03:00 / 12.05.2019
3 556

Яратганга юкуниш…

Яратганга юкуниш…
Ҳаётда кино жиннисимасман. Аммо бир қизиқсам охиригача кўрмасам ҳовурим босилмайди. «Zo‘r TV»да эфирга берилаётган «Эртуғрул» сериалини халқимизнинг аксар қисми севиб кўраётгани ҳам айни ҳақиқат. Бу сериал эфирга берилишни бошлаганида бир неча яқин инсоним кўришни тавсия қилганида ҳам қизиқмаган эдим. Сабаби, юқорида айтганимдек, кино кўришга, айниқса, реал ҳаётга тўғри келмайдиганларини кўришга тоқатим йўқ.

Шунинг учун бўлса керак, «Эртуғрул»нинг «Zo‘r TV»даги деярли 50-серияси давом этаётган бир вақтда ҳам бу сериалга қизиқиш билдирмагандим. Бу тарихий шахс аслида ким эканлигига бўлган қизиқиш сабабли сериални адашмасам 2-3 сериясини кўрдим-у, боғландим, қолдим. Нега биласизми? «Эртуғрул» образида дини, халқи, ҳақиқат учун курашадиган ҳақиқий эркакни кўрдим. Тўғри, бир вақтлар «Қашқирлар макони» ёки турли тарихий корейс сериалларини ҳам кўрганмиз.

Кўрганда ҳам астойдил томоша қилган вақтларимиз бўлган, бироқ ўша сериаллар қанча чўзилса шунча меъдага тегишни бошлар эди. Ё тезроқ тугасин, дер эдик ёки томошани йиғиштириб қўярдик. Сабаби, гарчи тарихий бўлса-да уларнинг аксари ҳаётдан узоқ воқеалар эди ёки бизнинг менталитет ва динимизга тўғри келмасди. «Эртуғрул»да ҳам айрим саҳналарга ишонч билдирилмаслиги мумкин, хусусан, бош қаҳрамон заҳарланиб, вафот этади, бироқ бир олим инсоннинг масофадан туриб қилган дуоси сабабли ҳаётга қайтади.

Кўринишидан реал ҳаётга тўғри келмаслиги мумкин, аммо биз мусулмонмиз, мусулмонлар дуонинг кучига ишонади. Айрим киноларда сеҳр билан инсонлар тирилиб кетаётганини кўриб турибмиз-ку, дуо билан ҳаётга қайтса бунинг нимаси ёмон? Фарзандларимиз сеҳрга ишонгани маъқулми ё дуонинг кучига?! Аллоҳнинг буюклигигами ёки ўзимизга ўхшаган бандаларнинг кўз бўямачилигига?

Сериал давомида бошига қилич келган мусулмонларнинг деярли 99 фоизи шаҳодат калимасини қайтариб, ўлимга тайёрланяпти. Ёки қиличдан зарба еб, вафот этиши аниқ бўлган мусулмонлар ҳам тилидан калимани қўймаяпти. Энди бизнинг кино ёки сериалларни кўринг ва эътибор қаратинг. Очиғи, мен бизнинг кино ёки сериалларда бундай саҳналарга кўзим тушмаган, балки бордир, кўрмагандирман. Аммо эсимни танибманки, катталар шундай ўргатишган: «Охирги сўзинг шаҳодат калимаси бўлсин».

Кино ва сериаллар бизнинг халққа қанчалик тез таъсир қилиши бугун ҳеч кимга сир эмас. Шундай экан, келинг азиз киноижодкорлар, фақат «севдим, куйдим, бой экан, камбағал эканларни» эмас, сўнгги сўз шаҳодат калимаси бўладиган саҳналарга кўпроқ ва жиддийроқ эътибор қаратинглар. Зеро, ҳаммамизнинг бошимизда ўлим бор ва барчамиз сўнгги сўзимиз шаҳодат калимаси бўлишини хоҳлаймиз!

Эртуғрул ва унинг овули Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон ҳудудидан кўчиб кетган туркий қавмдир. Қайсидир маънода улар ҳам ўзбек. Шу боис, сериалда намойиш қилинган айрим саҳналар ўзбеклигимизга жуда яқин, аслида бир хил, аммо сўнгги йилларда бу одатлар бизни тарк этиб бораётгани боис янгиликдек туюлмоқда. Жумладан, сериалдаги бир саҳнада Эртуғрул фарзандидан айрилган келинойисининг (акасининг турмуш ўртоғи) холидан хабар олгани келади. Шунда келинойиси жаҳл оҳангида унга насиҳат қилади. Бу насиҳатга Эртуғрулнинг жавоби қуйидагича бўлди:

– Бу овулнинг ўз одати бор, бу овулда эрлар эрлигини, хотинлар хотинлигини қилади. Хотинлар эр ишига аралашса, овулда тартиб бузилади. Мен эса, тартибни бузган хотиннинг гапига қулоқ солмайман!

Хўш, бундан 50-60 йиллар муқаддам бизда ҳам ҳудди шундай одатлар ҳукмрон эмасмиди? Бу айримлар айтганидек, эскиликмас, ҳақиқий ўзбекона урф-одат. Айтганча, «Эртуғрул» сериалини аввалига «Zo‘r TV»да кўриб юрдим. Кейин интернет сайтлар орқали рус тилига таржима қилинган вариантини томоша қилишни бошладим. Шу тариқа «Zo‘r TV»дан анча олдинга ўтиб кетдим (Чунки адашмасам «Zo‘r TV» бир сериани уч қисмга бўлиб кўрсатяпти).

