Фарғонада янги электропоезд йўлга тушди, имкониятлар кенгайди (фото)

Фото: Президент матбуот хизмати
Фарғона водийсида транспорт инфратузилмасини яхшилаш йўлида муҳим қадам ташланди. Андижон, Қўқон, Марғилон ва Наманган шаҳарларини боғловчи замонавий электропоезд қатнови расман ишга туширилди.
Мазкур йўналиш бўйлаб илк сафарни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев жамоатчилик вакиллари билан бирга амалга оширди. Давлат раҳбари Қўқондан Марғилонгача бўлган йўлни янги поездда босиб ўтиб, лойиҳанинг аҳамиятини алоҳида таъкидлади.

Ушбу ташаббус 2030 йилгача темирйўл транспортида маҳаллий йўналишларда йўловчи ташиш ҳажмини оширишга қаратилган қарор ижроси доирасида амалга оширилди. 324 километрлик темирйўл ҳалқаси водий шаҳарларини янада яқинлаштириб, аҳоли учун қулай ва арзон ҳаракат имкониятини тақдим этади.
Янги электропоезд маҳаллий ишлаб чиқариш — Тошкент йўловчи вагонлари заводида яратилган. Олти вагондан иборат таркиб 586 нафар йўловчига мўлжалланган бўлиб, соатига 120 км тезликкача ҳаракатлана олади.

Энг қизиғи — нархлар. Масалан, Қўқондан Марғилонгача сафар атиги 15 минг сўм. Бу автотранспортга нисбатан анча тежамкор ва қулай вариант ҳисобланади. Кунига 1,5 минг, йилига қарийб 600 минг нафар йўловчига хизмат кўрсатиш режалаштирилган.
Поезд ичи ҳам “level-up”: кондиционер, иқлим назорати, бепул Wi-Fi, USB-портлар — ҳаммаси бор. Ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус шароитлар, велосипедлар учун жойлар ҳам ташкил этилган. Хавфсизлик масаласи ҳам четда қолмаган — видеокузатув ва замонавий крэш-тизимлар ўрнатилган.

Йўл давомида президент ҳудуд фаоллари билан суҳбатлашиб, лойиҳанинг иқтисодий ва ижтимоий аҳамиятига тўхталди. Айниқса, бекатлар атрофида хизмат кўрсатиш, туризм ва кичик бизнесни ривожлантириш орқали янги иш ўринлари яратиш масаласига урғу берилди.
Қисқача айтганда, бу шунчаки поезд эмас — бу водий учун янги ритм. Энди масофалар қисқарди, имкониятлар эса катталашди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!