Навоийда ноқонуний олтин қазиш фош этилди

Навоийда давлат муҳофазасига олинган ҳудудда ноқонуний олтин қазиб олиш ҳолати аниқланди. 1986 йилда туғилган шахс “Сармишсой” дарасида 19 нафар ишчи билан бирга олтин қазиш ишларини олиб борган. Текширув давомида 6 кг олтин аралаш қум, кимёвий моддалар ва олтин эритиш жиҳозлари олинди. Давлат манфаатларига етказилган зарар 111 миллиард сўмдан ортиқни ташкил этган.
Навоий вилоятида давлат муҳофазасига олинган ҳудудда ноқонуний олтин қазиб олиш ҳолати аниқланиб, тегишли идоралар томонидан тўхтатилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги маълум қилди.
Маълумотларга кўра, 1986 йилда туғилган шахс Навбаҳор туманидаги “Сармишсой” дараси ҳудудидан олти гектарга яқин ер майдонини илгари аукцион орқали сотиб олган. Мазкур ҳудуд археологик ёдгорлик сифатида давлат муҳофазасига олинган бўлишига қарамай, у ерда ноқонуний қазиш ишлари олиб борилган.
Аниқланишича, у 19 нафар ишчини жалб қилиб, таркибида олтин мавжуд бўлган тош ва тупроқни қўлбола усулда қазиб олган ҳамда қайта ишлаш орқали олтин заррачаларини ажратиб чиққан.
Тезкор тадбирлар давомида ноқонуний цехдан:
- 6 кг олтин аралаш қум,
- 1 кг 400 гр кимёвий моддалар,
- олтин эритишга мўлжалланган жиҳозлар ва идишлар аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинди.
Шунингдек, 4 та юк машинаси ва 4 та юкловчи техника текширув учун жарима майдонига жойлаштирилди.
Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, давлат манфаатларига ва тарихий ҳудудга етказилган зарар 111 миллиард сўмдан ортиқни ташкил этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 196-2-моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.





























Изоҳлар 0
…