20:40 / 12.10.2017
9 114

Соҳибқирон аскарининг чўнтагидаги китоб...

Соҳибқирон аскарининг чўнтагидаги китоб...
Расул Ҳамзатов тан олган ҳақиқат
Одатда, грузинлар дейилса, машҳур шоир Шота Руставели, македонлар дейилса, афсонавий саркарда Александр Македонский, инглизлар дейилса, атоқли драматург Вильям Шекспир, рус адабиёти дейилса, бетакрор ёзувчи Лев Толстой, Америка дейилса, мустақиллик курашчиси Жорж Вашингтон, агар Доғистон, аварлар дейилса, “XX асрнинг энг буюк шоири” дея эътироф этилган Расул Ҳамзатов кўз олдимизда гавдаланади.

Жаҳон адабиётидаги Ватан, тил, қадриятларга бағишланган энг яхши асар ҳақида сўз борса, “Менинг Доғистоним” бадиаси, дунёдаги энг азиз зот – Онани улуғловчи асар тўғрисида фикр юритилса, “Оналарни асранг” достони, дунё бўйлаб турналар мисол парвоз этаётган қўшиқ қайси дейилса, “Турналар” қўшиғи, хуллас, яна қанчадан қанча мавзуларни энг яхши ёритган ижодкор кимлиги сўралса, Расул Ҳамзатов (1923—2003) номи ҳурмат билан қайта-қайта эсланади.

У “Менинг Доғистоним” асарида бу ҳақда шундай ёзади: “Менга шундай ҳақиқат туйғусини бергинки, эгрини эгри дейин, тўғрини тўғри”. Негаки, “ёлғон – бу ювинди, ифослик, шармандалик. Ҳақиқат – бу гўзаллик, поклик, мусаффолик. Ёлғон – қўрқоқлик, ҳақиқат – мардлик. Ё у томон, ё бу томон бўл, ўртада жой йўқ”. Шоир умри бўйи ҳақиқат томонда бўлди, ҳақиқатни айтиш, куйлаш учун ижод қилди.

“Менинг Доғистоним” асарини она тилимизга ўгириш жараёнида шоирнинг истеъдоди ва маҳоратидан қайта-қайта ҳайратга тушганлигим рост. Лекин бир гапни таржима қилаётганда, ҳақиқатни айтиш учун ажойиб восита топганидан ҳайратим юз чандон ошган. Чунки у юртимизнинг тарихий ҳақиқатига бевосита боғлиқ эди.

Оддий аскари шунчалик зиёли бўлса...

“Қўмиқ овули ёнида Темур аскарлари билан кечган жангдан кейин ҳалок бўлган аскар чўнтагидан китоб топиб олишди”.
Уруш бехатар бўлмайди, ҳар лаҳзада ўлим таҳдид солади. Фақат зиёли, эртадан умиди бор аскаргина чўнтагида китоб билан жангга киради. Ўз-ўзидан савол туғилади: аскари шундай зиёли бўлса, унинг саркардаси қандай зиёли экан?!”

Бу сўзлар 1970 йилларда, Амир Темур бобомизга ҳар хил ёлғон-уйдирмалар тўқилаётган вақтда ёзилганди. Бу вақтда ўзимиздан чиққан ҳайбаракаллачилар ҳам бу сафсатага қўшиб-чатишаётганди. Ҳатто дарсликларга бундай туҳматлар киритилганди. Фақат болалигидан рост гапиришни одат қилган Расул Ҳамзатов дунёга машҳур “Менинг Доғистоним” асарида “Темурнинг оддий аскари шундай зиёли бўлса, у қандай зиёли эканини ўзларинг билиб олаверинглар”, дея ҳақиқатни баралла айтди.

Айримлар шоир Амир Темур ҳақидаги ҳақиқатни қандай билган дейиши мумкин. Биринчидан, Расул Ҳамзатов жуда кўп китоб ўқиган. Иккинчидан, бу вақтда Кавказ халқлари озодлиги ҳаракати йўлбошчиси Шомилга ҳам туҳмат тошлари отилаётганди. Шоир ўз асарида Шомил ҳақида ҳақиқат ёзилган китобни Америкадан топганини таъкидлаган. Амир Темур ҳақида ҳақиқат ёзилган китоблар эса шоир умрининг кўп қисмини ўтказган Москванинг ўзида ҳам топилади.

Кўпчилик Расул Ҳамзатовга омад роса кулиб боққан, қўлини қаёққа узатса етган, деб ўйлайди. Тарихдан маълумки, ҳақиқатни ёзган шоир ҳеч замонда фақат олқишларга кўмилавермайди.

“Навоийни таҳоратсиз тилга олманг!”

Шоирнинг ҳар бир асарида ҳам миллий, ҳам умуминсоний қадриятлар мужассам бўлгани учун ҳар юракка етиб борди ва бу авлодлар, асрлар оша давом этаверади.

Буюк шоир дунёга кўплаб буюк зотларни етказиб берган ўзбек халқига ҳамиша чуқур ҳурматда бўлган. Эҳтимол, шу боис унинг барча асарлари ўзбек китобхонлари қалбига тез ва осон кириб боргандир.

Шу ўринда Расул Ҳамзатов билан боғлиқ бир воқеани ҳам эслатиб ўтиш жоиз. Айтитшларича,Ю шоир Ўзбекистонда бўлганида, бир мухбир у билан учрашиб, унинг ҳазрат Навоий ҳақидаги фикрини сўрайди. Шоир эса, ҳаммани ҳайратда қолдириб, бу ҳақда гапирмаслигини айтади. Бунинг сабабини сўрашганида у шундай жавоб беради: «Бундай авлиё шоир номини тилга олишим учун аввало таҳорат олишим керак». Маълум бўлишича, ўша пайтда Расул оға озгина коньяк ичган экан. Шу ҳолатда буюк Навоий ҳақида гапиришни ўзига эп кўрмаган.

Мана бу буюк шоирнинг буюк шоирга эҳтироми!

Маънавият нуқтаи назаридан олиб қараганда, умрбоқий “Хамса” ижодкори Алишер Навоийни қадрламаган ва унинг асарларини ўқимаган кишини зиёли дейиш жоиз эмас. Худди шундай Доғистон халқ шоири, ёки таниқли давлат арбоби таъбири билан айтганда Жаҳон халқ шоири Расул Ҳамзатовни қадрламаган кишини ҳам зиёли деб бўлмайди.

Манба: Darakchi.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Соҳибқирон аскарининг чўнтагидаги китоб...