Ўзбекистон санъат оламида яна бир қувончли воқеа содир бўлди. Машҳур хонанда Лола юртимиз Президентимиз томонидан юксак давлат мукофоти — “Дўстлик” ордени билан тақдирланди. Бу ҳақда хонанданинг ўзи шахсий ижтимоий тармоқларида маълум қилди.
“Бугун мен Президентимиз қўлидан ‘Дўстлик’ орденини олдим! Бу мен учун улкан шараф ва катта масъулиятдир. Мен фахрни ҳис қиляпман ва чексиз миннатдорман”, — дея Лола самимий сўзларини изҳор қилди.
Унинг таъкидлашича, ижоди доимо одамларни бирлаштириш ва уларга илҳом бериш мақсадида хизмат қилиб келган. Шу боис, бу орден фақат шахсий ютуқ эмас, балки ўз орзуси йўлида ҳаракат қилаётган ва меҳнатини чин дилдан севган ҳар бир инсонга тегишли мукофотдир.
Лола мукофот орқали берилган ишончни беқиёс қўллаб-қувватлаш деб баҳолади ва бу эътироф уни янада масъулиятли қилиб, янги илҳом бағишлашини таъкидлади. Шу билан бирга, у оиласи, яқинлари, дўстлари ҳамда ўзини қўллаб-қувватлаган барча мухлисларига ҳам чуқур миннатдорчилик билдирди.
“Бугун мен ўзимни ниҳоятда бахтли ҳис қиляпман”, — деди Лола.
Бу воқеа юртимизда санъат ва маданият соҳаси вакилларига берилган юксак эътиборнинг ёрқин намунаси бўлди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!