22:12 / 22.08.2017
11 543

Озодбек Назарбеков: "Халқ ўз қаҳрамонларини таниши керак"

Озодбек Назарбеков: "Халқ ўз қаҳрамонларини таниши керак"
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Озодбек Назарбековнинг мухлисларга тақдим этган “Мендирман ўша” тарихий клипи чин маънода катта лойиҳа бўлди. Мазкур эзгу ишга сарфланган меҳнат, вақт ва маблағ ўзини тўла оқлагани ҳам айни ҳақиқат. Шу маънода, кадр ортида қолган меҳнатни ёритиш мақсадида ижодий гуруҳ аъзолари: Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков, “9999” студияси режиссёрлари Хуршид ва Нодир Собировлар, шоир Ботир Эргашев, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларида хизмат кўрсатган артист Махсет Отемуратов, бош роль ижрочиси Миркамол Карабаевлар билан суҳбат уюштирдик...


“ЎЗБЕК КЛИПЧИЛИГИДА ИНОВАЦИОН ЛОЙИҲА БЎЛДИ”

— Озод ака, айнан тарихий қўшиқ ёзиб, унга мини фильм суратга олишга нима туртки бўлди?

— Турк ёзувчиси Ёвуз Баҳо­дурнинг “Хоразм” асаридан жуда таъсирлангандим, ғоя шундан туғилган, лойиҳа директори ўзим (кулади). Қўшиқ шеъри ташаббусим билан шоир Ботир Эргашев томонидан ёзилди, мусиқасини ҳам бастакор Нодир Умаров билан биргаликда ёзганмиз. Ҳар бир байрам, тадбирларга махсус қўшиқ ёзишга одатланганмиз. Шу маънода, Жалолиддин Мангуберди ҳақидаги “Мендирман ўша” қўшиғи 2016 йилнинг декабрь ойида ёзилган. Аниқроғи, бу қўшиқ 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунига бағишланганди ва шу байрамда ижро этишни режалаштиргандим. Лекин тадбирларнинг ўз қонун-қоидаси бор, шу жиҳатдан бу қўшиқ байрам репертуаридан ўрин олмади. “Шундай қўшиқ увол бўладими?” деган афсусда тарихий клип суратга олиш фикри туғилди. Кайфиятим яхши бўлган кунларнинг бирида режиссёрлар Хуршид ва Нодир Собировларни чақириб, тарихий клип суратга олиш кераклиги, маблағ ва бошқа тарафларини ўйламай, чегарасиз фикрлаш лозимлигини айтдим. Шу тариқа иш бошланди. Гоҳида “Ишни тўхтатсакмикан?” деган иккиланишлар ҳам бўлди...

— Клипда профессионал актёрлардан фойдаланмаслик ҳам ўзига хос ғоямиди?

— Янги чеҳралардан фойдаланишга қарор қилгандик. Эпизод борасида актёрларга мурожаат қилинса, асосий қаҳрамон бўлмагани учунми, жавобгарликни бўйнига олгиси келмайди ва суратга олиш майдончасига вақтида келмай, истаган вақтида кетиб қолиш ҳолатлари ҳам кузатилиши мумкин. Клипни суратга олиш жараёнида энг садоқат билан хизмат қилган бу – ҳарбийлар бўлди. Клип суратга олишда иштирок этган барчага, ҳар­бий­ларга эса алоҳида миннатдорлик билдираман.

— Мазкур ижод маҳсули ҳақиқатан эътирофга ло­йиқ. Клипни эса бемалол мини фильм, дейиш мумкин!

— Тўғри, клипни – ўзбек клипчилигида инновацион лойиҳа, дейиш мумкин. Боиси, ҳали бундай клип тақдим этишга ҳеч ким жазм қилгани йўқ. Клип халқ учун манфаатли лойиҳа бўлди. Очиғи, ижодимда ўз­гариш қилдим, сон эмас, сифат кўрсаткичига эришмоқчиман.


"ТАРИХИЙ СИЙМОЛАРИМИЗ ТЎҒРИСИДА МАЪЛУМОТГА ЭГА БЎЛМАСЛИК, БУ – ЖИНОЯТ!"
— Ботир ака, тарихий қўшиқ ёзиш ташаббуси Озодбек Назарбековдан эмас, шоир сифатида сиздан чиқиши керак эмасмиди?

— Саволингиз таҳдиддек туюляпти. Шоир бу – ҳамма мавзунинг ташаббускори, дегани эмас. Мирзо Улуғбек, Амир Темур, Алишер Навоий ҳақида шеърлар ёзганман, тўғри, улар қўшиқ бўлмаган. Лекин Жалолиддин Мангуберди ҳақида қоғоз қораламаган эканман-да. Ижодкорга кимдир туртки бўлади, илҳом беради. Озод акадан таклиф тушганида таъсирландим, Жалолиддин Мангуберди ҳақиқатан улуғ саркарда бўлган. Бу тарихий шахс ҳақидаги билимимни кўпай­тириш учун журналист Жалолиддин Садиновнинг Жалолиддин Мангуберди ҳақидаги катта рисоласи ва Мақсуд Шайхзоданинг “Жалолиддин Мангуберди” тарихий драмасини ўқидим. Ўрганиш жараёнига бир ҳафта вақт кетди, бу мавзу бутун ўй-хаёлимни қамраб олганди.

— Қўшиқ шеърида Мақсуд Шайхзоданинг “Ким юртидан ёвни қувса, мендирман ўша” сатридан фойдаландингиз...

— Боиси, бу мисра мени ҳаяжонга солди. Эътибор берган бўлсангиз, қўшиқ шу мисрага “қурилган”. Бас­такор Нодир Умаров ҳам шеърга мос ўзига хос мусиқа басталаб берган. Ижодий жамоада бу мавзуни сериал қилиш фикри ҳам туғилди, лекин бу аниқ режа эмас. Шу гап қулоғимга чалинганидан бери “Жалолиддин Мангуберди ҳақидаги тарихий фильмнинг сценарийсини ёзиб беринг”, деб қолишлари мумкин-ку дея, ими-жимида манба тўплашда давом этяпман. Очиғи, шу юртда яшаб туриб, тарихий сиймоларимиз тўғрисида маълумотга эга бўлмаслик, бу – жиноят! Ва “Шу ёшга кириб, нега Озодбек айтмагунича бу фикр хаёлимга келмади?” деб ўзимни койидим. Лекин ўзимни оқлайдиган жиҳа­тим – ҳали ёшман, катта-катта лойиҳалар олдинда. Тан олиб айтай, суратга олиш майдончасида иштирок этиб, ҳозирги ҳолатимдан норози бўлиб қайтдим. Ва шу кунгача қилган ишларим қанчалик “майда” эканини англадим. Мавжуд камчи­ликлар келаси ишларда уларни бартараф этиш учун замин яратади. Муҳими, Озодбек Назарбеков томонидан тамал тоши қўйилди!


"БУНДАЙ КАТТА ЛОЙИҲАДА ИШЛАШ ИМКОНИЯТИ ЙИЛЛАБ КУТИЛАДИ"
— Нодир ака, хабарим бор, Хуршид ака икковингиз сира фильм суратга олмагансизлар. Тарихни акс эттирган мини фильм суратга олиш бироз чўчитмадими?

— Бундай катта лойиҳада ишлаш имконияти йиллаб кутилади, ахир. Аслида ҳар бир ишнинг ўз масъу­лияти бор. Клип суратга олиш доимий қилиб юрган ишимиз, “Мендирман ўша”нинг бошқалардан фарқи фақат катта лойиҳа эканида. Кўпчилик билан ҳамфикрликда ишлаганимиз учун қийинчиик туғ­дирмади. Фақатгина мини фильмдек бўлган клипнинг тасаввурини шакллантириб олиш учун бир ой вақт кетди. Кадрлар борасида тасвирчи Рустам Муродов, рассом Анвар Шодиев билан ҳафталаб тортишардик. Охири Анвар ҳар бир кадрнинг макетини ясаб, тасаввур ҳосил қил­дириб берди. Қайсидир жараёнда оқсасак, Озод ака доим ўша соҳа мутахассиси билан учраштириб, мавжуд камчиликни тўлдиришга кўмаклашади.

— Хуршид ака, тарихни ўрганиш учун нечта китоб ўқидинглар?
— Асосий суянган манба­миз – Ёвуз Баҳодурнинг “Хоразм” асари.

— Бош роль – Жалолиддин Мангуберди қаҳрамонига номзод топиш қийин бўл­мадими?

Нодир Собиров: — Суратга олиш ишлари 9 майда бошланган бўлса, 1 майда ҳам бош қаҳрамон йўқ эди. Бир нечта таниқли актёрлар киносинов топширди, ролга тасдиқланмади. Мақсадимиз янги чеҳрани олиб чиқиш бўлгани учун ҳам бир тўхтамга келолмаётгандик. “Ўзбекфильм” киностудиясига борганимизда дизайнер Севара Зуннунова “Миркамол Карабаевни бир кўринг”, деб қолди. Фотосинов қилдик ва ижодий жамоа бир овоздан уни бош ролга тасдиқлади. — Хонанда Махсет Оте­муратовни Чингизхон ролига синаб кў­риш кимнинг хаёлига келиб қолди?

Хуршид Собиров: — Бу ролга ҳам актёр танлашда иккиланиб юрдик-да, охири Қорақалпоғистондаги акт­ёрлардан фойдаланамиз, деган фикрга келдик. Ёрдам олиш мақсадида Махсет акага қўнғироқ қилиб, “Театр актёрларидан муносиб номзодлар расмини юборинг”, дедик. Лекин бирорта номзод маъқул келмади. Кунларнинг бирида Чингизхоннинг жуда ажойиб расмини юборди, ҳаммамиз лол қолдик. Қолган тафсилотни ўзи айтиб бергани қизиқроқ (кулади).


— Клипда асли неча фоизи компьютер графикаси?
Н.С.: — Жанг саҳнасининг ўзида 60 фоиз компьютер графикасидан фойдаланилган. Аслида эса суратга олиш майдончасида 30 та Жалолиддин Мангуберди ва 30 та Чингизхон аскарлари саф тортганди. Компьютер графикаси бўйича мутахассис Улуғбек Абдусамадов ишини аъло даражада уддалаган.

— Иш жараёнида “Клип­ни қандай суратга оламан?” деган ўйдан кўра “Натижа қанақа бўларкин?” деган савол кўпроқ қийнайди...
Х.С.: — Ҳақсиз! Муҳими – натижа ва соҳа мутахассислари, халқнинг қабул қилиши. Шукр, илиқ фикр­лар эшит­япмиз. Рости ҳам тарихий фильм ва доимий клипларда учрайдиган хатоларни имкон қадар такрорламадик.

— Умумий натижадан кўнг­лингиз тўлдими?
Н.С.: — Рос­ти, юрагим аланга бўлиб “ёнмаяпти”. Суратга олинган кадрлар етарли эди, фақат бир ярим ойлик монтажга кетган вақт камлик қилди. Бу мутахассис сифатидаги фик­рим, холис баҳони, албатта, халқ беради.


"ЖАЛОЛИДДИН МАНГУБЕРДИНИНГ СИЙМОСИНИ ГАВДАЛАНТИРИШДА ҲАЯЖОН ҚИЙНАДИ"
— Миркамол, актёрлар бундай тарихий ролни йиллаб кутади. Сизга эса бахтли тасодиф бу имкониятни тақ­дим эт­ди...

— Очиғи, айнан тарихий ролларни ижро этиш ёшликдаги орзум эди. Чин дилдан орзуга ишонса, у албатта амалга ошишига амин бўлдим. Фотосинов топширганимда ҳам ролга тасдиқланишимга ишонгандим.

— Қаердан бу юз фоизлик ишонч?
— Ёшликдан ҳам жисмонан, ҳам руҳан, ҳам билим жиҳатдан тайёрланиб келганимдан.

— Тайёргарлик жараёни­даги масъулият ҳисси қан­дай бўлди?
— Жараён бошлангунга қа­дар бир ҳафта тайёргарлик кўрдим. Бу суратга олиш майдончасида ҳам давом этди. Яширмайман, Жалолиддин Мангубердининг сиймосини гавдалантиришда ҳаяжон қийнади.

— Ёшликдаги орзу юз фоизлик эмас экан-да, йўқ­са ролингизнинг маълум қисмларини каскадёрларга топширмаган бўлардингиз?
— (Кулади) Трюкларни, юз фоиз бўлмаса-да, саксон фоизга ўзим бажардим. Агар жиддий трюклар учун махсус тайёргарликка бир ой вақт беришганда юз фоизлик натижага эришган бўлардим, бунга кўзим етади.

— Бундай жиддий ролдан кейин сизни енгил-елпи фильмларда кўрмасак керак-а?
— Олдин ҳам роль танлаб, “юк”и бор фильм­ларда иштирок этганман. Сценарийси саёзроқ кинокартинага катта гонорар эвазига ча­қиришса ҳам ўйлаб кў­ра­ман, ўша фильмда иштирок этмаслигим эса саксон фоиз аниқ.

— Клипдаги ролингиздан кўнглингиз тўлдими?
— Клип ҳар тарафлама жуда зўр ишланган. Лекин ўзимнинг актёрлик маҳоратимдан кўнглим тўлмади. Тайёргарликка кўпроқ вақт берилганида ролимни бунданам яхши ижро этган бўлардим.


ҲАЗИЛ ОРТИДАГИ ЭЗГУ ИШ
— Махсет ака, ўзингизни Чингизхон ролига қандай муносиб кўрдингиз?
— Асли Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик театрининг вокал хонандасиман. Озодбекнинг илтимосига кўра, Алпомишдек тарихий қаҳрамонларни саҳнада гавдалантирган беш-олтита актёрларнинг расмларини юбордим, ёқа­вермади. Театримиз режиссёрлари нега расм йиғиб юрганимни сўраб қолишди, вазиятни айтдим. Шунда “Қиёфангиз Чингизхонникига ўхшайди, ўзингизни синаб кўрсангиз-чи?” дейишди. Театрдан Чингизхоннинг либосини олиб, грим қилиб, фотосессия қилдим-да, Озодбекка юбордим. “Излаётганим айнан шу актёр!

Телефон рақамини беринг”, дея жавоб ёзди. Очиғи, таниса-да ҳазиллашяпти, деб ўйлаб, “Бу Голливудда ҳам катта-катта ролларни ўйнайдиган актёр, сизнинг клипингизда роль ўйнамайди”, деб жавоб ёздим. “Майли, бир бор бўлса ҳам гаплашиб кўрай”, деб қолди, ўзимнинг рақамимни ёзиб юбордим, ҳеч нимани пай­қамади (кулади). Дар­ров қўнғироқ қилди, овозимни ўзгартириб “Ким бу?” – де­дим. Салом-алик қилгач, “Ака, Озодбек Назарбековман”, деб мақсадга ўтди ва кейинги жавобимдан овозимни таниб қолди. “Расмдаги ўзингиз эканингизни нега аввалроқ айтмадингиз?” деб сўради. “Ҳазиллашяпсиз деб ўйлаб, мен ҳам сир бой бермагандим”, дедим (мириқиб кулади). Шу тариқа Чингизхон ролига тасдиқланиб қолдим.

— Ҳазил ортидан келган бу тарихий роль тақ­дирнинг сизга берган инъоми экан-да?
— Албатта, бу – омад! Лекин бу имкониятдан тўлиқ фойдалана олдим, деёлмайман. Бироқ грим қилаётганда ўзимни клипда эмас, тарихий кинода суратга тушаётгандек ҳис қилдим.

— Клипдаги актёрлик маҳоратингизни неча баҳога баҳолайсиз?
— Талабалик даврларимда роллар ҳам ўйнардим. Режиссёрлар “Сендан яхши актёр чиқади”, дерди. Саволга аниқ жавоб берсам, ролимдан қониқ­мадим. Тўғри, ташқи кў­ринишдан ўхшаган бў­лишим мумкин, лекин юзимда Чингизхондаги совуққонлик, кўзидаги қонхўрликни профессионал актёрлардек кўрсатиб бера олмаганман. Холис баҳони, албатта, мухлислардан кутамиз.

Сўнгсўз ўрнида шуни айтиш мумкинки, тарихни билиш ва ўзликни англаш ҳар қачон муҳим ва долзарб масала. Шундай экан, истагимиз санъат вакиллари Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков бошлаб берган катта лойиҳанинг давомчилари бўлишсин!


ФАКТ:
Грим устаси: Валентина Абдуқундузова.
Либослар бўйича дизайнер: Севара Зуннунова. Озодбек Назарбековдан ташқари 30 та Мангуберди, 30 та Чингиз аскарлари учун 60 та либос тикилди.
Бош тасвирчи Рустам Муродов. Умумий тасвирчилар сони: 3 та.
Рассом: Анвар Шодиев.
Жалолиддин Мангубердининг ўғли ролида марҳум санъаткор Муҳриддин Холиқовнинг набираси Асилбек Холиқов.


БИЛАСИЗМИ?
Клип Жиззах вилояти Даштобод туманининг Равот қишлоғида 9 кун, Чирчиқда 6 кун давомида суратга олинган.
Равот қишлоғида жойлашган чегара қўшинларининг аскарлари жалб қилинган.
150 та найза, 200 та қилич, 30 та болта махсус ясаттирилган. Умумий реквизитлар сони 1000 дан ошиқ.

Тайёргарлик жараёнига 3 ой вақт кетган.
Суратга олиш 15 кун давом этди.
Клип суратга олиш жараёнидаги ҳамкор ташкилотлар: Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари, “Ўзбекфильм” киностудияси, Жиззах ҳокимияти.

Ижодий жамоа сони: 60 та.
Владимир Исаев, Дилшод Исмоилов бошчилигидаги 8 та каскадёрлар гуруҳи ишлади.
Клипда Жалолиддин Мангуберди ва Чингизхоннинг сўнгги катта жанги тасвирланган.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади


Манба: Darakchi.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Озодбек Назарбеков: "Халқ ўз қаҳрамонларини таниши керак"