17:30 / 24.05.2017
4 260

Зиёратгоҳми ёки тижоратгоҳ?

Зиёратгоҳми ёки тижоратгоҳ?
Мамлакатимиздаги зиёратгоҳу қадамжоларни санаб адоғига етолмайсан киши. Биргина вилоятимизнинг ўзида улуғ алломалар, азиз авлиёлар ёки буюк саркардалар номи билан боғлиқ кўплаб қадамжолар бор. Халқимиз ушбу масканларни қалбан эъзозлаш ниятида зиёрат қилишади. Ўз навбатида, ушбу қадамжоларнинг ободлиги учун назр-ниёз, садақа-эҳсон беришни ҳам канда қилишмайди, албатта.
Яширишдан не наф. Ҳукуматимиз ташаббуси билан обод ва кўркам масканга айлантирилган мазкур қадамжоларда айрим фуқаролар, мутасаддилар томонидан ғамхўрликларни суиистеъмол қилиш, улардан шахсий манфаат йўлида фойдаланиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқдаки, бу кўплаб диёнатли зиёратчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётир.

Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан тузилган ишчи гуруҳ таркибида Нуробод тумани ҳудудидаги Ҳазрати Довуд зиёратгоҳига ташриф буюрар эканмиз, қадамжо мутасаддилари, масканга бириктирилган ходимлар-у зиёратчиларга хизмат кўрсатиш субъектлари, савдо шохобчалари томонидан бир қатор ноқонуний хатти-ҳаракатларга қўл урилаётгани гувоҳига айландик.
Ҳали зиёратгоҳга етмасингиздан икки чақирим пастда автомобиллар учун тўсиқ ўрнатилган бўлиб, шу ернинг ўзидан пуллик хизматлар бошланади. Автотураргоҳ ходимлари ҳар битта машина учун 3 минг сўмдан 5 минг сўмгача санаб оляпти. 28 та «Дамас» русумли автоулов зиёратчиларни асосий дарвозагача бўлган қарийб икки километр масофага белгиланган минг сўм ўрнига, 1,5 минг сўмдан ҳақ олиб, ташияпти. Зиёратгоҳга асосий кириш дарвозасига етгач, катталардан 1000, талабалардан 800, болалардан 500 сўмдан, чет эл фуқаролардан 5 АҚШ доллари миқдорида белгиланган сумма олиняпти.

Зиёратгоҳ кириш қисми ёнгинасида жойлашган кушхонада хусусий тадбиркор Ф.Давронов зиёратчилар олиб келган жонлиқларни сўйиб бериш фаолияти билан шуғулланмоқда. Бир қўйдан 1 килограмм хом гўшт, бир дона парранда учун 3000 сўм нақд пулни хизмат ҳақи сифатида олаётган корхона ҳеч қандай ҳужжатсиз уч нафар ёлланма ишчини фаолиятига жалб этган. Сўйилаётган жонлиқларни ветеринария кўригидан ўтказиш хизмати йўлга қўйилмаган. Ҳатто қассобларнинг соғломлигини тасдиқловчи тиббиёт дафтарчалари ҳам мавжуд эмас. Қўй ёки паррандадан чиқадиган иккиламчи маҳсулотлар – калла-поча битта хонада бир неча кунлаб сақланаётгани боис теварак-атрофни қўланса ҳид босган. Қон ва бошқа чиқиндилар 90 литр ҳажмдаги бочкада йиғилса-да, уларнинг қайси чиқиндихонага чиқариб ташланаётгани тўғрисидаги саволимизга жавоб ололмадик. Ҳатто кушхонада ўз вақтида ювиш ва тозалаш ишлари олиб борилмаган.

Маскан раҳбари Д.Давроновнинг ҳудуддаги савдо нуқталари сони ҳақидаги маълумотларни ҳарчанд яширишга урингани сабабини бошида тушунмадик. Кузатувларимиз жараёнида мутасаддининг сири очилди. Яъни, зиёратгоҳда мавжуд 50 дан зиёд савдо объекти, 10 дан зиёд ошхона, бир талай сураткашлик хизмати, таҳоратхона-ю ҳожатхоналарни юргизаётган «тадбиркорлар»нинг аксарияти давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги ҳужжатни тақдим қила олмади. Тадбиркорлик субъектлари назорат касса машинаси, тўлов терминалисиз, мижозга чек бермай, банкдан ҳисоб рақами очмасдан, нақд пул топширмасдан фаолият кўрсатиб келмоқда.

– Республикамизнинг кўплаб қадамжоларини зиёрат қилганман, – дейди сирдарёлик саёҳатчи С.Мамалатипов. – Лекин уларнинг ҳеч бирида Ҳазрати Довуддаги каби ҳолатга тушмаганман. Дам олишимиз учун беш кишилик чорпояни 200 минг сўмга «пуллашди». ўорга кириш учун ҳар биримиздан 10 минг сўмдан талаб қилишди. Ҳатто муллаваччалар ҳам икки оғиз тиловати учун уялмасдан фалон сўм берасан деб, талаб қилишмоқда. Дўкон ходимлари, бошқа хизматларга қўйилган ишчилар муомаласининг қўполлиги кайфиятингизни бузади.

Масканда одам ниҳоятда гавжум, турли вилоятлардан келган қариялар, хотин-қизлар, болалар кўпчиликни ташкил этади. Улар сафида хорижлик сайёҳлар ҳам бор. Масканга тез-тез келиб турадиган зиёратчиларнинг таъкидлашича, бу ерга кунига камида 10 минг одам ташриф буюрар экан. Агар зиёратчилардан тушаётган пулни ҳисобласангиз, бир неча юз миллион сўмни ташкил этади. Афсуски, бу пулларнинг қанчаси давлат ғазнасига, қанчаси «тадбиркор» чўнтагига тушади, буни мутасаддилар ҳал қилса, яхши назаримизда. Юқоридаги тафсилотлардан аёнки, зиёратгоҳда ноқонуний ишлар истаганча топилади.

Манба: hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Зиёратгоҳми ёки тижоратгоҳ?