Бора-бора рус тилига таржима қилинган вариантидан кўра, турк тилидаги сериаларни кўришни маъқул деб билдим. Аввалига бироз тушунарсиз бўлди-ю, кейин деярли тушуниб кетдим. Кеча чоршанба оқшомида эфирга узатилган 147-сериядаги бир саҳна ҳақида ҳам фикр билдирмоқчиман. Мўғилларнинг энг кучли жосусларидан бирини қопқонига тушган Эртуғрулнинг кўз ўнгида алпларини ўлдиришди, ўзини эса, олиб кетишди. Мўғул жосусиси Эртуғрулга юзланар экан, «Сенинг ортингда буюк бир куч бор, у ким», дея савол билан юзланади. Эртуғрулнинг жавоби қуйидагича бўлди: «Ҳа бор, Роббим!»

Бу кино, бўртирилган дейишингиз мумкин, аммо ҳақиқат шуки, Эртуғрул тарихий шахс. Сериал айнан унинг ҳаётий воқеаларига асосланган ҳолда суратга олинган. Сериални кўриш жараёнида Эртуғрул ҳақиқатпарварлигини, ҳақиқат йўлида фарзанди-ю, укасини ҳам аямаслигини кўрдим. Қарор қабул қилишда ўйлаб, муҳокама қилиб, кейин амалий ҳаракатга ўтишини гувоҳи бўлдим. Аслида мансабдорлар шундай бўлиши керак. Кимгадир ён босса адолат бузилади. Адолат бузилган жойда ҳақиқат бўлмайди, ҳақиқат йўқ жойда ёлғон-яшиқ кўпаяди, алдов урчиди, ривожланиш тўхтайди.

Эртуғрул ўз даврида нафақат мўғул ва европаликлар, балки ўзининг давлатидаги сотқинларга ҳам қарши курашишга мажбур бўлади. Мақсади мамлакатда адолат қарор топтириш, Исломни кенг ёйиш эди. Мақсади тўғри, ўзи ҳалол, Яратганга суянгани учун Аллоҳ доим уни қўллаб келган. Бошига қилич келганида ҳам Яратгандан бошқасига юкунмади, оқибатда бошини олмоқчи бўлганлар ўзлари билмаган ҳолда уни қўлдан чиқаришди ёки авф этишди. Бу оддий ҳақиқат! Кимга суянсангиз У бор экан, сиз ҳам борсиз! Аллоҳ буюк, У йиқилмас, унга суянганлар ҳам доим тик туради.

Эртуғрул ҳалол, тўғрисўз инсон бўлгани сабабли ҳар қандай боёнга ҳам тик гапиришни, ҳақиқатни тушунтиришни билади. Мансабдорнинг жаҳли чиқиши мумкин, аммо гапираётган инсон тўғри ва ҳалол бўлса, гапини қабул қилмасликни ўзига ор деб, билади. Ҳаётда кўп гувоҳ бўлганмиз.Мансабдорнинг оғзидан чиқишга улгурмаган гап, амалга оширилади, у тўғрими-нотўғрими, ҳеч кимнинг иши йўқ. Бирон ташкилотга ишингиз тушса, «раҳбарнинг буйруғи борда», дейишади. «Эҳ, барака топгур, ўша раҳбар ҳам инсон, тўғри тушунтирсанг бўлади-ку», десангиз, «қўйсанг-чи» дейишади. Шунинг учун юраверамиз.

Эртуғрул Сёгутга ҳокимлик қилаётганида давлат ичидаги айрим ғаламислар уни раҳбарликдан четлаштириш мақсадида текширув ўтказади. Аҳамиятлиси, замонавий тил билан айтганда бир шаҳар ҳокимининг бошқарув ишидан хато топа олмайди. Иккита қиличдан бошқа ҳеч нарсаси йўқлигига ишонишмайди. Ваҳоланки, аслида ҳам шундай. Унда бойлик ортириш имконияти бор, аммо мақсади ва нияти бошқа эди. Айтингчи, бундай тоза ва ҳалол одам қандай қилиб подшоҳга ҳам тикка гапирмаслиги мумкин? Гапиради, бемалол гапиради. Керак бўлса биз ҳам гапирамиз, раҳбарларимиз ҳам, фақат бунинг учун «тоза» бўлишимиз шарт!

Сериалнинг қайсидир қисмида Эртуғрул бир қалъани ишғол қилганидан кейин хонага қамалиб оладида, ёнига ҳеч кимни киритмасликни талаб қилади. Ҳатто турмуш ўртоғи ҳам Эртуғрулнинг олдига кира олмайди. Боши аёлини жаҳли чиқади, кейин сабабини сўрайди. Хўш, Эртуғрул хонага кириб, нима қилади деб ўйлайсиз? Қаҳрамонимиз хонада ёлғиз қолиб намоз ўқийди, Яратганга дуо қилади, қайсидир маънода суҳбатлашади. Дуонинг маъноси эса қуйидагича: «Роббим, эришаётган ютуқларимдан сўнг кибрга берилишимга йўл қўйма!»

Дуонинг маъносини қаранг! Тўлқинланасиз! Мана иймон!Ўрнак олинг эй, мансабдорлар!

Юқоридаги гаплар кимларгадир эриш туюлиши мумкин, буни табиий ҳам қабул қиламан, лекин менга эриш эмас. Сабаби, мен аслида шундай бўлиши тарафдориман! Эриш туюлаётганларга ҳозирги ҳолатимиз маъқул! Чунки улар Эртуғрулнинг душманлари бўлган инсонларнинг тарафдорларидир! Эртуғрулнинг йўли ҳақиқий ўзбекона ва исломий тарбия ва урф одатдир!
Фурқатбек НИШОНОВ

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Яратганга юкуниш…