
Шанба оқшомида Испания футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалидаги вазият ҳақида қуйидаги мақолани ўқиш орқали билиб олишингиз мумкин.
«Валенсия» — «Атлетико» 0:3
Голлар: Алварес (12, 30), Корреа (86).
«Валенсия» — Мамардашвили, Москера, Таррега, Фулке, Хайме (Андре Алмейда, 65), Герра, Гайя, Барренечеа (Диего Лопес, 80), Пепелу (Дуро, 46), Риоха (Франсиско Перес, 73), Содиқ (Рафа Мир, 74).
«Атлетико» — Облак, Аспиликуэта (Галлаҳер, 46), Лангле, Ле Норман, Молина, Лино (Галан, 46), Лоренте, Де Паул, Симеоне (Хименес, 68), Алварес (Сёрлот, 74), Гризманн (Корреа, 68).
Огоҳлантиришлар: Лино (23), Лангле (40), Герра (42), Галан (64).
Чемпионлик пойгасидаги биринчи қадамни «Атлетико» ташлади ва мадридликлар буни ишонч билан амалга ошириб, «Валенсия» сардори Гайянинг ла лигадаги юбилей 300-ўйинини барбод қилди. «Кўршапалаклар» жамоаси афсонасига ҳавас қилиб бўлмасди, чунки унинг жамоаси чуқур инқирозга тушиб қолган ва топ-клубларга рақобат қиладиган ҳолатда эмас. Биринчи гол жамоалар даражасидаги фарқни яққол кўрсатиб берди, унда асосий ишни Гризманн бажарди. Унинг ҳимоячилар ортига оширган заргарона пасидан кейин Самуэл Лино гол уриши керак эди, аммо унинг дарвозабон билан яккама-якка вазиятда йўллаган зарбаси тўсинга тегди.
Аммо бундай яхши пас бекор кетмади ва қайтган тўпга биринчи бўлиб Жованни Симеоне етиб келди ва у тўпни қулай вазиятдаги Хулиан Алваресга ташлаб берди. Кейин эса аргентиналик тўпурар ва Гризманн бошқа футболчилар иштирокисиз иккинчи голни уришди, бу вазиятда француз футболчиси тўпни жарима майдони марказига етказиб берди. Ўйин охирида эса захира ўриндиғи қироли Корреа мезбонларни узил-кесил таслим қилди. Бу Анхелнинг ла лигада жокер ролидаги 24-голи бўлди ва у бу кўрсаткич борасида турнир тарихида тўртинчи ўринга кўтарилди.
Корреа бу рўйхатда Валтер Пандианини ортда қолдирди. Кейинги мўлжал — 27 тадан гол урган де Паул ва Мессига етиб олиш, биринчи ўринда эса ўтган мавсум якунида бутсаларини михга илган «Жирона»нинг 38 ёшли фахрийси Стуани (29 гол) жойлашган. Бу ғалабадан кейин Диего Симеоне жамоаси камида бир неча соатга турнир жадвалида биринчи ўринга чиқиб олди ва рақобатчилари хатосини кута бошлади.
«Лас-Палмас» — «Барселона» 0:2
Голлар: Олмо (62), Торрес (90+5).
«Лас-Палмас» — Силлессен, Мунйос, Мармол, Суарес, Вити (Пессолеси, 85), Байчетич (Бенито Рамирес, 86), Эссугу (Кампаня, 67), Молейро (Фустер, 67), Хави Мунйос, Сандро Рамирес, Макберни (Мата, 66).
«Барселона» — Шесни, Балде, Кубарси, Эрик Гарсия, Кунде, Педри (де Йонг, 85), Касадо, Рафиня (Мартин, 90+7), Лопес (Олмо, 46), Ямал (Ферран Торрес, 85), Левандовски.
Огоҳлантиришлар: Суарес (81), де Йонг (82).
Мантиқан қараганда, мадридликлар «Барселона»дан совға кутиши қийин эди, аммо ўтган турда кўк-анорранглилар «Райо Валекано» билан ўйинда қийинчиликка учраб, базўр минимал устунлик эришганди (1:0). «Лас-Палмас» эса ноябр ойи охирида Ҳанс-Дитер Флик шогирдларини тўхтатганди (1:2). Умуман олганда, каталонияликларда бу мавсум жадвалнинг иккинчи ярмидаги рақиблар билан муаммолар сурункали тус олган ва бу ўйин дебютида қуйи лигага тушиб кетмаслик учун курашаётган «Лас-Палмас» тезкор гол билан пешқадамни шошириб қўйишига бир бахя қолди. Фаворитлар эса биринчи бўлим давомида яққол вазият ярата олмади.
Флик танаффусдаёқ Фермин Лопес ўрнига Дани Олмони туширишга қарор қилди ва бу ўзини оқлади. Ўйин тақдирини Европа чемпионлари ҳал этишди. Олмо ҳужумни бошлаб берди ва рақиб жарима майдонига отилиб кириб, Ямалнинг узатмасига очилди. Кейин ўз маҳоратини намойиш этиб, дриблинг билан ҳимоячини йўлдан олди ва тўсин остига қайтариб бўлмас кучли зарба йўллади. Аммо бу ҳал қилувчи вазият эмасди. Кўп ўтмай «Барса» жарима майдонидаги эпизоддан кейин ўйиндаги кескинлик энг юқори чўққисига чиқди - арбитр вазиятни қайтадан кўриш учун монитор қаршисига борди.

Аммо Эрик Гарсия жарима майдони ичида тўпни қўл билан тўхтатиб қолган бўлса-да, ҳал қилувчи омил ҳужум давомидаги офсайд ҳолати бўлди.

Ҳакамнинг якуний қароридан кейин Рафиня худди гол ургандек хурсандчилик қилди, бразилиялик вингернинг ҳиссиётлари шу билан чекланмади ва қўшимча дақиқаларда Ферран Торресга ассистентлик қилди. Захирадан тушган ҳужумчи кучли пасдан кейин бир тегинишда тўпни ўзига бўйсундирди, иккинчи тегинишда интригага буткул барҳам берди. Йил бошидан буён бирор марта мағлуб бўлмаган «Барса» биринчи ўринга қайтди. Якшанба куни — «Реал» «Жирона» билан ўйинда ўз юришини амалга оширади.


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар