10:57 / 26.12.2018
4 130

Ўзбекистон халқ артисти Маҳмуд Намозов билан суҳбат

Ўзбекистон халқ артисти Маҳмуд Намозов билан суҳбат
Қалбларга ором бағишловчи қўшиқларнинг ўз жозибаси ва илоҳий сеҳри бор. Шунинг учунми барчага бирдек манзур бўладиган қўшиқлар яратиш ҳамма санъаткорга ҳам насиб этавермайди. Аммо бугунги суҳбатдошимиз ана шу ишни уддалаган ва ёшу қарининг бирдек севимли санъаткорларидан бирига айланган Ўзбекистон халқ артисти Маҳмуд Намозовдир.

— Маҳмуд ака, «Кўза» қўшиғингиздан кейин деярли хит қўшиқлар яратмадингиз. Бунинг сабаби нимада?
— Албатта, қайси қўшиғи хит бўлиши бу санъаткорнинг ўзига боғлиқ эмас. Баъзан ўзимиз кутмаган қўшиқларимиз одамлар орасида оммалашиб, хит бўлиб кетиши, кутганларимиз эса унчалик эътиборни тортмаслиги мумкин. Лекин нима бўлганда ҳам ижодкор тўхтамасдан ижод қилаверади.

«Кўза» қўшиғини 2012 йилда айтган бўлсам, ундан кейин ҳам ўнлаб қўшиқлар яратдим, 2-3 та альбом чиқардим. Буларнинг ичида ҳам мухлисларимиз эътиборини қозонган қўшиқларимиз кўп, назаримда.

— Ижодингиздан қониқиш ҳис этасизми?
— Бу жараён кўпчиликда бўлар, балки. Аммо менда ҳеч қачон ижоддан қониқиш ҳисси бўлмаган. «Энди нималарнидир уддаладим, мана, энди ҳаммаси яхши бўлди», деганимда яна янги бир ғоя ва дард пайдо бўлади. Кейин яна ҳеч нарса бўлмагандек ҳаммасини нолдан бошлашга тўғри келади. Нимадир айтиш ва нимадир яратиш ишқи билан ёнасиз. Биласизми, янги бир қўшиқ яратиш ижодкор учун янги бир иморат қуриш билан тенг. Аввало, ҳамма нарса ижодкорнинг кўнгил кечинмалари билан боғлиқ. Қўшиқчининг кўнгил кечинмалари унинг яратаётган қўшиқлари, дард тўла овозидир. Қисқа қилиб айтганда, менда ҳеч қачон ижоддан қониқиш ҳисси бўлмайди.

— Маҳзун қўшиқларингиз ҳам тезда хит бўлади. Ўзингизга қайси йўналишда куйлаш кўпроқ ёқади, шўхми ёки маҳзун?
— Маҳзун қўшиқлар — инсоннинг ичидаги дарди, уни айтмасликнинг иложи йўқ. Балки, шунинг учун бўлса керак, маҳзун қўшиқларни ҳам кўп айтаман ва агар айтмасам, ичимда дард қолиб кетаётгандек бўлаверади. Улар менинг қарашларим, дардларим ва туйғуларимдир. Маҳзун қўшиқларимиз ҳам мухлисларимизга ёқаётган бўлса, албатта, мен бундан жуда хурсандман ва уларни куйлашда давом этаман.

— Қўшиқчиликдаги сурхонча йўналишни айнан сиз бошлаб бердингиз, десак, муболаға бўлмаса керак. Ҳозир шу йўналишда ижод қилаётганлардан кўнглингиз тўляптими?
— Бу йўналишда қўшиқ куйлаётган санъаткорларнинг ижодлари жудаям суст, деб ўйлайман. Бунинг учун ҳаммамиз жуда катта куч билан ҳаракат қилишимиз керак. Сабаби, сурхонча куйлаганда дашт қўшиқчилиги одамлар ўйлаганидан ҳам кўра гўзалроқ ва сеҳрли. Унинг катта бир имконияти, гўзаллиги ва жозибаси бор. Хоҳлардимки, мана шу санъатни яна кўпчилик бўлиб бутун оммага тарғиб қилишимиз керак. Унинг ўйноқилиги, жарангдорлиги, фалсафаси ва жозибасини халққа етказиб беришимиз ва бу борада ҳали кўп ишлар қилишимиз керак.

— Қўшиқчиликдаги сурхон мактабига устозлик қилиш ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?..
— Албатта, эртага пенсия ёшига етсам ёки сафарлардан бир куни тўхтасам, сурхонча усулнинг эстрада йўналишидаги мактабини ташкил этиш ёки унинг баъзи бир йўналишларини тарғиб қилувчи марказлар очиш ниятим йўқ эмас. Лекин ҳозир бу иш билан шуғулланишга вақтим етмайди. Шогирд тайёрлаб, улар билан дарс ўтишга ҳам вақт тополмасам керак. Шунинг учун шогирдларимнинг ўзлари мени қидириб келишса, улардан ҳеч қачон ёрдамимни аямайман ва эртами, кечми, сурхон мактабини очишни, албатта, уддалайман, деб ўйлайман.

— Ижоддаги собитлик. Бунга доимо амал қилиш учун нима қилиш керак, деб ўйлайсиз?
— Буни касбга ва ижодга бўлган катта масъулият ва ҳурмат, деб тушунаман. Қолаверса, тинимсиз меҳнат ҳам дегани. Инсон қачонки меҳнат қилишдан тўхтаса ёки «Энди бўлди», деб ўйласа, ўзиям ўша пайтда яшашдан тўхтаган бўлади, деб ўйлайман. Шунинг учун санъаткорнинг собитқадам бўлиши ўз мухлисини, касбини ва қилаётган ишини яхши кўриши билан боғлиқ.

— Маҳмуд Намозовнинг тўйбоп қўшиқлари жуда кўп дейишади. Тўйларингиз шунча кўпми?
— Билмадим. Қайси тўйга борсам, аввало, мени яхши билган ва таниган мухлисларим чақирган бўлади. Қўшиқларим бошлангандан ўйнаб кетадиган ва шу қўшиқлар руҳияти билан яшайдиган одамлар мени кўпроқ тўйига чақирса керак-да. Шунинг учун қайси жойга бормай, одамлар маза қилиб ўйнайди, ўзим ҳам маза қилиб қўшиқ айтаман. Шу ўринда айтишим керакки, тўйбоп қўшиқлар, дегани ҳам унчалик тўғри гап эмас. Чунки мен ҳеч қачон «Мана шу қўшиқни тўй учун айтаман», дея ният қилмайман.

— Сизни тўйга таклиф этиш учун анча олдин буюртма бериш кераклиги ҳақида эшитганмиз. Шу гап ростми?
— Ҳа, рост. Жуда кўп мухлислар, жумладан, журналистлар ҳам қўшиқчилар фақат Тошкентда яшайди ва асосан, шу ердаги тўйларга боради, деб ўйлашади. Бу нотўғри фикр. Чунки мен ижодга кириб келиб, то танилганимдан буён борадиган жойларим ўзимнинг таъбирим билан айтганда, отчопарнинг нариёғидаги тўйлар. Қурбон Ҳайитининг биринчи кунига ҳам уйимга етиб боролмадим. Сабаби, Жиззахга боришга ваъда бериб қўйгандим. Кейин Сурхондарёда бўлдик. Шунинг учун мени тўйларига чақирадиган мухлисларим режамга қараб иш тутишса, ёмон бўлмасди. Чунки мен ҳам ҳамманинг кўнглини бирдек ололмайман.

— Айтилган жойга боролмай қолган пайтларингиз ҳам бўлганми?
— Албатта, ҳаммамиз ҳам тирик жонмиз. Умид қилиб олдингизга келган одамларга ваъда бераверасиз. Аммо шундай пайтлар бўладики, жуда қаттиқ касал бўлиб, боролмай қолишингиз ҳам мумкин. 2011 йили тўсатдан отам оламдан ўтиб қолганида ана шундай ҳолатга тушгандим. Давлат тадбирлари ҳам бўлиб қолиши ёки тушунмовчилик сабаб, нотўғри санани ёзиб қўйган бўлишимиз мумкин. Албатта, буни икки томон ҳам тўғри тушуниши керак. Шунинг учун тўй бўладими ёки бошқа бир тадбирми, бир ой олдин ваъда берган бўлсак-да, ўша санага беш-олти кун қолганда ҳеч бўлмаганда 2-3 марта ҳол-аҳвол сўраб қўйсангиз, ёмон бўлмайди, дея тайинлаб қўяман.

— Аввалги суҳбатларингизда ҳар икки йилда концерт беришга амал қиламан, дегандингиз. Аммо кейинги пайтларда бунга амал қилмаётгандексиз..
— Тўғри, ҳар хил сабаблар туфайли тез-тез концерт беролмай қолдик. Лекин ҳозир концертга жуда қаттиқ тайёргарлик кўряпмиз. Агар улгурсак, шу йил, улгролмасак, келаси йилнинг бошида, албатта, концерт бериш режамизда бор.

— Фарзандларингизда меҳнатга кўникмани шакллантира олдим, деб ўйлайсизми?
— Меҳнатга кўникма шунақа нарсаки, ҳар бир инсон ўзи қилаётган ишини яхши кўриши, ардоқлаши ва ҳурмат қилиши керак. Шунда маза қилиб ишлайди ва бу меҳнат унинг учун фойдали ҳам бўлади. Касбнинг яхши ва ёмони йўқ. Фарзандларим қилаётган ишига масъулиятли бўлиш учун ҳаракат қилишади. Менимча, энг муҳими ҳам шу бўлса керак. Ўзим уларга ёрқин мисол. Кечаю кундуз тинимсиз ишлайман. Шунинг учун болаларим ҳам мендан ўрнак олади ва ўз ишини билиб қилади, деб ўйлайман.

— Ҳозир қандай янги қўшиқлар устида ишлаяпсиз?
— «Фотимажон» деб номланган янги шўх тарона устида ишлаяпмиз. Бу қўшиқни ҳар хил усулда куйлаб кўрдим. Энди бу ёғига мухлислар баҳо беришади.

— Армонингиз борми?
— Менимча, бу дунёда беармон инсоннинг ўзи бўлмаса керак. Менда ҳам армонлар бор. Аммо буни айтиб, ҳам ўзимнинг, ҳам мухлисларнинг кайфиятини тушириш ниятим йўқ.

— Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!
СИТОРА суҳбатлашди.

Манба: Hordiq.uz

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Маданият » Ўзбекистон халқ артисти Маҳмуд Намозов билан суҳбат
[/banner_pushhouse