11:39 / 18.05.2017
9 699

Фарғона ва Жиззахда “қароқчи” тадбиркорлар фаолияти фош қилинди

Фарғона ва Жиззахда “қароқчи” тадбиркорлар фаолияти фош қилинди
Фарғона вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирлар давомида муаллифлик ҳуқуқларини қўпол равишда бузишга уринган “қароқчи” тадбиркорлар фаолияти фош қилинди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати хабар берди, деб ёзади Qalampir.uz сайти.

Қирғизистон Республикасидан Ўзбекистон Республикасига “Фарғона” чегара божхона пости орқали кириб келган юртдошимиз Д.Раҳмонов бошқарувидаги Damas русумли автомашина белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилганда, хорижда ишлаб чиқарилган 5400 дона СD дисклар яширилгани аниқланди.

Қонунбузар келгусида турли фильм ва концертларни ноқонуний усулда кўпайтириш учун мўлжалланган ушбу дискларга тегишли биронта ҳам ҳужжатларни божхоначиларга тақдим қила олмади.

Шунингдек, Жиззах вилояти божхона бошқармаси ходимлари ҳам ҳамкорликдаги тадбирлар давомида контрафакт дискларнинг ички бозорларимизда ноқонуний сотилишига доир ҳолатларни фош қилишди. Хусусан, Жиззах туманида фуқаро Акмал Қосимовнинг ноқонуний қилмишига чек қўйилди.

Амалдаги тартибларга мувофиқ унинг хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда, бу ерда ҳеч қандай ҳужжатларсиз, тегишли давлат идораларидан лицензия олмасдан туриб, турли фильм, концерт ва бошва мавзудаги материаллар уй шароитида кўпайтириб, сўнгра бозорларга чиқариб келингани аниқланди.

Тезкор тадбир давомида хонадонда 3135 дона ҳар хил форматдаги турли телесериал, бадиий ва жангари фильмлар, клип, концерт ҳамда қўшиқларни контрафакт усулда DVD ва CD дискларга ёзиб, сотиш учун тайёрлаб қўйилгани ҳамда уларни кўпайтириш учун ишлатилган компьютер жамланмалари ва ҳар хил рангли бўёқлар ашёвий далил сифатида олинди.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан белгиланган тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, божхона текширувлари ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Фарғона ва Жиззахда “қароқчи” тадбиркорлар фаолияти фош қилинди