date

Германияда россия хавфидан кейин “уй-бункер”лар сотувга чиқди

Германияда россия хавфидан кейин “уй-бункер”лар сотувга чиқди

Европада геосиёсий таранглик кучайиб бораётган бир пайтда, Германия аҳолиси ўз хавфсизлигини таъминлаш учун янги ечим изламоқда. Мамлакатда охирги ойларда шахсий бошпаналар, яъни уй шароитида фойдаланишга мўлжалланган мини-бункерларга бўлган талаб кескин ошди. Бу ҳақда BILD нашри маълум қилди.

Таҳлилчиларнинг қайд этишича, россиялик ҳарбийлар ёки дронлар томонидан эҳтимолий провокациялар ҳақидаги хавотирлар немис фуқаролари онгида реал қўрқувга айланди. Шу боис маҳаллий ишлаб чиқарувчилар хавфсизликни таъминловчи янги турдаги маиший қурилмаларни таклиф эта бошлади.

Бундай маҳсулотлар орасида биринчи бўлиб BSSD Defence компанияси ишлаб чиққан “уй бункери” прототипи сотувга чиқди. Бу ҳимоя модули 16 квадрат метр майдонга эга бўлиб, деворлари 20 сантиметр қалинликдаги темир-бетондан тайёрланган.

Лойиҳани яратган муҳандислар уни ҳафтанинг етти куни давомида автоном яшаш имконини берувчи мини-уй сифатида тасвирлашмоқда. Унинг ичида тўртта йиғма каравот, душ, ҳожатхона, мини-ошхона ва дераза вазифасини бажарувчи экран мавжуд. Ёруғлик тизими инсон кайфиятига мос равишда ранг ва ёрқинликни ўзгартириши мумкин.

BSSD Defence раҳбари Марио Пайденинг таъкидлашича, мазкур бошпана дронлар, миномёт снарядлари ва ҳатто 107 миллиметрли ракета зарбаларига ҳам бардош бера олади. Агар у ер остида бир неча метр чуқурликда ўрнатилса, ядровий портлашнинг таъсирини ҳам 20 километр радиусда сўндириш имкони бор.

“Биз истаймизки, одамлар бункерни қўрқинчли бетон қути деб эмас, балки замонавий ҳимоя воситаси, хотиржамлик рамзи сифатида қабул қилишсин”, — дейди Пайде.

“Уй-бункер”нинг нархи базавий тузилишида 50 минг евродан бошланади, тўлиқ жиҳозланган версияси эса 150 минг еврога етади. Ҳар бир бункерни тайёрлаш учун тахминан 70 иш куни талаб этилади.

Мутахассислар таъкидлашича, бу каби маҳсулотларга бўлган қизиқиш Германиянинг турли шаҳарларида тез суръат билан ўсмоқда. Айрим ишлаб чиқарувчилар бу моделларни нафақат хусусий уйлар учун, балки корхона, мактаб ва кичик шаҳарчаларда ҳам жорий этишни режалаштирмоқда.

Иқтисодчилар фикрича, “уй-бункер” тенденцияси Европа хавфсизлик сиёсатида янги босқични англатади. Фуқаролар ҳозир нафақат барқарор электр ёки интернет ҳақида, балки жисмоний ҳимоя ҳақида ҳам ўйлай бошлашган.

Бундай ёндашув, айниқса, Россия ва Ғарб ўртасидаги муносабатлар совуқлашган бир пайтда, Европа жамиятида хавфсизлик маданиятининг янги босқичга кўтарилаётганини кўрсатади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Германияда россия хавфидан кейин “уй-бункер”лар сотувга чиқди