14:40 / 24.08.2017
14 184

Шерзодбек "юрак оғриқлари" инжиқ феъли ва бўлажак ёри ҳақида

Шерзодбек "юрак оғриқлари" инжиқ феъли ва бўлажак ёри ҳақида
Бугун санъатда машҳурлар шоҳсупасининг юқори чўққилари сари интилаётган ёшлар талайгина. Улар орасида «Ниҳол» мукофоти совриндори, «Соғинч», «Кўйингда маст» каби илк қўшиқлариданоқ кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлган ШЕРЗОДБЕК ўзига хос йўналиши, камтарлиги билан ажралиб туради. Хонанда "Сўғдиёна" газетаси меҳмони.

—Аввало, санъаткорлар ўртасидаги беллашувда ғолиб бўлганингиз, устоз санъаткорларнинг иқтидорингизга юқори баҳо берганлари билан қутлаймиз. Лойиҳада қатнашишни бошлаганингизда юрагингизда қандай ўйлар ўтди?

— «Zo’r.Tv» телеканалидан «Cover up» лойиҳасида иштирок этиш, устозлар ижросидаги қўшиқларни бузмаган ҳолда, аммо ўз талқинида куйлаш таклифи тушган лаҳзаларда ғолиб бўлиш тўғрисида ўйламагандим. Биринчи давра учун саккиз санъаткорни танлаб олишаётган экан. Онамларга «Биринчи ўринни ололмасам хафа бўлмайсиз-а?» деганимда, «Қатнашиб кўринг-чи», дедилар, бироқ юракларида бироз ҳаяжон уйғонганини ҳис этдим. Мен учун ҳар қандай танловда иқтидоримга халқ томонидан, мутахассислар, устоз санъаткорлар томонидан ҳаққоний баҳо берилиши муҳим. Томошабинлар ўртасида мусиқани яхши тушунадигани ҳам, тушунмайдигани ҳам бор, яъни беш қўл баравар эмас.

Лойиҳада қатнашган Умидахон, Лазизхон, Машҳурбек, Рухшона, Гуласал Абдуллаева, Шаҳзод Муродовларнинг ҳар бири ўз йўналишига эга, интилувчан ва изланувчан санъаткорлар. Кўрсатувни мунтазам кузатиб борган барча томошабинлар уларнинг ижро маҳоратига яна бир бора гувоҳ бўлишди. Бу жуда кичик танлов, беллашув эди. Бироқ ўз ишининг моҳирлари, ўзбек қўшиқчилик санъатининг дарғалари, Ўзбекистон халқ артистлари Фаррух Зокиров, Насиба Абдуллаеваларнинг ижодимга юксак баҳо берганлари мени жуда тўлқинлантириб юборди.

—Беллашувда иштирок этган барча санъаткорлар астойдил ҳаракат қилишди, шундай эмасми?
—Шак-шубҳасиз! Гап ғолиб бўлишда эмас, аслида. Мағлубиятни ҳам юксак матонат билан кутиб оладиган санъаткор ҳақиқий санъаткор бўлади. Мағлубият аслида юксак чўққи учун олға ташланган бир қадам. Иштирокчилар лойиҳа мобайнида янги қўшиқлар ўрганишди, маҳоратлари ошди. Биласизми, биз хорижлик санъаткорларнинг инглиз, ҳинд, турк тилидаги қўшиқларини мириқиб эшитамиз. Истардимки, бизнинг ўзбек тилидаги қўшиқларимизни ҳам бутун дунё жон дили билан тингласа ва бунга доим эҳтиёж сезса.

—Балки бунинг учун санъаткорларимиз ҳам хориж тилларини мукаммал ўрганишлари керакдир...
—Йўқ, қўшиқ айтиш учун тилни мукаммал ўрганиш шарт эмас. Ахир биз инглиз ёки ҳинд тилидаги қўшиқларни тинглаётганимизда хонанданинг нима деяётганини тўлиқ тушунмаймиз-ку. Бироқ жон қулоғимиз билан тинглаймиз, рақсга тушамиз. Агар биз хорижликларда санъатимизга меҳр-муҳаббат уйғота олсак, улар қўшиқларимизни тинглашларига шубҳа қилмайман. Биронта хориж тилидаги қўшиқни ижро этгудек бўлсам, албатта, шу тилни яхши биладиган мутахассисга учрашиб, сўзларнинг маъносини, айтилишини яхшилаб ўрганаман.

—Шерзодбекнинг болалиги қандай ўтган?
—Болалигим Глиэр номидаги мусиқа интернат-мактабида ўтган. 1-3 синфларда мактабимиз ётоқхонасида ётиб қолардим. 3 йил мобайнида онам шанба куни уйга олиб кетиб, душанба куни ўқишга олиб бориб қўярдилар. Ўша кезларда болалигимга бориб йиғлаб қолардим. Директор ўринбосари Абдурауф ака «Тоғасининг ўғли бу, мени ёнимда қолади» десалар, қўрққанимданми индамайгина синфга кириб кетардим. Бир куни қайсидир фандан «уч» баҳо олиб роса йиғлабман. Устозларим «Қўй, йиғлама энди», дейишса, «Онамнинг ёлғиз ўғил фарзандиман, мен онамни боқишим керак» дебман. Аслида эса улар менга «Сен ўқишинг керак, ўқимишли бўлишинг лозим» деб уқтирганлар, ҳеч қачон мени боқасан деб айтмаганлар.

—Оила олдидаги масъулиятни жуда эрта ҳис эта бошлагансиз, чоғи?
—Эҳтимол шундайдир. Тошкент шаҳрида яшовчиларга ётоқхонада қолишига рухсат беришмай қўйишгач, 3-синфдан сўнг Талабалар шаҳарачасидаги мактабга ёлғиз ўзим қатнай бошладим. Дарслардан кеч қайтсам, онам кўзига ёш тўлганча шеърлар ёзиб ўтирардилар.

—Тенгқурларингиз билан кўча кезармидингиз ҳеч?
—(кулади) Тут пишиғида дарсдан чиқардимда, дўстларим билан тут егани борардик, кўча айланардик. Бунақаси ҳам бўлган. Спорт жону дилим эди. Тоғаларим кўргани келишса, «Мен Қантомасман» дея уларнинг устига чиқиб олардим. Фантомас сўзини айтолмай Қантомас дердим-да. Илк куйлаган қўшиғим «Хўжа» гуруҳининг таронаси эди. Буни ҳам хато куйлаганман. Онам нотўғри айтяпсан десалар, ишонмасдим. Бу хатомни анчадан кейин тан олганман. Ҳеч қачон эрка бўлмаганман. Ҳар замонда онамга бир эркалик қилганимни айтмасак.

—Ҳаётимиз давомида турли воқеа – ҳодисалар юз беради...
—Ҳа, баъзан тушкунликка тушиб қоламиз. Менда ҳам бир пайтлари ана шундай кайфият кузатилганди. Ўша кезларда уйдан кўчага чиққим келмай қолган. Бундан жаҳли чиққан онам, «Тур ўрнингдан, сен эркаксан. Эркак уйда ўтирмайди, ҳеч бўлмаса ҳар куни уйига 2 та нон кўтариб келиши керак», деб койиганлар. Ўша-ўша мен бу гапни дилимда такрорлаб тураман.

—Дўстларингиз...
—Улар кўп. Яқиндагина дўстларим билан йиғилишиб тоққа, дам олишга чиқиб келдик. Мусиқа мактабида биринчи синфдан бирга ўқиган дўстларим Фахриддин ва Сардор билан жуда яқинмиз.

—«Тўйимга бир келиб кетинг» дегувчилар кўп санъаткорларга, сиз бундай илтимосларни чин дилдан бажара оласизми?
—Шоир ёзганидек, «Илтимосга кунинг қолмасин». Бироқ ҳар ишда меъёр бўлгани дуруст. Меъёрдан ошса юрак оғрийди. Юракда оғриқ турса шу ердан барака қочади.

—Ҳаётда камгапмисиз?..
—Вазиятга қараб гапираман, вазиятга қараб иш тутаман. Буни менга ҳаёт ўргатди. Бежизга донишмандлар ҳаёт - катта муаллим дейишмас экан. Тўғрисўзлигим боис дилимдаги бор гап-сўзни очиқ айтиб қўйиб анча дакки еганман.

—Камчиликларингизни рўй-рост тан оласизми?
—Қўшиқ ва кийим танлашда жуда инжиқман. Етти ўлчаб бир кесаман. Манави қўшиқни айт, зўр қўшиқ дейишса ҳам куйламайман. «Бу қўшиқ бугун айтилиб эртага унутилиши керак эмас» дейман. Бунчалар инжиқлик қилма, дейишса, ҳар доим мингта тингловчидан биттасининг ёдида турса ҳам менинг ютуғим, дейман.

—Сермаҳсул ижодкор эмассиз. Бунинг боиси нимада?
— Мен учун қўшиқнинг сони эмас, сифати муҳим. Битта қўшиқни омма ҳукмига ҳавола этгунимга қадар жуда кўпчиликка эшиттириб кўриб, фикрларини йиғаман.

—Онангиз келин ахтаряптилар, деб эшитдик. Бўлғуси рафиқангизга қандай талабларингиз бор?
—У қадар катта талабларим йўқ. Энг аввало, мени, касбимни тушуниши, онамни, синглимни ҳурмат қилиши лозим. Биримиз баланд келганда, иккинчимиз паст келишимиз бахтли оила калити бўла олади деб ўйлайман.

—Уйга кеч қайтганингизда «SMS» лар ёзмаса, шундайми?

—(кулимсираб) Ҳозирги қизлар «SMS» ёзмасдан тура олармикан?

—Чиройли бўлиши-чи, муҳимми?
—Қайси йигит рафиқам хунук бўлсин дейди, албатта латофатли, эс-ҳушли, уйим-жойим дейдиган қиз оиламизга келин бўлиб келишини истайман.

—Кимнинг таскини сизга қувонч бағишлайди?
—Онамнинг.

Жамшидбек суҳбатлашди


Манба: Darakchi.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Шерзодбек "юрак оғриқлари" инжиқ феъли ва бўлажак ёри ҳақида