Санъатни қайиққа қиёслайдиган бўлсак, Азиз Раметов унинг икки-уч эшкагини баравар бошқараётган ижодкор саналади. Ширали овози бор, жуда кўп роллари билан мухлислар орттирди, режиссёрлик ишига ҳам қўл урди.
Ижодкорнинг руҳий олами билан танишиш, уни яқиндан ўрганиш мақсадида Азиз билан суҳбатлашдик. Рости, cуҳбат давомида у қаҳрамонларидан кескин фарқ қилувчи, мулоҳазали ва таъсирчан инсон эканлигига амин бўлдик.
— Ижодкорлар оиласида дунёга келган бўлсангиз ҳам, болаликда ҳарбий лицейда таҳсил олган экансиз. Ҳарбий бўлиш орзуингизмиди ёки ота-онангизнинг танлови?
— Шу кунгача “Қачондан буён санъатга қизиқаман?” деган саволга жавоб тополмайман. Чунки онамнинг қорнидалигимданоқ спектаклларда иштирок этганман, ҳомиланинг тўққизинчи ойида онам билан халқаро театр фестивалида ғолиб бўлганман (кулиб). Болалагимдан Глиэр номидаги мусиқа мактабида ўқиб, виолончель бўйича сабоқ олдим.
Мардлик ва қатъият эр кишига сув ва ҳаводек зарурлиги боис, ота-онам мени ҳарбий лицейда ўқишимни исташди. Бу танлов менга ҳам маъқул бўлди. Шўхликлар йўқолиб, ҳарбийлар ҳаётига мослашишга уриндим. Аммо касб танлашда инсоннинг феъл-атвори ҳам муҳим аҳамиятга эга экан. Қатъиятли эдим-у, аммо бир илҳом келса, қўшиқ ёки латифа айтиб, олқиш олмагунча қўймасдим. Бир куни лицей директори, раҳматли Собир ака ота-онамни олдиларига чақириб: “Ўғлингизнинг бўй-басти ҳарбийликка мос бўлса-да, бунинг қонида санъат жўш уряпти. Истеъдодини юзага чиқариш керак. Ҳарбий бўлса-да, барибир ҳаётини санъатсиз тасаввур этолмайди”, — деган эди.
Мен ҳаётимни ҳарбий соҳа билан боғламаган бўлсам-да, барибир унга қизиқаман. Директоримиз ўшанда “Агар режиссёр бўлсанг, албатта, ҳарбийлар ҳақида кино олгин”, — дея маъноли кулиб қўйганди. Қарангки, орадан анча йиллар ўтиб, бу тилак амалга ошди ва илк фильмим — “Арслон изидан” яратилди.
— Кўпчиликнинг фикрича, Азиз Раметов халқ орасида осон танилди…
— Бу қайси томондан ёндашиб жавоб излашингизга боғлиқ. Осонлиги шундаки, болаликдан санъат ичида пишганим боис, томошабинга нима ёқиш, нима ёқмаслигини билардим. Қийин томони эса кўпчилик ўйлагандек, ота-онам қўлимдан етаклаб студияга олиб кирмаган ёки режиссёрлар билан гаплашиб, бош ролларни олиб бермаган. Онам меҳрибон бўлса-да, ижодимга нисбатан анча қаттиққўл инсон.
Ўзбекистон давлат консерваториясида ўқиб юрган кезларим тез-тез кинотеатрга борар, кастингларда иштирок этиб юрардим. Бир куни Алишер Навоий номидаги кинотеатрга борсам, йўлакда машҳур режиссёр Қамара Камоловани учратиб қолдим. Салом берганимдан кейин у киши менга тикилиб туриб, бир нечта савол берди. Айниқса, “Кинода ўйнашни хоҳлайсанми?” деган саволи мени эсанкиратиб қўйди. Ҳатто тилим калимага келмай, тинмай бош чайқадим. “Ўзбекча Ромео ва Жульетта ҳақида фильм суратга оляпмиз. Унда актриса Саида Раметова онанг ролини ўйнайди. Сьёмка олдидан тайёргарлик кўрмасанг бўлмайди, Саида анча тажрибали, талабчан актриса” деб, телефон рақамини берди. Бу ҳақда ҳеч кимга айтмадим ва онам билан суратга олиш майдончасида учрашдим. Онам “Тинчликми? Нега келдинг?” — деб мени сўроққа тутаётган чоғида Қамара опа келиб: “Саида, у сизнинг ўғлингиз ролини ўйнайди. Тажрибасиз, ёрдамингизни аямассиз”, — деди. Сир очилгач, онам кулиб, мени маҳкам бағрига босганди.
— Азиз Раметов хонандалик, актёрлик ва режиссёрлик соҳасига ҳам қўл урди. Бу йўналишларни санъат бирлаштириб турса-да, аммо ҳар бирининг машаққати, услуби алоҳида. Уларнинг қай бири сизга яқинроқ?
— Асли профессионал эстрада хонандасиман. Аммо баъзи тасодиф ва ота-онамнинг фаолияти сабаб, кўпчилик мени актёр деб билади.
Эстрада цирк коллежида ўқиб юрганимда яқин курсдошим: “Бугун киносиновга мен билан боролмайсанми?” деди. Унга шунчаки ҳамроҳ бўлиб, маҳоратли драматург Рихсивой Муҳаммаджонов суратга олаётган “Қайдасан, муҳаббат?” фильмининг кастингига бордик. Хонада Рихсивой ака ўтириб, пиёладаги чойни симириб, иштирокчиларни кузатиб ўтирган экан. Курсдошимнинг навбати келганда, Рихсивой ака: “Севганмисан?” деб савол берди. Курсдошим буни шунчаки суҳбат деб ўйлади чоғи, “Йўғ-эй, нималар деяпсиз…” деб жавоб бериб қўяқолди. Унинг кўзлари камерани излар ва унинг қаршисида синов топширишни хоҳларди. Шу онда онамнинг “Режиссёрга камеранинг кераги йўқ, у кимнинг нимага қодирлигини гап-сўзи ва нигоҳидан ҳам англайди” деган сўзлари ёдимга тушди. “Мен севганман!” деб отилиб чиқдим ва машҳур ҳинд фильмидаги монологни ўқидим. Таъсирчан ижодкор бир нуқтага тикилганча мени тинглади ва беихтиёр кўзига ёш олди.
“Сен синовдан ўтдинг! Эртага суратларингни олиб кел!” — деди сўнг ва бошқа иштирокчиларга миннатдорчилик билдирди.
Курсдошимнинг таклифи сабаб, хусусий фильмлардаги илк ролим яралди. Айтмоқчиманки, менда ҳеч қачон актёр бўлиш хоҳиши бўлмаган. Кутилмаган омад ва кети узилмай қолган таклифлар сабаб, актёрлик асосий фаолиятимга айланиб қолди. Аммо 6-7 йил олдин ролларим сабаб, томошабинлар нотўғри хаёлларга боришаётгани, дилни хира қиладиган миш-мишлар тарқалаётганини пайқадим. Тасаввур қилинг, тўйда хурсанд бўлиб қўшиқ куйласангиз-у, даврадаги аёлларнинг бири сизни гиёҳванд, бири хотинбоз, бошқаси эса фигибгар эканлигингиз ҳақида ёнидаги ҳамроҳи билан суҳбатлашса… “Ўтов” фильми актёр сифатида очилмаган қирраларимни очди, аммо баъзи ишонувчан томошабинлар бу шунчаки роль эканлигини тушунишмади.
Инсон жисмонан қанчалик кучли бўлмасин, руҳиятига теккан бир оғиз сўз қаддини букиб қўя олади. Мен буни жуда чуқур англадим. Аммо “Ўтов”даги ижроимдан ҳеч қачон афсусланмайман. Томошабинларнинг ҳеч бўлмаса, 50 фоизи фильмни кўриб, қаҳрамон ҳаётидан ўрнак олган бўлса, демак, биз ўз мақсадимизга етдик.
— Беш йил давомида суратга олинган “Арслон изидан” фильмидан кўнглингиз тўлдими?
— Биласизми, мен бежиз режиссёрликка қўл урмадим. Ўзимни кашф қилиш, аслида қандай инсон эканлигимни кўрсатиб беришни мақсад қилгандим. Фильм ғоясини Ўзбекистон халқ артисти Иқбол Мирзо билан бирга яратдик. Фильмда катта жамоа меҳнат қилди. Беш йиллик меҳнат учун шу кунгача тўплаган гонарарларим ва энг севимли учта машинамни тикдим. Чунки бу фильмдан маблағ олишни эмас, ўзбек киносига янгилик киритишни ният қилгандим. Ўзим хоҳлагандек фильм яралди, аммо унинг моҳиятини ҳамма ҳам тушунолмади. Оддий томошабин-ку, тушунмаса алам қилмасди, аммо шу соҳанинг мутахассислари фильм моҳиятини англашмагани одамга алам қилди. Тан оламан, фильм мураккаб, бир муддат чалғисангиз, уни тушунмай қоласиз. Блокбастер — жангари саҳналарга бой, компьютер графикасидан ҳам етарлича фойдаланилган. Аммо ниятим ур-йиқитни кўрсатиб, ёшлар онгини заҳарлаш эмас, ҳарбийлар мисолида ёшларни бу соҳага қизиқтириш ва Ватан туйғусини сингдириш эди. Ёшман, атрофдагиларнинг ҳам нимага қизиқаётганини яхши биламан. Агар Ватан мавзусида ҳужжатли фильм услубида бирор кино суратга олсам, унинг томошабинлари саноқли бўларди. Ёки ёшларга уни мажбурлаб томоша қилдирардим.
Гарчи топган маблағимиз сарфланган пулнинг ўрнини қопламаган бўлса-да, фильм 2017 йилнинг энг томошабоп фильми бўлди. Уни зиёлидан тортиб, кўча безорисигача бўлган даражадаги томошабин кўрди. Қўполроқ бўлса-да айтаман, мен “қармоқ”ни одатдагидек эмас, бир оз айёрона йўл билан балиққа ташладим. Қармоқ, унга илинган озуқа ҳам ўша, фақат усул ўзгарган холос.
— Фильм яратилишининг машаққатини қачон ҳис қилдингиз?
— Тошкент вилоятининг “Назарбек” ҳудудида жангари саҳналарни суратга олишимиз керак эди. Ролга киришиб кетдик, бақир-чақир, грим, қўлда қурол… Буни нотўғри тушунишди ва айбсизлигимиз исботлангунча 15 сутка қамоқда ўтиришимизга тўғри келди. Ўша дамда нафақат ўзим, балки 20 кишидан ортиқ ижодий гуруҳ аъзоларини қийнаб қўйганимни тушундим.
— Бундай қийинчиликлардан сўнг режиссёрлик фаолиятингизни давом эттирасизми?
— Ҳозирча бунга тайёр эмасман. Кейинги фильм учун мифологиянинг тарбиявий жиҳатларини асос қилиб олиш ниятим бор.
— “Азиз Раметов кинода кам ўйнайди. Кейинги пайтларда қўшиқ ҳам айтмай қўйди” деган гапларга муносабатингиз қандай?
— Кинода кам ўйнаяпман, кўпгина роллардан ўзимни чеклаяпман. Бунинг сабабини юқорида айтиб ўтдим. Охирги беш йил ичида эса элликка яқин қўшиқлар ижро этдим. Уларнинг 12тасини саралаб, альбом яратдим. Битта маҳзун қўшиққа клип суратга олдим. Кичик сиримни очсам, мен хонанда, актёрликдан ташқари, клипмейкерлик ва монтажчилик билан ҳам шуғулланаман. Бир қанча хонанда дўстларимнинг клипини суратга олганман. Онам айтганидек, пулни тежаш учун монтажчиликни ҳам ўргандим (кулиб).
— Ота-онангизнинг оиладаги ва ижоддаги қайси ишлари сизга ўрнаг-у, қай бирини такрорлашни истамайсиз?
— (ўйланиб) Ўрнак бўладиган жиҳатлари бисёр. Балки камчиликлари ҳам бордир. Аммо уларнинг ҳеч бири менга сезилмайди.
— Оилангизда қиз фарзандлар йўқ. Уй тозалаш ёки овқат пишириш ҳеч сизнинг чекингизга тушганми?
— Қиз йўқлиги ва кенжа фарзанд бўлгани учун Азиз ҳамиша дастёр бўлган. Ота-онамга ёрдам бериш учун акам иккимиз овқат пиширган, кир ювиб, уй тозалаган кунларимиз кўп бўлган. Ҳозир ҳам шундай. Келинойим чой берсин ёки онам кўйлагимни дазмолласин, деб кутиб ўтирмайман. “Ўз-ўзига хизмат” тушунчаси сақланиб қолган.
Наргиза МУРОДОВА суҳбатлашди.
Манба: Tasvir.uz “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди