Машҳурлар билан боғлиқ воқеаларнинг талқини турлича бўлади. Оғиздан-оғизга кўчиш асносида, ҳикоячининг маҳорати, фантазиясига қараб, тафсилотлар ҳам ўзгариб боради. Мана шу воқеанинг ҳам интернетда бошқача талқинларини ўқидим, айтиш керак, улар ҳам жуда чиройли. Айниқса, Шерали ака шеърни оқ кўйлагига ёзиб олган жойи жуда таъсирли чиққан. Лекин мен бу ҳикояни ҳофизнинг ўзидан қандай эшитган бўлсам шундайлигича ёздим. Озгина жило бериб, нуқта-вергулини тўғриладим, холос. Ўқиганларга маъқул келса, хурсанд бўламан.
«...Тошкентда талабаман. Студентнинг ҳаётини биласиз, бир кун оч, бир кун тўқ. Чўнтакка бир оз барака кирсин, деб тўйларгаям чиқиб турамиз. Шундай тўйларнинг бирида шу маҳаллалик бир врач киши, ёш шоир Эркин Воҳидовнинг янги шеъри деб, «Ўзбегим»ни ўқиди (Ажабо! У пайтлардаги тўйларда шеърхонликлар ҳам бўларкан-да!)
Шеърни эшитдиму ҳаловатим йўқолди. Шу шеърни менга ёзиб беринг, ашула қиламан, деб бояги одамга чиппа ёпишволдим. Лекин у, шеър ҳали матбуотда чиқмаган, у-бу деб, ҳеч бергиси келмайди-да. Менам қўймадим. Охири, ёзиб беришга қоғоз йўқ, деб баҳона қилди. Ўша пайтларда тўйларда столнинг устига дастурхон ўрнига қалин, сарғиш қоғоз ёзишарди. Ўша қоғоздан каттагина парчасини шарт йиртдим-да, мана қоғоз, дедим. Иложсиз ёзиб берди. Ўша заҳоти тўғри нефть техникумининг ётоқхонасига пиёда жўнадим. У ерда қўқонлик оғайниларим туришарди.
Ярим кеча... Йўлда кетяпману хаёлимга ўз-ўзидан ашуланинг куйи келяпти. Ётоқхонага кириб, ўртоқларим билан кўришар-кўришмас, менга битта рубоб топиб беринглар, дедим. Рубоб обкелишди. Шундай кроватга ўтирдим-у, йўл бўйи кўнглимда пишириб келган ашулани айтдим. (Шу жойида Шерали ака, «бу ашуланинг биринчи эшитувчилари ўша қўқонлик баллар («баллар» сўзини соф қўқончасига айтадилар), сизнинг «земляк»ларингиз бўлган», деб куладилар).
«Ўзбегим»ни биринчи марта катта даврада айтишим ҳам қизиқ бўлган. Орадан уч-тўрт кун ўтиб, Эски шаҳарга тўйга бориб қолдик. Кундуз куни эди. Бошида менга навбат бермай туришди. У вақтлар тўйларда ашула айтилаётганда дастурхонга овқат тортилмас эди. Лекин тўйнинг бошқарувчиси менга айни ош тарқатилаётганда навбат берди. Ўша ердаги ашулачиларнинг торини сўраб олиб ўртага чиқдим.
Чиқдим-у, «Тарихингдур минг асрл-а-а-а-р», деб ниҳоятда баланд пардада бошладим. Ош тарқатаётган ўспиринлар, йигитлар қўлида лагани билан турган жойида қотиб қолишди. Ош еяётганлар ҳам тўхтади. Ўзим-чи, ўзим?! Ашулани айтяпман-у, хоҳ ишонинг-хоҳ ишонманг, ердан бир ярим-икки метр кўтарилиб, худди ҳавода муаллақ тургандайман.
Ашулани тугатганимдан кейин ҳамма уч-тўрт секундча жи-им турди-да, кейин бирданига қийқириқ бўп кетди. Очиғи, нима қилиб қўйдим экан, деб ўзим ҳам чўчиб кетдим. Ашулачиларга торини тутқаздим-у кўчага қараб югурдим. Ана шунақа бўлган бу ашуланинг тарихи», деб ҳикоясини якунлайди ҳофиз.
Мен эса Шер ака ўшанда бу қадар қийқириқ, хитобларга сабаб бўладиган нима қилиб қўйган эканлар, деб ўйга чўмаман. Ва жавобиниям топгандек бўламан: Шерали ака Худо берган истеъдоди, савқи табиийси билан битта эшитгандаёқ зўр шеърнинг қудратини ҳис қилиб, уни одамларнинг жон томирларини жимирлатиб юборадиган даражадаги ўлмас қўшиққа айлантириб қўйган эди ўшанда. Шу боис, мана, эллик йил бўляптики, ҳар гал «Ўзбегим» янграганида ўша хитоблар, ўша олқишлар қайта-қайта авжга чиқаверади.
(«Бир қўшиқ куйлайки...» китобидан) “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Мeтаболизм секинлашганининг белгилари
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
Ҳар пайшанба жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида белгиланади
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди