
Шанба оқшомида Италия футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалидаги вазият ҳақида ушбу мақола орқали билиб олиш имконига эгасиз.
«Торино» — «Милан» 2:1
Голлар: Тиау (5, автогол), Гинейтис (76) — Рейндерс (74).
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Пулишич (32).
«Торино» — Милинкович-Савич, Бираги (Дембеле, 82), Коко, Марипан, Педерсен (Валюкевич, 70), Казадеи (Гинейтис, 70), Риччи (Линетти, 70), Элмаз (Карамо, 59), Влашич, Лазаро, Санабрия.
«Милан» — Менян, Тео, Павлович, Тиав, Хименес (Чуквуэзе, 88), Рейндерс, Муса (Абраҳам, 54), Леау (Фофана, 46), Феликс (Соттил, 70), Пулишич, Хименес (Камарда, 88).
Огоҳлантиришлар: Муса (16), Риччи (27).
Италияда шанба куни сюрприз билан бошланди — «Лацио» Венецияда голсиз дуранг қайд этди. Римликлар хавфли зонадаги жамоани мағлуб этолмаганидан «Ювентус» фойдаланиб қолиши мумкин, туринликлар якшанба куни «Каляри» устидан ғалаба қозонса, тўртинчи ўринга чиқиши ва Чемпионлар лигасини эрта тарк этганини қисман ювиши мумкин.
«Милан» эса асосий еврокубокдаги фиаскодан кейин ҳам чўкишда давом этмоқда. ЕЧЛда ҳам ишончли ўйин кўрсата олмаган Менян ички чемпионатда ҳам уялтирмоқда. Яқингача А сериянинг энг яхши дарвозабони саналган француз ўта қўпол хатога йўл қўйди: у мавсумнинг энг кулгили голлари коллекциясини тўлдирди. Рақибнинг оддий узатмасидан кейин жарима майдонини ташлаб чиққан дарвозабон тўпни узоқлаштириш ўрнига уни жамоадоши Тшаунинг кўксига қарата тепди ва бу автоголга айланди. Малик ўзи истамаган ҳолда мавсумда иккинчи бор ўз жамоаси дарвозасини ишғол этиб қўйди.
Шанба кунги муаммолар кулгили хато билан чекланиб қолмади. Пулишич шу куни фантастик ўйин кўрсатган Ваня Милинкович-Савич билан дуэлда пеналтини голга айлантира олмади. Бу йилги чемпионатда сербиялик посбон ўз дарвозасига қўйилган бешта пеналтидан тўрттасини қайтарган. Бу нафақат А Сериядаги, балки Европанинг кучли бешлик чемпионатларидаги максимал кўрсаткичдир. Менян ҳам ўз айбини ювишга уриниб, биринчи бўлимда сейвлари билан «Милан» таслим бўлишига йўл қўймади, аммо Рейндерснинг ҳисобни тенглаштирган голидан икки дақиқа ўтиб амалга оширилган жавоб ҳужумида қутқара олмади. Литвалик Гинейтиснинг узоқ бурчакка йўллаган зарбаси идеал кўриниш олди. Паоло Ваноли бу мавсумда россонерилар билан ўйинларда 4 очко тўплади ва Сержиу Консейсау жамоаси еврокубоклар олтилигига кириши учун айнан шунча очко етишмаяпти.
«Интер — «Женоа» 1:0
Гол: Мартинес (78).
«Интер» — Жозеп Мартинес, Бастони (де Врей, 80), Ачерби, Павар, Аслани (Чалхонўғли, 65), Мхитарян (Зелински, 65), Барелла, Димарко (Дармиан, 85), Думфрис, Мартинес, Корреа (Торимий, 46).
«Женоа» — Леали, Аарон Мартин, Васкес, Бани, Сабелли, Френдруп, Мазини (Вентурино, 80), Миретти (Онана, 72), Эхатор (Жуниор Мессиас, 66), Заноли (Корне, 66), Пинамонти (Экубан, 66).
Огоҳлантириш: Миретти (56).
Биринчи ўринга кўтарилиб олиш имкониятига эга бўлган ва тўпга эгалик қилиш бўйича яққол устунликка эришган «Интер анча вақтгача «Женоа» мудофаасини бузиб ўтолмади. Шу билан бирга, «грифонлар» танаффусдан кейин қарши ҳужумда ҳисобни очишга яқин келишди, аммо вазиятни ҳимоячи Ачербининг қалтис подкати қутқариб қолди. Фахрий ҳимоячи бармоғини синдириб олгани туфайли операция қилинган Зоммерни алмаштирган Хосеп Мартинеснинг жонига ора кирди.
Кейинроқ илгари «Женоа»да ўйнаган испаниялик посбон ҳам яқин масофадан йўлланган зарбани тўсиб, ўзини кўрсатишига тўғри келди, аммо шундан кейин меҳмонлар бошқа хавфли вазиятлар яратишмади. Симоне Индзаги танаффусда Корреа ўрнига Торимийни туширганидан сўнг, нерадзуррилар босими тезлик ошишига мутаносиб равишда ўсиб борди. «Грифонлар» бир вазиятда тўпни дарвоза чизиғи устида тўхтатишди, Леали Лаутаро Мартинес ижросидаги зарбадан кейин қаҳрамонлик кўрсатди, Барелланинг зарбасидан кейин тўп устун ва тўсин туташган жойга борди — ҳадеганда мезбонларнинг омади келавермади. Кейин эса Ҳоқон Чалхонўғли ўйинга қўшилди ва унинг бурчак зарбаси Лаутаронинг голига олиб келди.
Шундан сўнг ноябр ойидан буён Патрик Виейра мураббийлик қилаётган «Женоа» яна ҳужумга ўтди. Жамоа айрим вазиятларда жавоб голига жуда яқин эди, шу билан бирга Торимийда ҳам яққол голли вазият юзага келди, аммо эронлик ҳужумчининг яқин масофадан зарбаси дарвозабоннинг ўзига борди. Лаутарода ҳам ҳисобдаги фарқни ошириш учун имкониятлар бўлди, якунда эса ҳисоб ўзгармай қолди. Аргентиналик ҳужумчи эса «Интер» сафида қаторасига олтинчи мавсумда камида 10 та гол ураётган илк легионерга айланди. Биринчи ўринга чиқиб олган миланликлар энди якшанба куни «Наполи» очко йўқотишини кутади.


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар