08:02 / 31.08.2018
8 289

«Менинг юртим» телеканали раддия берди: Муҳими – томошабинга хиёнат қилмаслик (фото)

«Менинг юртим» телеканали раддия берди: Муҳими – томошабинга хиёнат қилмаслик (фото)
«Менинг юртим» телеканали «Kun.uz» сайтида эълон қилинган танқидий мақолага муносабат билдирди.

Шубҳасиз, аёл образи дунё адабиётида муҳим ўрин тутади. Кино санъатини эса аёл образисиз тасаввур қилиш қийин. Шундай экан муаллиф Хуршид Далиевнинг «Миллий сериал бренди билан «миллий хиёнат» тарғиботига «старт» берилдими?» сарлавҳасига биз йўқ деб жавоб берамиз. Асло миллий сериал бренди асосида ҳеч қандай хиёнат тарғиб қилинмаяпти.

Кино санъатида хиёнат мавзуси бугун пайдо бўлгани йўқ. Ҳаётни акс эттиришни мақсад қилган ҳар бир ижодкор ўз асарида ҳаётда учрайдиган муҳаббат, хиёнат, садоқат, вафо мавзуларида ижод қилади. Бугунги кунда барча телеканаллар турк сериалларни намойиш этиб, бизнинг менталитетга зид маданиятни томошабин онгига сингдиряпти. Бу сериалларда эрини сенлайдиган, ота-онасига ҳурмат-эҳтиром кўрсатмайдиган қаҳрамонлар тўлиб тошиб ётибди. “Менинг юртим” телеканали бу каналлардан фарқли ўлароқ бугунги кунимиз ҳаёти ва муаммолари акс этган сериалга мурожаат қилди. Унда эса айнан ўзбек жамиятидаги оилалар ва уларнинг ҳаётига кўзгу тутилган холос. Зеро, донишманд халқимизда одобни одобсиздан ўрган, деган ҳикмат ҳам бор бу ерда. Ахир ҳаёт текис бир йўл, бир қолипда кечадиган жараён эмаски, уни бўяб, хаспўшлаб, зиддиятларсиз қилиб акс эттирсак.

Ўз номи билан “Фитна” сериалида айнан муаллиф қайта-қайта таъкидлаб ўтган аёл хиёнати фош этилган. Ўқитувчи бўладими, сотувчими ёки сартарош, оиласига, турмуш ўртоғига, фарзандларига хиёнат қилган аёл охир-оқибатда хор бўлади. Хиёнат ўз номи билан хиёнат. Касби ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, салбий қаҳрамон хиёнат қилар экан бадиий асар ёки кинода очиқ тасвирланади. “Фитна” сериалида беҳаё саҳналар, беадаб гаплар йўқ. Устига устак кундалик ҳаётимизда рўй бераётган воқеалар ҳам киритиб бориляпти. Бугун ошкоралик замони, муаммоларни очиқ-ойдин кўрсатмасак ким кўрсатади? Бизга фақат дўппи кийган ўзбек қизининг намунали ҳаёти кўрсатилган силлиқ сериаллар керакми фақат? Бу сериал ўзига хос динамикаси билан бошқа сериаллардан ажралиб узундан узоқ воқеалар чайналмайди. Сериал ижодкорларининг мақсади муаллиф назарда тутгандек ўзбек аёлини таҳқирлаш эмас, балки жамиятда учрайдиган ёвуз иллатларни акс эттириш орқали томошабинни мушоҳада қилишга ундашдан иборат.

Режиссёр Дилшод Аҳмедов бу хиёнат мавзусини “ихтиро” қилмаган. “Фитна” сериали ёзувчи Жамила Эргашеванинг “Қир устидаги аёл” қиссаси асосида суратга олинган. Шундай экан сериалнинг Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси рухсати билан чоп этилган асарга асосланишининг ўзи Хуршид Далиевнинг “«Ўзбеккино» миллий агентлиги нега бу сериал экранга чиқишига рухсат берди? Агентлик бадиий кенгаши бу «Фитна»нинг сценарийси ва суратга олинган эпизодларнинг умумий ғоявий мақсади билан танишиб чиққанми?” қабилидаги саволларига жавоб бўлади.

Сериалда нафақат хиёнат мавзуси балки, фирибгарлик, одам савдоси, оммавий маданиятнинг салбий оқибатлари, уюшган жиноятчилик, порахўрлик ва гиёҳвандлик каби иллатлар кескин қораланган. Бу иллатлар замирида ҳаётда адашган, қалтис хатога йўл қўйган инсонлар тақдири ётади. Нозима ана шундай адашган салбий қаҳрамонлардан бири. Келинининг хиёнатини ўғлидан яширмоқчи бўлган қайнонанинг хатти-ҳаракатларини нимага оқламаслик керак? Қайнона ҳам она. Набираларини етим қилмаслик, бутун оилани сақлаб қолишни мақсад қилган, ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотиб улгурган аёлга нима эътирозингиз бор?! Ҳар бир инсон қилган хатоси, гуноҳи ва жинояти учун жавоб беради. Сериалдаги тақдирлар мисолида ҳар қандай ножўя ҳаракат ва гуноҳнинг жазоси муқаррарлиги кўрсатиб берилган. Сериалда бу иллатлар оқланмаяпти, аксинча, реал тақдирлар, реал воқеалар орқали қораланиб, фош этиляпти. Энг муҳими, сериал финалида яхшилик ёмонлик устидан, муҳаббат нафрат устидан, эзгулик эса ёвузлик устидан ғолиб бўлади ва ижобий якун топади.

Режиссёр Дилшод Аҳмедов “Фитна” сериалига қадар “Тўқликка шўхлик”, “Қилмиш-қидирмиш”, “Салом группадагилар” фильмлари ва “Виждон азоби” сериали орқали томошабинлар қалбидан ўрин эгаллаган. “Фитна” сериалида эса режиссёр ёш ижодкор сифатида жамиятимиздаги фожиавий иллатларни акс эттириш орқали уларга қарши курашишни мақсад қилган. Агар биз Дилшод Аҳмедов каби режиссёрларимизнинг ҳар бир ижод маҳсулини кўр-кўрона танқид остига олаверсак кино санъатимиз қандай тараққий этади? Биз бу ижодкорларни қўллаб-қувватламоғимиз, уларнинг интилишларига тўсқинлик қилмаслигимиз керак. Шу ҳолатдагина хориж сериалларига кунимиз қолмасдан миллий сериалларнинг ҳам яратилишига имкон берган бўламиз. Унутмаслигимиз керакки, ижод эркинликни талаб қилади. Ижодкорга биз буюртма бера олмаймиз. Агар биз ўз қолипларимиздан келиб чиқиб, буюртма берар эканмиз санъатга ва томошабинга хиёнат қилган бўламиз.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » «Менинг юртим» телеканали раддия берди: Муҳими – томошабинга хиёнат қилмаслик (фото)