00:10 / 14.12.2022
1 355

ЖЧ-2022: Финалга кимлар йўл олади?

ЖЧ-2022: Финалга кимлар йўл олади?
Фото: Спорт-Экспресс
Бугун, 13 декабр куни Қатардаги жаҳон чемпионатида Аргентина ва Хорватия миллий жамоалари ўртасида дастлабки яримфинал учрашуви ўтказилади. Бир кун ўтиб Франция ва Марокаш иккинчи финалчини аниқлайди. Финалга чиқиш учун қайси жамоаларда имконият кўпроқ?

Кўпчилик яримфиналларда бошқача жуфтликларни кутганди. Масалан, Жанубий Американинг икки етакчи жамоаси — Аргентина ва Бразилия ўртасидаги тўқнашувни. Беш карра жаҳон чемпионлари икки карра жаҳон чемпионларига қарши. Суперкомпютер ҳам бу икки жамоани турнирнинг икки асосий фаворити деб топганди.

Аммо Бразилия йўлни Хорватияга бўшатиб берди, Португалия эса — Марокашга. Ва бунда чоракфиналнинг асосий омадсизлари фақат ўзларини айблаши мумкин. Пентакампеонлар ҳисобда олдинда боришаётганди ва ўйинни ғалаба билан якунлашга ишончи юқори эди. Аммо футболчилар олифталик қила бошлашди ва қарши ҳужумни ўтказиб юборишди. «Шашкачилар» натижага кўпроқ эътибор қаратиб, ўз мақсадига эришди.

Аргентина — Хорватия

14 декабрга ўтар кечаси (Тошкент вақти билан соат 00:00) Лионел Месси бошчилигидаги аргентиналиклар Лука Модрич бошчилигидаги хорватларга қарши майдонга чиқишади.

Чоракфиналларда 120 дақиқадан ўйин ўтказган ва кўп куч сарфлаган икки жамоа тўқнашади. Икки жамоа ҳам пеналтилар сериясида иштирок этиб, янада кўп куч йўқотган. Хорватлар учун Японияга қарши нимчоракфинал ўйини ҳам шундай сценарийда кечганди.

Умуман, Хорватия тўрт йил олдинги жаҳон чемпионати плей-офф ўйинларида ҳам шундай графикда ҳаракатланган, яримфиналда овертаймларда Англияни мағлуб этганди. Аммо ўша таркиб етакчилари тўрт ёшга кексайди.

Аргентина термаси эса Қатарда жиддий синовлардан ўтди. Биринчи турда Саудия Арабистонидан учралган мағлубиятдан кейин парокандаликка учрамади ва гуруҳда аввал Мексика, кейин Полша ҳимоясини кучли босим остида қолдириб, биринчи ўринни эгаллади. Плей-оффда эса дастлаб ҳужумкор футбол намойиш этган Австралия тўсиғидан ўтди, кейин Нидерландияга қарши ўйинда рақиб 0:2 ҳисобида ирода кўрсатиб, вазиятдан чиқиб кетганида ҳам ўйинни кучайтирди ва якунда ғалабага эришди.

Лео атрофида жипслашган жамоа яхши спорт формасида, футболчилар ўз ўйинини топиб олган ва руҳий устунлик ҳам улар томонда. Шу туфайли «Альбиселесте»ни бу жуфтликда фаворит дейиш мумкин.

Нидерландияликлар устидан ғалабани нишонлаётган аргентиналиклар. Фото: Reuters
Суперкомпютер танлови

Five Thirty Eight компанияси суперкомпьютери ушбу қарама-қаршиликларнинг ғолибларини тахмин қилди. Машина жамоаларнинг ҳужум ва ҳимоядаги кучини акс эттирувчи Soccer Power Index деб аталадиган кўрсаткичга асосланади.

Аргентина чоракфиналда драматик баҳсда Нидерландияни мағлуб этди. Науэл Молина ва Лионел Мессининг (пенальтидан) голларидан кейин жанубий америкаликлар 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олишганди, аммо захирадан ўйинга қўшилган Ваут Вегорстнинг дублидан (иккинчи гол 90+11-дақиқада урилди) кейин ўйин овертаймларга ўтди. Қўшимча бўлимларда ҳисоб ўзгармади ва пенальтилар сериясида аргентиналиклар аниқроқ ҳаракат қилишди — 4:3.

Хорватларнинг ўтган босқичдаги ўйини ҳам драматик жиҳатдан кам бўлмади — бразилияликлар сенсация билан мағлуб этилди. Ўйинда ҳисобни Неймар очганди — бу қўшимча бўлимларнинг биринчисида рўй берганди, аммо 117-дақиқада Бруно Петкович жавоб қайтарди. 11 метрлик зарбалар сериясида Доминик Ливакович икки бор ўз жамоасини қутқарди — Хорватия 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди.

Суперкомпьютернинг кўрсатишича, Аргентинада финалга чиқиш учун имконият кўпроқ — 64 фоизга қарши 36 фоиз.

Суперкомпьютер чоракфиналнинг фақат бир ғолибини аниқ топа олган, яъни Аргентина Нидерландиядан устун келишини. Машина Хорватия — Бразилия, Англия — Франция ва Марокаш — Португалия ўйинлари натижаларини прогноз қилишда хато қилган. Шу билан бирга, бу тизим 1/8 финалдаги саккиз ўйиндан еттитасининг натижасини тўғри топган: Нидерландия — АҚШ, Аргентина — Австралия, Япония — Хорватия, Бразилия — Жанубий Корея, Англия — Сенегал, Франция — Полша ва Португалия — Швейцария. Суперкомпьютер фақат Марокаш — Испания баҳси натижасини прогноз қилишда адашган.

Аргентина ва Хорватия бунгача икки бор жаҳон чемпионатларида ўзаро ўйин ўтказган. 1998 йилда гуруҳда аргентиналикларнинг қўли баланд келганди (1:0), 2018 йилда хорватлар ғалаба қозонди (3:0) — бу ҳам гуруҳ ўйини бўлганди. Аргентина термаси ЖЧ 1/2 финалларида тўрт бор ўйнаган — ва барчасида ғалаба қозонган. 1930 йилда АҚШ йирик ҳисобда мағлуб этилган (6:1), 1986 йилда — Белгия (2:0), 1990 йилда — Италия (1:1, 4:3 пен.), 2014 йилда эса — Нидерландия (0:0, 4:2 пен.) тўсиғидан ўтилган. Хорватия учун эса бу мундиаллардаги учинчи яримфинал. 1998 йилда болқонлар жаҳон чемпионатларидаги илк иштирокида яримфиналгача етиб келиб, бўлажак чемпионларга, Францияга мағлуб бўлган (1:2), 2018 йилда Англия мағлуб этилган (2:1, қ. в.), аммо финалда яна французларга ютқазилган (2:4).

Франция — Марокаш

Франция ва Португалия жамоаларининг эҳтимолий жуфтлиги ҳам футболнинг янги қироли Килиан Мбаппенинг ўз кумири Криштиану Роналдуга қарши чиқиши эътибори билан қизиқарли эди. Аммо Марокаш тартибли ва уюшқоқ футболи билан навбатдаги кучли рақибни турнирдан чиқариб юборди.

Лекин яримфиналда катта эҳтимол билан Марокаш эртаги якунига етади. Мўъжизалар қачондир тугайди, энди уларнинг қаршисида сайёранинг энг кучли жамоаси.

Франция — ёш ва тажрибасиз Испания ёки турнир давомида кадрларга устуворликни алмаштирган Португалия эмас. «Учранглилар»да мувозанатли таркиб шаклланган ва футболчиларнинг ўзига ишончи юқори. Африкаликлар таркиби ҳам ёмон эмас, бу ерда «ПСЖ», «Челси», «Бавария», «Севилья» ва «Фиорентина» клублари вакиллари бор. Лекин французлар таркибидаги Мбаппе эса ҳозирги формасида ёлғиз ўзи учрашув тақдирини ҳал қилиши мумкин, Марокашнинг олдинги рақибларида эса у каби қотил ҳужумчи йўқ эди.

Фото: ELSA/GETTY IMAGES
Қолаверса, Мбаппе тактик зарурат туфайли Англияга қарши ўйинда у қадар ёрқин ўйин кўрсата олмади, у қаторасига иккинчи ўйинда ҳам соя остида қолишга рози бўлишига ишониш қийин. Айни вақтда 5 гол билан турнир тўпурари бўлиб турган ҳужумчи Марокашга қарши ўйинда гол уришни истайди ва биргина гол билан чекланиб қолмаслиги мумкин.

Бундан ташқари, французлар сафида турнирнинг яна бир тўпурари Жиру ҳам бор, Гризманн эса ўзининг энг яхши ўйинларини ўтказмоқда. Марокашликларнинг ягона имкони — ўйин овертаймларгача олиб борилганда бўлиши мумкин. Аммо бу режа яна иш бериши қийин. Амалдаги чемпионлар барча масалани асосий вақтда ҳал қилишади — марокашликлар аллақачон бир бош баланд сакраб бўлишган ва олдинга қўйилган вазифаларни ортиғи билан бажаришган. Энди раҳбарият ҳам, мухлислар ҳам уларга эътироз қила олишмайди.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » ЖЧ-2022: Финалга кимлар йўл олади?