Келинлик уйига “прописка”га олинмаган ва ота уйига аразлаб кетган келинларнинг рўйхати эълон қилинди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz
23-12-2016 | 12:46 ZAMIN.UZ / Жамият / 23 Декабр 2016
1 054

Келинлик уйига “прописка”га олинмаган ва ота уйига аразлаб кетган келинларнинг рўйхати эълон қилинди

Келинлик уйига “прописка”га олинмаган ва ота уйига аразлаб кетган келинларнинг рўйхати эълон қилинди

Келинларни келин бўлиб тушган хонадонига доимий рўйхатга олинмаслиги масаласи бир неча йиллардан буён катта муаммоларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. 10-15 йилдан буён келинлик хонадонида яшаётган, 4-5 фарзанди бор аёллар ҳам ўзи яшаётган уйга “прописка”га олинмаган, деб ёзмоқда Qalampir.uz сайти.

Бу ҳолат, айниқса, Тошкент шаҳрида урчиб бормоқда. Таъбир жоиз бўлса янги келинни 5 йилгача “прописка”га олмаслик модага айланиб қолган.

“Мабодо ажрашгудек бўлса, унга уй олиб беришимиз ёки уйимдан жой ажратишим керакми?”, дейдиган ота-оналар талайгина. Қизиқ, қайси ота-она ҳали тўй бўлмасидан туриб шундай ёмон ўйга бораркин. Ҳар нарса ниятга яраша деганларидек, айнан шундай оилалардан жанжал аримайди. Бошқалар учун бу эса гўё ўрнак. “Мана, фалончи келинини “прописка”га олмаган эди, яхши қилган экан. Келини ёмон чиқди...”

Бу чўпчак ёки сафсата эмас. Ўзимиз кўриб, гувоҳи бўлиб турган воқеалар. Биргина “прописка” қанчадан-қанча оилаларнинг бузилиб кетишига сабаб бўлаётганини тасаввур қилишнинг ўзи аянчли.

Бугунги кунга келиб, Тошкент шаҳрида ўзи истиқомат қилаётган манзилида “прописка”сиз яшаётган келинлар сони 2317 нафарни ташкил этмоқда. Уларнинг эса 3645 нафар вояга етмаган болалари бор.

Туманлар кесимида олиб қаралса, Бектемир туманида 9 та, Миробод туманида 67 та, Мирзо Улуғбек туманида 106 та, Олмазор туманида 512 та, Сирғали туманида 335 та, Учтепа туманида 668 та, Чилонзор туманида 93 та, Шайхонтоҳур туманида 282 та, Юнусобод туманида 118 та, Яккасарой туманида 28 та, Яшнобод туманида 99 нафар келин ўзи яшаётган уйга доимий рўйхатга олинмаган.

Куёвнинг уйидан ота уйига аразлааб келиб ўтирган келинлар эса Тошкент шаҳри бўйича 437 тани ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич Бектемир туманида 14 та, Миробод туманида 32 та, Мирзо Улуғбек туманида 44 та, Олмазор туманида 78 та, Сирғали туманида 47 та, Учтепа туманида 76 та, Чилонзор туманида 14 та, Шайхонтоҳур туманида 38 та, Юнусобод туманида 33 та, Яккасарой туманида 9 та, Яшнобод туманида 52 тага етган.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳри ажримлар бўйича республикада етакчилик қилмоқда. Беш йил ичида Тошкентда жами 26 минг оилага дарз кетган. Биргина 2016 йилнинг сўнгги 11 ойида 3988 та оила ажримгача етиб борган.

Zamin.uz нинг Telegram’даги расмий каналига обуна бўлиб, янгиликлардан хабардор бўлинг.