date

Еттита помидор мемига айланган актёр: “Образим ҳаётдан олинган“

Еттита помидор мемига айланган актёр: “Образим ҳаётдан олинган“

“Iқрор” теленовелласидаги “еттита помидор” саҳнаси билан кенг муҳокамаларга сабаб бўлган театр ва кино актёри Дилмурод Узоқов YouTube’даги “Интервью Тв” каналига интервью берди. Суҳбатда у мижғов қайнота образи қандай туғилгани, рол нега “мем”га айлангани ва ижодда ҳаёт кузатувларининг ўрни ҳақида очиқ гапирди.

Актёрнинг айтишича, ҳақиқий ижро — шунчаки матнни ёдлаб айтиш эмас, балки сценарийдаги персонажнинг характери, ёши ва ҳаёт йўлини актёрнинг ўзига “сингдириб”, образни жонлантиришдир. Шу сабаб у мижғов қайнота ролида ҳаётда танийдиган инсоннинг феъл-атвори, мимикаси ва одатларини ишлатганини таъкидлайди.

— Помидор деган гап бўлса, дарров мени эслашади. Ҳамма куляпти, лекин тагида катта маъно бор. Чунки мен ҳаётда бор, ўзим танийдиган инсоннинг образини ижро этдим, — дейди Дилмурод Узоқов.

У образнинг пайдо бўлишига туртки бўлган воқеани ҳам эслайди: бир хонадонда икки уста ишлаётган пайт келин саккиз кишилик дастурхон тайёрлаб қўйган. Шунда хонадондаги киши келинга: “Келин, бунақада усталар 10 кун ишлайдими, дейман”, деган. Актёр ана шу “мижғовлик” ва майда ҳисоб-китобга ўрганган характерни саҳнага мослаб олиб чиққан.

Суҳбатда гонорар масаласига ҳам тўхталинди. Унинг айтишича, теленовеллаларда ўйнаган роллари учун одатда бир хил ҳақ тўланади — бир новелла учун 700—800 минг сўм атрофида. Бироқ у асосий даромади бундан эмаслигини, институтда ҳам ишлашини айтади. Ҳатто мижғов қайнота роли учун гонорар бўлмаса ҳам бу образни барибир ўйнашини таъкидлаб, “актёр доим роль ўйнаб туриши керак” деган фикрни илгари суради.

Дилмурод Узоқов ҳаётидаги шахсий хотирани ҳам бўлишди: ўғли кичик вақтида Навоий кўчасида ярмаркада велосипедда расмга тушгани, ўша пайтда “бир кун келиб шу ерларда яшасам” деб хаёл қилгани, кейин эса 1999 йилда худди ўша жойдан уй олгани ва хаёлларининг амалга ошганини эслади.

Актёрнинг таъкидича, “ҳамма гап помидорда эмас”, асосийси — томошабин таний оладиган, ҳаётда учрайдиган қаҳрамонни аниқ-тиниқ қилиб гавдалантиришда. Шунинг учун ҳам “еттита помидор” саҳнаси ҳазилдан ташқари, реал характернинг ўзи билан ҳам одамларнинг ёдида қолган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Маданият » Еттита помидор мемига айланган актёр: “Образим ҳаётдан олинган“