Critics Choice Awards 2026: асосий совринлар “Битва за битвой”га насиб этди

2026 йил 5 январга ўтар кечаси кинематография оламидаги нуфузли тадбирлардан бири — Critics Choice Awards 2026 тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Ушбу кечанинг энг катта ғолиби сифатида “Битва за битвой” фильми эътироф этилди. Картина дарҳол учта асосий йўналишда — энг яхши фильм, энг яхши режиссура ҳамда энг яхши мослаштирилган сценарий номинацияларида ғалаба қозониб, маросим марказига айланди.
Совринлар сони бўйича эса “Франкенштейн” ва “Грешники” фильмлари етакчи бўлди. Ҳар икки картина тўрттадан ҳайкалчага сазовор бўлди. Шунга қарамасдан, энг нуфузли ва асосий тоифалардаги мукофотлар айнан “Битва за битвой” ижодкорларига насиб этди.
Йилнинг энг яхши режиссёри сифатида Пол Томас Андерсон тан олинди. Унинг иши ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳоланди. Энг яхши эркак роли учун мукофот “Марти Великолепний” фильмидаги ижроси билан Тимоти Шаламе қўлига топширилди. Актрисалар ўртасида эса “Гамнет” фильмидаги роли учун Жесси Бакли ғолиб деб топилди. Ушбу фильм Хлои Чжао томонидан суратга олингани билан ҳам алоҳида эътиборга тушди.
Иккинчи даражали роллар бўйича мукофотлар ҳам ўз эгаларига етди. Эркак ролда Жейкоб Элорди (“Франкенштейн”), аёл ролда эса Эми Медиган (“Орудия”) ҳакамлар эътирофига сазовор бўлди.
Сериаллар йўналишида энг ёрқин натижани “Переходний возраст” мини-сериали қайд этди. У тўртта мукофотни қўлга киритиб, жумладан, мини-сериал форматидаги энг яхши роллар номинацияларида ҳам ғалаба қозонди. Энг яхши драматик сериал сифатида “Болница Питт”, энг яхши комедик сериал сифатида эса “Киностудия” тан олинди.
Хорижий тилдаги энг яхши сериал деб “Игра в калмара” эътироф этилган бўлса, анимацион йўналишда “Южний парк” ғолиб бўлди.
Қайд этиш жоизки, Critics Choice Awards кино ва сериаллар мавсумидаги энг муҳим маросимлардан бири ҳисобланади. У кўп ҳолларда “Оскар” тақдирлаш маросими олдидан асосий фаворитларни аниқлаб берувчи ишончли мезон сифатида қаралади. Шу боис, бу йилги натижалар ҳам кино мухлислари ва мутахассислар томонидан катта қизиқиш билан кузатилди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!