилотлари томонидан аҳолидан, шу жумладан тадбиркорлик субъектларидан бир қатор маълумотлар ва ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинади.
Суд тизими рақамлаштирилмоқда
Суд қарорлари тарафларга онлайн тарзда, уларнинг илтимосномаси бўйича эса қоғоз шаклида тақдим этилади.
Судьялар олий мактабига унинг расмий сайти орқали ариза ва мурожаатлар йўлланади. Профессор-ўқитувчилар ва тингловчиларнинг электрон рейтинги, шунингдек судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш доирасида ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш курслари тингловчиларининг ўқув жараёнини онлайн тарзда назорат қилиш тартиби жорий этилади.
Тугалланмаган қурилишни молиялаштириш тўхтатилади
Қурилиш-монтаж ишлари якунланганлиги тўғрисида қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияларининг фойдаланишга рухсати олинмаган объектларни жорий сақлаш учун Давлат бюджетидан маблағлар ажратилиши тақиқланади.
Мажбуриятларини бажармаган шахслар билан ер ижараси шартномалари бекор қилинади
Кўп тармоқли фаолиятни ўзлаштирмаган фермер хўжаликлари билан тузилган ер ижараси шартномалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бекор қилинади.
Қарздорнинг мол-мулки ким ошди савдосида сотилади
Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш бўйича электрон онлайн аукционда сотувга қўйилган мол-мулк уни сотишдан тушган пул маблағлари ҳисобидан аукцион ғолибига қарзларсиз ва тақиқлардан ечилган ҳолда топширилади. Бунда, мол-мулкни сотишдан тушган пул маблағлари етарли бўлмаганда қарздорликни тўлаш мажбурияти унинг собиқ эгаси – қарздор зиммасида қолади.
Шартноманинг тарафи иккинчи тарафдан шартнома бўйича мажбуриятларни тўла ёки қисман бажаришини қабул қилган ёхуд шартноманинг амал қилишини бошқача тарзда тасдиқлаганда, ушбу шартномани кейинчалик ҳақиқий эмас деб топишни талаб қилишга, агар бундай талаб ҳалоллик принципига зид бўлса, ҳақли эмас.
Коммунал хизматлар кўрсатиш шартномаларни монополияга қарши курашиш органи текширади
Коммунал соҳа, энергия билан таъминлаш, алоқа хизмати, йўловчи ва юкларни ташиш ва бошқа шу каби катта ижтимоий аҳамиятга эга бўлган соҳаларда табиий монополия субъектлари томонидан ишлаб чиқилган оммавий шартномалар монополияга қарши курашиш органи билан келишилганидан сўнг истеъмолчилар билан тузилади.
Давлат хизматлари сони кўпаяди
Давлат хизматлари марказлари орқали қуйидаги хизматлар амалга оширилади:
Ўзбекистон фуқароси, республикада доимий яшовчи чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг идентификация ID-картасини ҳамда Ўзбекистон фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва бериш;
жисмоний шахсларга айрим фаолият турлари билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи малака сертификатларини бериш ҳамда уларни ушбу мақсадда аттестациядан ўтказиш. «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар