08:30 / 12.02.2018
13 826

Шаҳзод МУРОДОВ: “Ҳаётий “харита” очиб ташланса, унинг қизиғи қолмайди”

Шаҳзод МУРОДОВ: “Ҳаётий “харита” очиб ташланса, унинг қизиғи қолмайди”
Ёш, истеъдодли хонанда Шаҳзод МУРОДОВни санъат ихлосмандлари ўзига хос овозидан танишади. Миллий эстрада оҳангида куйланган қўшиқлари билан мухлисларининг кўнглидан жой олган хонанда 2017 йилда давлатимизнинг ёш ижодкорлар учун таъсис этилган юксак мукофоти — “Ниҳол”га лойиқ топилди.

— Аввало, олган мукофотингиз билан табриклаймиз. Ушбу мукофотни олиш сизга қанчалик илҳом бағишлади, қандай тассуротлар берди?
— “Ниҳол-2017” лауреати деб топишганидан жуда хурсанд бўлдим, албатта. Бунинг учун барча ташкилотчиларга, ёшларнинг ижодига катта эътибор қаратаётган муҳтарам Президентимизга миннатдорчилик билдираман.

Таассуротлар жуда катта. Тўғриси, бу хабарни эшитганимизда, мендан ҳам кўра, айниқса, ота-онам хурсанд бўлишди. Чунки улар анча йилдан бери ютуқларимни кутишганди. Мукофотни олиш мен учун анча машаққатли кечди, боиси, ҳар икки йилда бўлиб ўтадиган “Ниҳол” мукофоти учун танловларга уч-тўрт марта ҳужжат топширдим. Лекин деярли бир қадам қолганда, яна барини бошқатдан бошлашимга тўғри келарди.. Бу бахт 2017 йилда насиб қилганидан жуда хурсандман.

Бу мукофот мен каби ёшлар учун жуда катта далда десам, адашмаган бўламан. Сабаби, ёш ижодкорларнинг ижоди гуллаб-яшнашига мана шу мукофотлар ҳам бир туртки бўлади. Келгусида худо хоҳласа, халқимизга маънавий озуқа бўладиган қўшиқларимиз билан хизмат қилишга, берилган ишончни оқлашга ҳаракат қиламиз.

— Ижодкорнинг яхши мутахассис бўлиб етишиши у эгаллаган яхши пойдеворга ҳам боғлиқ. Айнан санъат борасида кимлардан таҳсил олгансиз?
— 1993 йил 30 октябрда Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида, санъаткорлар оиласида дунёга келганман. Дадам Нусратилло Шодиев доира чалардилар. Уйимизда доим рубоб бўларди, дадамнинг айтишларича, уни чалиб, жойига қўйганидан кейин мен бориб, рубоб чалишга ҳаракат қиларканман.

Дадам мендаги қизиқишни сезиб, шу соҳага йўналтирганлар ва мусиқа мактабига берганлар. Болалигимдан санъат соҳасида, 15-сонли болалар мусиқа мактабида ўқидим. Илк мусиқий саводимни рубобда чиқарганман. 2, 3-синфда ўқиб юрган пайтимда, дадам чалган куйларни эшитиб, мустақил равишда чалишни ўрганганман.

Мусиқа мактабида Анвар ака Носировнинг қўлида таҳсил олдим, мусиқий билимларимга илк пойдеворни шу ерда қўйишган. Кейин санъат коллежида рубоб бўйича ўқишни давом эттирдим. 2012 йилда бўлиб ўтган Республика Ёш ижрочилар кўрик-танловида ғолиб бўлиб, Ўзбекистон давлат консерваториясига грант асосида ўқишга қабул қилиндим ва таҳсилни шу ерда давом эттирдим.

Консерваторияни анъанавий ижрочилик ва мақом йўналишида тамомлаганман. Бу ерда Шомаҳмуд ака Шораҳмедовнинг қўлларида таҳсил олдим, устозим ҳам созанда, ҳам хонандалар. Уларнинг берган таълим-тарбиялари билан халқимиз эътиборига тушдим, қўшиқларимни тақдим этиш бахтига эришдим.

“Оилада тўрт фарзандмиз — уч ўғил, бир қиз, мен — ўртанчасиман. Акам, синглим ва укам бор. Уларда ҳам санъатга қизиқиш, иқтидор бор, бирон қўшиқни эшитишса, ўша оҳангда айтиб бера олишади. Лекин улар санъат соҳасини танлашмаган, бошқа соҳаларда фаолият юритишади”.

— Илк қўшиқларингизни ёзишда кимлар билан ижодий ҳамкорлик қилгансиз?
— 2014 йили консерваторияда тўртинчи босқичда ўқиб юрганимда, илк профессионал ижодимни бошладим. Яқин акамдек бўлиб қолган Самариддин ака Ботиров билан маслаҳатлашиб, устоз бастакор Иқбол Муҳаммаднинг олдига бордик ва бу борада маслаҳатларини олдик. У киши овоз имкониятларимни, йўналишимни текшириб кўриб, бир нечта қўшиқларни тавсия қилди. Улар орасида “Ўша-ўшасан” деб номланган қўшиқ ўзимга маъқул бўлиб, уни илк ижод маҳсулим сифатида тингловчиларга тақдим этганман. Шу тарзда илк қадамларимда бастакор Иқбол Муҳаммад ва шоир Нодир Азимов билан бирга кўпроқ ижодий ҳамкорлик қилганмиз.

— Бугун хорижий тилларни билиш замон талаби эканлигини ёшларимиз жуда яхши тушунишяпти ва болалигиданоқ бирон чет тилини ўрганишга ҳаракат қилишяпти. Бу борада маҳоратингиз қандай?
— Бу борада, очиғини айтаман, маҳорат зўр эмас. Айни пайтда инглиз тилини ўрганишга ҳаракат қиляпман. Лекин санъатдан ташқари қизиқишларим бор. Спортга бўлган қизиқишим кундалик ҳаётим билан боғлиқ бўлиб кетмаган, чунки ижоддан орттириб вақт ажратганимиздагина футбол ўйнаш имкони бор. Бундан ташқари, мусиқа асбобларини йиғиш — мен учун энг севимли хобби.

— Клипларда ўзингиз роль ўйнаганингизни кўрдик, демак, актёрлик соҳасига ҳам қизиқишингиз бор…
— Аслида клипларимда қаҳрамонларни талқин қилишимга режиссёрларнинг таклифи сабаб бўлди, улар ўша образларда мени кўришди. Лекин актёрликка қизиқишим бўлса-да, даъвоим йўқ, режиссёрнинг талабини бажаришга ҳаракат қилдим, холос.

— Яқинда клипи билан тақдим этилган қўшиғингиз — “Жингалагим” ноанъанавий йўналиши билан кўпчиликни бир оз ҳайрон қолдирди. Мухлисларнинг ўзлари бу қўшиққа қандай фикр билдиришди?
— Тўғри бу қўшиғим олдинги миллий йўналишдаги “Онам хиром этганда”, “Бойчечагим” каби тароналаримдан фарқ қилади. Мен эксклюзив, такрорланмас ижод қилишга, кимнингдир қўшиғига ўхшаб қолмайдиган қўшиқлар куйлашга ҳаракат қиламан. Менимча, кўпчилик санъаткорлар “Бошқача йўналишда ижод қилсам, мухлисларим мени танимай қолади” деб, бир хил саунд, бир хил йўналишда ижод қилади. Мен эса қўшиқларим бир-бирига ўхшамаслигини хоҳлайман. Танлаган қўшиғим шу жиҳати билан мени ўзига тортди. Тарона муаллифларидан бири Темур Раҳмонов шу қўшиқни куйлашимни таклиф қилганида, ўзимга ёқди.

Мухлисларга келсак, тўғри, миллий йўналишда куйлаган қўшиқларимни севиб тинглаган катта ёшдагиларга бу тарона озгина тушунарсизроқ бўлди. Аслида бу — табиий ҳол. Лекин ёшларга маъқул бўлди, шекилли, салбий фикрларни эшитмадим.

— Ўзингиз қандай қўшиқларни эшитасиз?
— Миллийми, европачами, кўпроқ ўзимга ёққан қўшиқларни эшитавераман. Менда “қайсидир санъаткорнинг мухлисиман ёки шу санъаткорни эшитмасам тура олмайман”, деган тушунча йўқ. Ким бўлишидан қатъи назар, қўшиқ яхши бўлса, ўзимга маъқул бўлса, топиб эшитишга ҳаракат қиламан.

— Бизда “Олтмиш ёшга кирсанг ҳам, ота-она учун боласан”, деган гап бор. Яъни ота-она доимо фарзандининг ишларидан бохабар бўлиб туриши, назорат қилиши табиий ҳол. Сизни ота-онангиз қай даражада назорат қилишади?
— Очиғи, 16 ёшимдан мақсадларимга етиш учун мустақил қарор қабул қилишга ўрганганман. Ота-онам шу ёшимдан ишларимга деярли аралашишмайди. Лекин шу пайтгача уларнинг ишончини суиистеъмол қилмаганман. Шунинг учун ота-онам менга ишонишади ва қарорларимни қўллаб-қувватлашади. Бирон масалада бир қарорга кела олмаётган бўлсам, улар тўғри тушунтириб ўз маслаҳатларини беришади. Мен ҳам ҳар тарафлама ўйлаб, албатта, фақат ўз фикримда туриб олмаган ҳолда, тўғри қарор қабул қилишга ҳаракат қиламан.

— Оилада яқин сирдошингиз ким?
— Уйда яқин сирдошим — онам, у киши уй бекасилар. Ҳар доим “Ўз ишингни устаси бўлгин, бирон соҳани бошини тутдингми, уни яхши ўргангин”, дейдилар. Ҳамма оналар каби “Ёмон йўлга юрмагин” дейдилар.

— Яқинларингиз ижодингизга қандай баҳо беришади?
— Дадам ўз фикр ва таклифларини берадилар, чунки ўзлари санъаткорлар, соҳани яхши биладилар. Танқидлар ҳам бўлади, албатта. Қўшиғимда маъқул бўлмаган жиҳатни очиқ айтиб, буни инобатга олиб қўйишимни, шу ҳолатни бошқа кўрмасликлари кераклигини айтадилар. У киши айтган танқид бўйича айнан ўша камчиликни кейинги сафар такрорламасликка ҳаракат қиламан.

— Ижтимоий тармоқларда қай даражада фаолсиз?
— “Инстаграм”, “Одноклассники”, “фейсбук”да борман, кўпроқ “инстаграм”га кираман. Лекин ижтимоий тармоқда ўтирадиган мухлислар билан боғланишга, уларнинг барча саволларига жавоб беришга кўп вақтим бўлмайди.

— Айнан мана шу тармоқлар сабаб, мухлислар ўзи яхши кўрган санъат вакилининг ҳаётидан доимо бохабар бўлиш имконини қўлга киритишди. Аслида ўртада озгина чегара бўлгани маъқул эмасми? Бунга муносабатингиз қандай?
— Ўзаро мулоқотларнинг чегарадан чиқиб кетиши ҳар доим ҳам маъқул келмайди, чунки санъаткор барибир ёпиқроқ бўлгани яхши. Ҳамма ҳаётий “харита”сини очиб ташласа, одамларга санъаткорнинг қизиғи қолмайди. Ижтимоий тармоқларда кимдир овқат еб турган расмини, кимдир яна бошқа шахсий жараённи суратга олиб барча билан ўртоқлашгиси келади. Мен ҳаётимдаги икир-чикирларни ҳамма билан ўртоқлашишни ўзимга эп кўрмайман ва ўртадаги чегарани ушлаб туришга ҳаракат қиламан. Эҳтимол, мухлислар билан шу даражада яқин бўлиш тўғридир, балки нотўғридир. Буни кимнидир ёмонлаш мақсадида айтмаяпман. Лекин санъаткор омма олдида сири билан тургани маъқул.

— Оила қуриш ҳақида қарор қабул қилишга тўғри келса, бунда ота-онангизнинг қарорига таянасизми ёки мустақил фикрингизга?
— Бу борада ўзим қарор қабул қилишга ҳаракат қиламан, чунки бўлажак рафиқам билан яшайдиган инсон — менман. Лекин шунда ҳам ота-онамнинг розиликларини олган ҳолда бир қарорга келаман.

— Келажакда қандай режаларингиз, ниятларингиз бор?
— Худо хоҳласа, ижодимни бундан ҳам яхшилаш ниятидаман. Яхши-яхши қўшиқлар, клиплар тақдим этиш, йил охири ёки кейинги йил бошига концерт дастури бериш режамизда бор.

Юртимизда сидқидилдан меҳнат қилган инсон, албатта, роҳатини ҳам кўради. Мен ҳам устоз санъаткорлар эришган ютуқ ва мукофотлар соҳиби бўлиш орзусидаман. Ҳаракатларимизни бесамар қўймасин, дейман.
Муҳаббат ШАРИФОВА суҳбатлашди.

Манба: tasvir.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Шаҳзод МУРОДОВ: “Ҳаётий “харита” очиб ташланса, унинг қизиғи қолмайди”