Билиб-билмай хатоларга йўл қўямиз, кимнидир ноҳақ айблаймиз, кимгадир озор берамиз, ҳақини еймиз. Наздимизда хато деб билган ишимизни содир этгач дилимизда нимадир туғён қилади, ором бермай ғимирлайди. Бу ғимирлашни кимдир сезади, кимдир табиий ҳолатга йўяди, кимдир эса аҳамият бермай қўяқолади.
Инсон борки, хато қилади. Муҳими эса шу хатони тушуниб етиш, қилган ишимизнинг хато эканини идрок этишдир. Хўш, буни қандай англашимиз мумкин? Албатта, виждон орқали. Ўша кўксимизда ғимирлаган нарса ҳам виждон аслида. Агар у бўлмаса, ғимирлаб турмаса, инсоннинг инсонлиги қолармиди?
Ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад ўзининг «Сўроқ» номли қиссаси орқали ўқувчиларга айнан виждон нима эканини, у эгасини сўроққа тутган пайт қандай ҳолатга тушишимизни, сўроқдан муваффақиятли ўтишимиз учун эса қандай яшашимиз лозимлигини тушунтирмоқчи бўлади.
Сюжет:
Асарнинг бош қаҳрамони Бозорбой. У оддий тракторчи. Яқинда Шабнам исмли қизга уйланган. Тўй сабаб шунчалар қарзга ботадики, ҳозирги топиши билан қарзларини 7 йилда узиши мумкин эди, холос. Шу сабаб пахта заводида тузукроқ амалдаги Аминвойдан илтимос қилиб, юкчиликка тайинланади. Шабнам ҳомиладор бўлади. Аммо ой-куни етса ҳамки, ҳа деганда туғавермайди. Бола 12 ойга қараб ўтиб кетади.
Бозорбой ҳориб-толиб кечаси ишдан қайтарди. Бир кун дарвозасидан кирай деганда тепадан нур тушади. Нурдан эса одамсимон махлуқлар чиқиб келишади. Бозорбойдан ҳол-аҳвол сўрашади. Турли саволлар беришади. Нурни кўрган қўшнилар шу томонга келишаётганини кўрган махлуқлар кетишга мажбур бўлишади.
Эртасига Пахтақайнар қишлоғида шов-шув тарқалади. Бозорбой машҳур бўлиб кетади. Ҳамма ундан воқеани батафсил ҳикоя қилишини истарди. Бозорбой ҳам бундан эринмасди.
Бир кун Бозорбой пахта заводида эканида махлуқлар яна келиб, сўроқ қилишни бошлайди. Бу жараёнга тасодифан 12 фарзандли Нарзиқул амаки ҳам аралашиб қолади. Бозорбойнинг ёнига келган амакиниям сўроққа тутиб кетишади. Азбаройи қўрққан Нарзиқул амаки касалхонага тушиб қолади. Одамлар орасида, айниқса, раҳбарлар ичида ваҳима кўтарилиб кетади. Чунки махлуқлар энди раҳбарларниям саволга тутишаётганди-да.
Келгиндилар қўшни қишлоққа уй қуриб, жойлашиб олганлиги, ҳар бир одамни сўроқдан ўтказаётгани ҳақида миш-миш урчийди. Ваҳима, қўрқув шу даражага етадики, раҳбарлар тамоман довдираб қолади. Баъзилари жонига қасд қила бошлайди. Биргина Бозорбой негадир қўрқмас, ҳайиқмас, ҳатто келгиндилар унга бир қадар яқин бўлиб қолгандек эди. У фақат фарзанди туғилмаётганидан хавфсирарди.
Атрофига назар ташлаб фикр қилган Бозорбой энг тўғри хулосага келади: aгар инсон ўзини ўзи тергаб яшаса, ўзи берган саволларга жавоб беролса, келгиндилардан қўрқмаса ҳам бўлади. Берадиган саволларга жавоб бероладиган даражада тўғри яшаса, хотиржам бўла олади. Туғилажак фарзандлар ҳам хотиржам туғилади. Ўзи билан ўзи сўроқ-савол қилолмаган инсон бошқасининг саволидан юрак ёрилгудек даражада қўрқаверади. Туғилажак фарзанди ҳам қўрқоқлар ичига тушгиси йўқ. Тушгудек бўлса, тинч муҳитда, қўрқмас бўлиб туғилиши, умри давомида саволлар ила ўзини тафтиш қилиб яшашни ўрганиши лозим…
Таҳлил:
Учар ликопчада келган ўзга сайёраликларни кўп эшитганмиз. Ёзувчи айнан шу мотив орқали асарда виждон терговчилари образини шакллантирган. Одамсифат махлуқлар келиб, одамларнинг виждонини тергаётганди. Қишлоқ аҳлидан тортиб, раҳбарларгача шу сабабдан ҳам қўрқиб кетади.
Инсон билиб-билмай хатоларга йўл қўяди. Агар бутун ҳаётимизнинг лаҳзасигача видеога олиниб, жамоа олдида кўриш керак бўлса кўролмасдик. Ҳар кимнинг ўзига яраша ҳеч кимга аён бўлмаган сирлари мавжуд.
Масалан, асардаги раҳбарлардан тортиб Нарзиқул амакигача бўлган одамларнинг заводда амалга оширадиган қинғир ишлари бор эди. Раҳматов, Давлатов, Аминбой сингари кимсалар қурсоғи йўлида бундай чиркин ишларни қилса, Нарзиқуллар эса ноиложликдан аралашиб юрарди. Аммо Нарзиқул каби «кичик одамча»ларнинг виждони қотиб улгурмаган эди. Шу сабабдан ҳам у бошқалардан кўпроқ қўрқувга тушиб, ақлдан озай деганди. Чунки ундайларнинг асл фитрати тоза бўлади. Нопок ишларнинг заррасида ундайларни даҳшатга солади.
Ҳали ундай нопокликларга аралашиб улгурмаган, софлиги йўқолмаган, содда Бозорбойгина махлуқлардан қўрқмайди. Бошқаларнинг ваҳимасидан ҳам ҳайрон бўлади. Чунки унинг виждони тоза, биров билишидан қўрқадиган ҳеч қандай сири йўқ эди. Хайратлана-хайратлана тушунадики, ҳамма ҳам ўзи сингари пок эмас экан. Ҳар кимнинг бир-биридан яширган сири, қўл урган нопокликлари бор экан.
Бундан ташқари, асарда халқимизнинг тўй-ҳашамга ортиқча маблағ сарф қилиб, қарзга ботиб қолиши, қарздан қутуламан деб виждонига хилоф иш тутиб қўйиши Нарзиқул ва Бозорбой тимсолида кўрсатиб берилган. Тракторчи ҳолатида қарзларини 7 йил давомида узоладиган даражага чиқиш учун одам қандай тўй қилиши керак? Нарзиқул амаки ўғил уйлаб, қиз чиқарадиган эди. Албатта, унга ҳам маблағ зарур. Оддий ойликка тўй қилиб бўлармиди…
Агар умри давомида инсон босган қадамини сарҳисоб қилса, доимий тафтиш этса, тўғри йўлдан оғишмайди. Тўғри йўлдаги кимсалар эса катта хатоларга йўл қўймайди. Ундай кишилар кетидан кимдир келиб текширгудек бўлса хотиржамлиги бузилмайди. Чунки унинг ташқи саволларга берадиган жавоблари аниқ.
Энг оғир жанг ўзинг билан бўладиган жанг, энг оғир тергов ўзинг билан қилинадиган тергов. Бошқасидан нималарнидир яшириб қолишинг мумкиндир, аммо ўзингдан яширолмайсан, ўзингдан қочолмайсан.
Оддий аҳоли майли, аммо аҳоли бошида турган «катталар» ўз-ўзини тафтиш қилса, виждони билан «сўзлашиб» турса, юрт обод, чин маънода келажак порлоқ бўлган бўларди…
Гуласал Қодирова, китобхон
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг