12:30 / 08.07.2017
8 826

Озодбек Назарбеков «кўча қўшиқлари», мумтоз оҳанглар, маънавиятсиз санъаткорлар ва ҳамма «дод» деб юборадиган ҳолат ҳақида

Озодбек Назарбеков «кўча қўшиқлари», мумтоз оҳанглар, маънавиятсиз санъаткорлар ва ҳамма «дод» деб юборадиган ҳолат ҳақида
Қўшиқчилик санъатимиз хазинаси жуда бой. Кўп асрлик мусиқий меросимиз йўқолиб кетмаслиги учун мумтоз оҳанглар уйғунлигида бастакору хонандалар янги-янги қўшиқлар яратиб келмоқда. Яхши қўшиққа эса ҳамиша эҳтиёж катта. Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков куйлаган қўшиқлар нафақат миллий байрамларимиз, балки тўй-тантаналаримизга ҳам файзу тароват бағишлаб турибди. У ўзига хос хониш билан мумтоз шеъриятимизнинг дурдоналаридан бўлмиш Бобур Мирзо ғазаллари асосида айтган ашулалари элга манзур бўлди. Яхши қўшиқ яратиш учун, ҳеч шубҳасиз, истеъдод керак, лекин ўз ижро талқинига эга бўлиш, айниқса, мумтоз ашулаларнинг матнини тўғри ва аниқ талаффуз қилиш, шунга қараб овоз диапазонини созлаш учун истеъдоднинг ўзигина кифоя қилмайди, чуқур билим ва меҳнат ҳам керак.

– Истеъдод Яратган томондан инсонга берилган илоҳий неъмат. Бу кучни тўғри йўлга бошқариш учун ўткир зеҳн ва имкон керак. Мени санъатга етаклаган қудрат ҳам мусиқага бўлган чексиз меҳрим – ўзига тортган, сеҳрлаган ва ҳаётим мазмунига айланган, – дейди биз билан суҳбатда эл ардоғидаги санъаткор Озодбек Назарбеков. – Оиламизда санъаткор бўлмагани учун ота-онам мени турли соҳаларга йўналтирган. Лекин қалбим доим санъат билан урган, қачондир, қаердадир орзуларим ушалишига ишонганман, юракдан куйлашга ҳаракат қилганман, овозим қалбларга етиб боришига умид боғлаганман. Болалик ва ўсмирлик чоғларим кечган водий азалдан олиму шоирлар, санъат усталари, ҳунарманд ва рассомларнинг бешигини тебратиб келган. Шаҳрихондаги косиблар маҳалласидан тортиб, тандир-ўчоқчи, пичоқчиларнинг устахоналаригача бориб, уларга шогирд тушганим, ижодидан илҳомланиб қўшиқ хиргойи қилганларим, борган сари санъат кучини ҳис этганим – ўн беш ёшимда қўшиқчи бўлишим кераклигини узил-кесил ҳал қилишимга мадад берган. Тўғри, қўл ҳунарининг ҳам ўзига хос жозибаси бор. Айниқса, усталар ясаган буюмлар табиийлиги билан бетакрор. Қўшиқ эса бошқа бир олам.

Санъатнинг қайси йўналишида куйлашингиздан қатъий назар, қўшиқдан қўшиққа юксалиб борасиз, ҳар бир қўшиқ мўъжизалар мўъжизаси бўлиб туйилаверади. Устоз санъаткорларнинг ижод мактабидан баҳраманд бўлиб, улардан ўрганган ашула ва ижро йўлларини ўз овозим билан бойитишга ҳаракат қиляпман. Агар ижод йўлида қандай муваффақиятга эришган бўлсам, аввало, ҳунар ўрганиш жараёнида одамларнинг маънавий эҳтиёжи, ички дунёси ва орзу-умидларининг ичида яшаганим, ўзимни бутунлай санъатга топширганимда, деб биламан. Ҳар бир қўшиғим аввалгисидан яхшироқ, буниси ундан ҳам кучлироқ бўлиши, эшитган одамнинг дили, вужуди, руҳини кўтариши учун изланаман. Илҳом манбаи халқим. Ўзидан олиб кучни ўзига бериш – қалбимга чексиз қувонч бағишлайди.

– Санъаткорнинг жамият олдидаги вазифаси ҳам буюк. Эл-юрт шарафига эса қўшиқчилик тақдирига ёзилган, ҳаёт синовларига енгилмаган, оғир кунларига чидаган инсонгина муносиб кўрилади. Буни ўзига ёрлиқ қилиб, айни чоғда, санъаткор бўлолмасдан умрини беҳуда совураётганлар ҳам йўқ эмас. Лекин сиз Худо берган истеъдод ва машаққатли йўллар билан шу кунларга етиб келганингизни яхши биламиз. Бугун ана шу юксак шаънни ҳимоя қилиш ҳам осон бўлмаётгани, бунинг замирида Ватанга чексиз муҳаббат, санъатга бахшида умр, қолаверса, катта фидойилик ётгани ҳақида сўзлаб берсангиз.

– Полвонлар элу юрт шаъни билан бирга, ўзининг ор-номусини ҳам ҳимоя қилиш учун майдонга тушади. Ижод майдонига шунчаки ҳордиқ чиқариш ёки сайр қилиш эмас, кўчадаги шовқинлардан қудратли, сўздан ҳам кучлироқ туйғуларни олий даражага олиб чиқиш, санъатнинг сеҳри, жозибаси, илоҳий мўъжизасини қалбларга олиб кириш учун кирилади. Хизматимизнинг буюклиги ҳам айнан – шунда. Бу йўлда садоқат ҳам, хиёнат ҳам бир қадам туради. У ёки бу сабаб эл назарига тушиш ёхуд бундан мосуво бўлиб қолиш ҳеч гап эмас. Чунки ҳар бир қўшиқ санъаткорнинг маънавий қиёфасини белгилайди. Тил, маданият, адабиёт ва санъатдаги ўзгаришлар миллионларнинг дид ва савиясига қайсидир маънода таъсир кўрсатиши мумкин. Гоҳида ўйлаб қоламан: вақт ўтиб, биз куйлаган қўшиқлар мусиқа меросимиздан муносиб жой олармикан?! Бугун тингловчига ўзи қандай куй-қўшиқлар ёқади? Мумтозми, анъанавийми, замонавий?

Йиллар, асрлар ўтиб, қай бири боқий қолади, қайсиниси унутилиб кетади?! Турфа хаёллар билан санъатга, маданиятга муносабати юксалиб бораётган халқнинг маънавий эҳтиёжлари билан қизиқаман. Тўғри, ҳамманинг бир хил кўнглини олиш қийин. Лекин санъаткор ўз номи билан санъаткор! Саҳна, ижод, ҳаётда бўладими, бундан қатъи назар, одамлар тафаккурида нохуш из қолдирадиган хатти-ҳаракатлар қилиш – бизга эътиқод қўйган мухлисларга хиёнат, деб биламан. Чунки халқимиз ўзининг пешқадамларини баланд эътиқод билан яхши кўради, ижодини катта қизиқиш билан кузатиб боради. Масалан, қувончли кунларида хизматга борганимизда, оёғимиз остида қўй суйишлари ёки эндигина туғилган чақалоғини қўлимизга беришлари, шахсан таниш бўлмасада, исмимизни ҳавас билан фарзандига қўйишлари – қайси миллатда бор бунақа меҳр-оқибат!

Елкамизда ана шу соф туйғуларга хиёнат қилмаслик бурчи ҳам турибди. Кўпинча ёш санъаткорлар бунга нописанд қараши ёки бундан ҳаддидан ошиб кетиши – бошқаларни ҳам бебурд қилиб қўяяпти. Баъзида эса мухлислар ҳақиқатнинг тагига чуқур етиб бормасдан, ўзи қадрлаб келган санъаткорни эл-юрт олдида ноқулай вазиятга солиб қўяётгани ҳафсаламизни пир қилади. Бир қараганда, босиқлик, хушмуомалалик, фидойилик, олижаноблик осондек туюлади. Лекин бу ҳаётдаги энг мушкул ва жуда зарур бўлган инсоний фазилатлардан бири. Айниқса, санъаткорнинг иродаси пўлатдан бўлиши керак. Тақдир бизга шунча обрў-эътибор, эл назарига тушишдек бахтни насиб қилган экан, замондошларимиз талаби, ҳа, талабидан келиб чиққан ҳолда ижод қилишга мажбурмиз. Лозим топилганда, ўзимизнинг ҳою ҳаваслардан баландда туриб, оромдан кечиб бўлсада, фақат гўзал куй ва қўшиқларни ҳукмига ҳавола этишдан тўхтамаслигимиз керак.

Биздан қоладиган нарса шу! Айримлар бунинг моҳиятига етмасдан: «…мен эркин одамман, саҳнага ўзим истаган кийимда чиқаман ёки хоҳлаган гапимни гапираман», деб ўз билганидан қолмаслиги тарбиясизликдан бошқа нарса эмас. Ясамалик, сунъийлик, кибр-ҳаво инсонга ҳеч қачон обрў келтирмаган, бундан кейин ҳам келтирмайди.

Истиқлол шарофати билан халқимизнинг буюк орзулари ушалди. Дунёга ўзлигимизни намоён этиш учун жаҳон дарвозалари очилди. Бу эшиклардан илм, фан, техника янгиликлари билан бирга, «оммавий маданият» ниқоби остида маънавиятимизга ёт тушунчалар, бепарда мусиқий оҳанглар, қилиқлар, ўта замонавий кийимлар ҳам кириб келгани ҳеч кимга сир эмас. Ёшларимиз барчасини кўр-кўрона ўзида синаб кўраётгани, эҳтиросу жазаваларга берилиб саҳнадан тортиб, экрангача олиб чиқаётгани, бундан ҳатто ота-оналари ҳам хижолат чекаётгани ташвишланарли ҳол, албатта. Бунга қатъиян йўл қўймаслигимиз керак. Ҳали ҳам имкон бор. Агар “Ўзбекконцерт” қошида маънавият курси ташкил этилиб, унга маънавиятимизнинг тарғиботчилари таклиф қилинса, улар ёш эстрада хонандалари билан мунтазам равишда мулоқот олиб боришса, бундай бемаъниликлар ўз-ўзидан барҳам топишига ишонаман. Санъатни севган инсондан ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди. Вазифамизнинг улуғлиги ҳам шунда.

– Бугун қўшиқчиликка катта санъат чўққисидан қаралаётгани бежиз эмас. Сиз каби эртаси бор санъаткорлар кўп. Лекин аксариятида сўзни ҳис қилиш, ундан ўз ўрнида фойдаланиш маҳорати етишмаслиги четдан қараган одамга билинади. Буни мусиқа оҳанги ёки рақс билан ўтказиб юбориш мумкин. Аммо кўнгилга ўтирмаган нарса барибир тўқмоқдек тураверади. Бу бошқаларни ҳам чалғитиши мумкин. Сиз юқорида таъкидлагандек, айрим ёшларимиз эшик очилган пайтда санъатга кириб келган ҳар хил услубларни қай бири қизиқроқ, қайсини халқ тезроқ қабул қилади, дея шошилиб, сўз, овоз устида ишламай қўйди. Асосан, уларни мусиқий ритмлар тортиб кетаяпти. Боз устига, бу куйлар ҳам ўзимизники эмас.

– Бунга жавоб бериш анча мушкул, негаки, бу гаплар ҳақиқат, жуда кўп муҳокама қилинган, аммо ҳалигача ижобий тасдиғини топмаган. Бугун санъат аҳли ўз ижоди билан маънавиятимизнинг юксалишига хизмат қиляптими ёки саёзлашиб кетишига, деган саволни аввало, ҳар биримиз ўзимизга беришимиз керак. Жамият олдидаги бурчимиз ҳаётдан доим олдинда юриш, замон билан ҳамнафас ижод қилишдан иборат. Хўш, бу вазифани ким қандай бажараяпти?! ўалвир сувдан кўтарилганда, яна кимдир дакки эшитади, литсензияси олиб қўйилади, кўпларнинг бундан норози экани юзидан сезилиб туради. Нега шунча қатъий чоралар билан ҳам соҳамиздаги камчиликлар бартараф бўлмаяпти? Кейинги йил, ундан янаги йил ёш санъаткорлар яна шу муаммо билан келяпти, матбуот ҳам бу масала билан жиддий шуғулланаяпти, лекин барча ҳаракатлар зоэ кетаяпти.

Менимча, бу тангликдан чиқишнинг бир йўли бор. Аниқ таклифга ўтсак, юртимизда қанчадан-қанча овоз ёзиш студиялари фаолият кўрсатиб келмоқда. Бунга жойлардаги мутасаддилар рухсатнома берган, лекин бу ерда тайёрланаётган СД ва ДВД албомларнинг сифати билан шунчаки йўлигагина ҳам қизиқишмайди. Уларга фақат студиялардан келадиган даромад муҳим, «кўча қўшиқлари» учун “Ўзбекконцерт” жавобгар бўлиб қоляпти. Унга эса маза-матрасиз хиргойиларни доим назорат қилиб бориш учун ваколат берилмаган. Назаримда, республикамиздаги барча овоз ёзиш студияларини “Ўзбекконцерт” ўз ихтиёрига олгани маъқул. Майли, ҳокимият тадбиркорликни йўлга қўйиш, бўш дискларни кўпайтириш учун литсензия бераверсин, аммо ичидаги маҳсулот учун “Ўзбекконцерт” рухсатнома бериши шарт. Агар ижодий студиялар низомига ўзгартириш киритиб, ўша ердан бир шоир, бир бастакор, бир муҳаррир маош оладиган даражада қанча тез шароит яратиб берилса, шунча чалажон қўшиқлар туғилмасдан бартараф этилади.

Санъат ҳақида ҳали дунёқараши шаклланмаган, ижод майдонига энди кириб келаётган ёшлардан чинакам санъат, катта маданият, умуман, етук шахсни талаб қилиш бефойда, деб ўйлайман. Улардан талаб қилинса, булар бир нарсани билади, демак, қаэрдадир камчилигим бор демасдан, “бунинг нимаси ёмон, ҳамма ўзи қўшиқ ёзиб, ўзи клип олиб, ўзи оммага тарқатаётган бўлса”, деган турфа хаёллар билан эътироз билдириши тайин. Билмайдики, бугун оммавий бўлиб тингланаётган нарсани эртага биров эшитадими, эшитмай қўйса ҳам унга ҳеч нарса эмас. Радио, телевидение бермаса, интернет бор. Виртуал оламда эса назорат йўқ. Қўшиқ тарқатишнинг имконияти чексиз ва йўллари кўп. Агар уларни овоз ёзиш студияларида тарбиялаб борсак, бир-икки йил ичида бугунги аҳвол ўнгланиб кетади.

– Юртимизда уч юздан ортиқ мусиқа мактаблари, қанча маданият ва санъат коллежлари, олий ўқув юртлари мавжуд. Уларда оддий болалар таҳсил олаётгани йўқ. Ҳаммани норози қилаётган ана шу муаммоларни ўша ерда ҳал қилишнинг иложи борми? Агар бўлса, бунга нима халақит бераяпти?
– Албатта, санъат таълим масканларида истеъдодли болалар таҳсил олаяпти, лекин шундай қобилият эгалари ҳам борки, уларга ёшлигидан эътибор берилмаган. Дейлик, бунга оилавий шароити йўл қўймаган. У ўн саккизга кирганда, санъаткор бўлишга аҳд қилди. Туғма талант, мусиқага меҳри баланд, санъатни ҳаётидан ортиқ севади, шундан бошқа касб қўлидан келмайди. Радио, телевидениега чиқолмаса ҳам тўйларда ёки шунчаки ижодий давраларда қўшиқ айтиб ўзи учун ўзи курашиб юрибди. Агар у ўзини санъатга бағишлайман деса, биз унинг йўлини тўсолмаймиз. Гарчи илми, савияси, маҳорати юксак даражада бўлмасада, унда бир гап бор. Эҳтимол, ўша санъаткор олис келажакка етиб борадиган қўшиқлар яратиб, санъатимиз обрў-эътиборини юксакка кўтарар. Биз буни ҳам билмаймиз. Яна ўша гап.

