Хидео Кодзима: ижод мен учун яшаш тарзи

Афсонавий геймдизайнер Хидео Кодзима ижодга муносабати ҳақида гапириб, уни ноодатий истеъдод сифатида кўрмаслигини айтди. Унинг фикрича, янги ғоялар яратиш жараёни кундалик эҳтиёжлар — ухлаш ёки овқатланиш каби табиий ҳолат. Бу ҳақда playground.ru хабар беради.
Кодзима Wired нашрига берган интервьюсида мухлислар саволларига жавоб қилар экан, ундан креативликни касбий эмас, инсоний маънода қандай тушуниши сўралди. У аниқ, ҳаммага мос таъриф бериш қийинлигини тан олган бўлса-да, ўзи учун ижод “алоҳида кайфият” ҳам, камёб совға ҳам эмаслигини таъкидлади.
Муаллифнинг айтишича, у уйғонган заҳоти фикрлаш режимига киради ва уйқуға кетгунча тўхтамайди. Ғоя пайдо бўлиши билан уни дарҳол кўз олдига келтиради, концепсия сифатида шакллантиради ва имкони қадар тезроқ амалий ишга айлантиришга уринади.
Кодзима бундай тафаккур усули фақат унга хос эмас, кўплаб ижодкорларда учрашини ҳам қўшимча қилди. Унингча, ижодий фикрлаш доимий жараён бўлиб, одамни олдинга етаклайдиган ички механизмга ўхшайди.
Шунингдек, у ижодни кундалик ҳаётидан олиб ташласа, одатдаги ритмда яшашнинг ўзи қийинлашишини айтди. Кодзимага кўра, ижод унинг шахсиятига “ўрнатилган” ва шу боис у буни алоҳида ҳайратга лойиқ ноёб ҳодиса сифатида қабул қилмайди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!