Агар уларни жойлардаги овоз ёзиш студияларида тарбиялаб борсак, яхши қўшиқлар кўпайиши, ижодий жараён ҳам ўнгланиб кетиши мумкин. Улар хом-хатала нарсалари билан даврамизга суқилиб кирмасдан туриб, ёнимизга чорласак, тингласак, тарбияласак, қўлласак, асрасак, ўзи йўлини топиб кетади. Азалдан Шарқда ўқиганлардан шогирд тушган санъаткорлар пешқадам бўлиб келган. Чунки улар ота-боболари қонидаги санъатни юзага олиб чиқади. Мана сиз ҳам мумтоз оҳангдаги ашулалар боқийлиги ҳақида гапираяпсиз, лекин мени кўпроқ буларни маромига етказиб куйлайдиган санъаткорлар қолдими, деган савол қийнайди. «Ушшоқ», «Дугоҳ», «Сегоҳ», «Гулузорим»ларни қизғониб ўзимизники деганимиз билан теранлигини англамасак, бундан бизга қандай наф бор? Афсус билан айтаманки, мумтоз куй ва ашулаларимиздан узоқлашиб кетаяпмиз. Чунки қойил қилиб ижро этадиганлар кам.

– Тўғри, ҳозир мумтоз оҳангдаги ашулаларни бошқани қўя туринг, ҳатто ўзимиз ҳам эшитмай қўйдик. Наҳотки, миллий оҳангларимизни тушунмай қолиш даражасида савиямиз тушиб кетган бўлса?! Ота-боболаримиздан қолган пластинкаларни асраб юрганимиз билан уни тингламасак, англамасак, ким тинглайди, ким англайди? Нега ўзлигимизни сақлаб қолишга ҳаракат қилмаяпмиз?

– Жуда оғриқли, аламли, юрак қони билан яралган оҳанглар, не-не заҳматлар эвазига халқимизга қайтарилган шундай бой хазинага ҳеч ким интилмаса! Худо берган санъатимиз бор, бундан унумли фойдалана олмаяпмиз. Айниқса, мақом йўналишидаги ашулалар жар ёқасига келиб қолди. Ҳозир буни тушунадиган, ижро этадиган санъаткорларни тарбиялаш осонмас. Лекин айтиб қўяй, болалигимизда тўйга борсак, ўлдим деганда, беш-олтита мумтоз ашула айтиларди. Меҳмонлар оҳангига чайқалиб ўтирар, ўртада озгина ўйин-кулги бўлар, ундан кейин яна классикага ўтиларди. Ҳамма бу қўшиқларни теран англаб етмасада, ҳофизларимиз жон-жаҳони билан куйларди. Ҳар ҳолда, мен шундай ижодий муҳитда улғайганман. Уларга ғойибона эргашганим анъанавий ижро йўлини танлашимда қандайдир кўприк бўлган.

Ҳозир бу нарсалар «урф»дан чиқиб кетди. Оддий мисол, ҳозир тўйга бориб, «Қора кўзим» ёки “ўамзасин севдинг кўнгул”ни айтишдан бошласак, меҳмонлар ҳар томонга тарқаб кетади. Бошқани қўя туринг, мумтоз оҳангдаги ашулаларимизни ҳатто ўзимиз ҳам эшитмай қўяётганимиз ҳақ гап. Чунки мақом битта доира билан танбурда қолиб кетди. Масалан, опера санъати дунёга келган пайтида ҳам замонавий чолғу асбоблари бўлмаган. Лекин у йиллар давомида оркестр билан замонавий қилиб кийинтирилди. Агар мақомимиз ҳам оркестрга ўтказилиб, миллий куйларимиздан бирортасини юзта скрипкачи чалсин, ҳамма «дод» деб юборади. Дунёдаги машҳур санъат саройлари — “Ла Скала” дейсизми, «Кремл театри»ми, бундан қатъи назар, мумтоз куйларимизни ғарбликлар ҳам яхши кўриб эшитадиган ҳолатга келади.

Ўзининг миллий куй-қўшиқлари, чолғу асбобларига эга бўлгани билан Озарбойжон, Эрон, Ҳиндистон ҳам замонавий санъат асбобларидан ўз ўрнида фойдаланяпти. Ҳатто араблар мумтоз қўшиқларини оркестр жўрлигида ижро этяпти. Бизнинг бошқалардан нима камимиз бор десак, миллий оҳангларимизни жойига қўйиб куйлаш, авж пардаси қаэрда кўтарилиши ёки мусиқий ритми жойлашишини билиш учун миллий ноталарга эҳтиёж сезилади. Бир пайтлар Форобий бобомиз бизга буни яратиб берганди, фақат қоғозда сақланиб қолмаган. ХII—ХVIII асрларда миллатларнинг куй-қўшиқлари рўйхатга олина бошлаганда, санъатимиз бошқа халқлар томонидан ислоҳ қилинган. Миллий чолғу асбобларидан тортиб, ашулаларимизгача пианино ноталарига мослаштирилган. Абдурауф Фитрат ўзбек классик мусиқаси деб шашмақомни айтгани учун миллатчиликда айбланган. Устозимиз Юнус Ражабий буни энди қоғозга туширишни бошлаганда, шўро тузуми йўл бермаган.

Ҳатто Турғун Алиматов танбур чалгани учун жавобгарликка тортилган. Чолғу асбоблари ичидан танбурни ясама, сохта, деб четлаштиришган. Ваҳолангки, ўзбек оҳангларини танбур тўлиқ чиқариб бера олади. Ҳазрат Навоий давридан то ҳозиргача куйланиб келинаётган ғазаллар ўзимизнинг ўша ноталарда ёзилган. Масалан, «Қора кўзим» оҳанги Европа нотасида йўқ, истаган тақдирда ҳам буни чиқариб беролмайди. Умуман, мақом бутун ер юзида йўқ. Ўзбек миллий нотасини қайта кўриб чиқиш зарур. Ражабийлар хонадонига борганимда, фарзандлари билан шу борада кўп гаплашамиз. Орамизда буни тушунадиганлар жуда оз қолди. Назаримда, бирор институт қошида илмий лаборатория ташкил этилиб, барча мумтоз асарларни бир жойга тўплаш, катта ҳофизларнинг ижодий мактабини ўрганиш, мусиқий меросимизни тиклашни йўлга қўйиш керак.

Ҳеч бўлмаса, санъатимиз фидойилари қардош мамлакатларга бориб, улар миллий санъатини қандай асраб қолганини ўрганиб келиш, тилимизда бору назарий асослари қоғозга тушмаган мусиқий ритмларни жойига қайтаришга бош-қош бўлса, яхши бўларди. Чунки Форобий, Фитратлар ёниб-куйиб яратган, тиклашга ҳаракат қилган ноталарнинг аксарияти ўша мамлакатларнинг санъатида сақланиб қолган. Бунга жуда кўп нарса керакмас, шунчаки фидойилик, жонбозлик ва эътибор бўлса кифоя. Шунда ҳаммаси ўз ўрнига тушиб кетади.

– Бугун оммавий ахборот воситаларисиз ҳаётимизни тасаввур қилолмаймиз. ТВдан мусиқий меросимизни тарғиб этиш мақсадида кўпинча маданий кўрсатувларга санъаткорлар таклиф этилади. Улар ҳаёти, ижодидан ташқари, лозим бўлганда, биттадан мумтоз ашулалардан айтиб берса, ўсиб келаётган авлоднинг қулоғи мумтоз оҳангларимизни тинглашга ўрганарди. Нега шундай бўлмаяпти?
– Бу билан дардхонамни очиб юбораяпсиз. Тўғри, ТВда санъатимизни тарғиб қилиш имконияти чексиз. Лекин тарғиботни боғча, мактабдан бошлашимиз керак. Масалан, мактабни битирган ўқувчи қайси олийгоҳга ўқишга киришдан қатъи назар, она тилидан имтиҳон топширади. Санъат ҳақидаги билимларга ҳам бошланғич таълимдан қанча эътибор берсак, шунча ёшларимизнинг мусиқий дид-савияси шаклланади. Таълим масканларида қанчадан-қанча чолғу асбоблари бор, санъат тўгараклари фаолият кўрсатиб келмоқда. Қўшиқчилигимизнинг қайси йўналиши бўлишидан қатъи назар, назарий жиҳатдан пухта мусиқий дарсликлар ўтилса, болалар классикамиз тарихи билан бирга, енгилроқ ашулаларни ҳам ўрганиши аниқ. Умуман, мумтоз ашулаларни асраб қолиш учун соҳа мутахассисларига суянишимиз керак.

Санъат олийгоҳларида анъанавий йўналишда таҳсил олган ёшларимиз кўп. Улар фақат наҳорги ошга боради, бошқа пайтда бекор юрибди. Буларни ўша санъат даргоҳларига жалб қилиб, ўзбек санъати обрў-эътиборини кўтариш керак. Ҳозир мумтоз йўналишдаги санъаткорларни қўя туринг, анъанавий ва замонавий эстрада хонандаларининг қарашлари, қизиқишлари ва ҳаракатлари ўртасида катта тафовут бор. Ўрни келса, бир-бирининг санъатини тан олмайди. Агар маънавиятимиз тарғиботчилари томонидан бу масалалар атрофлича ўрганиб чиқилса, бундай тушунмовчиликлар келиб чиқмайди.

– Халқнинг назари ва буни қадрлаш масаласи ҳақида ҳам бир-икки оғиз гапирсангиз.
– Неча асрлар давомида халқимизнинг қонида оқаётган шундай катта маънавий бойликни ўзига қайтаришдек бахт менга насиб этганидан хурсандман. Ҳаётимда нимага эришган бўлсам, аввало, уларнинг эътибори, қўллаб-қувватлаши билан амалга ошди. Бу хайрихоҳлик санъаткорга ҳаводек зарур, энг катта бойлиги ҳам шу. Агар халқ уни суйиб тингламаса, ўнта одамнинг ҳам назарига тушолмайди. Бу йўлда ҳеч нарсага эришмасдан ўтиб кетаётганлар қанча. Энг ҳузурбахш томони, санъаткор концертига мухлисларни реклама орқали таклиф қилади.

Юртимизнинг олис гўшаларидан мухлислар катта сарф-харажат қилиб, кунлаб, ойлаб концерт залларини тўлдириб ўтиришади. Халқнинг бир қарздор фарзанди сифатида уларга хизмат қилиш бурчим. Қўлимдан келганча, ижод маҳсулларим билан кайфиятини кўтаришга ҳаракат қиляпман. То умримнинг охиригача саҳнада бўлишга, агар саҳнани бўшатиб бериш вақти келганда ҳам, эшикма-эшик юриб бўлсада, юқоридаги масалаларни ҳал қилишга ҳаётимни бағишлайман. Унда менда вақт ҳам, тажриба ҳам етарли бўлади.

– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!

Адиба УМИРОВА суҳбатлашди.

"Ҳуррият" газетасидан олинди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Озодбек Назарбеков «кўча қўшиқлари», мумтоз оҳанглар, маънавиятсиз санъаткорлар ва ҳамма «дод» деб юборадиган ҳолат ҳақида
ePN