
Халқаро футбол ассоциациялари кенгаши (IFAB) 2025/26 йилги мавсумдан бошлаб футболда янги қоидаларни жорий этишга қарор қилди. Ушбу ўзгартишлар ўйин тартибини янада яхшилаш, ҳакамлик қарорларини одилона ва равон қабул қилиш ҳамда футболчиларнинг ҳаракатларини қонунийлаштириш мақсадида киритилган. Қуйида шу янги қоидалар билан танишиб чиқамиз.
1. Дарвозабон учун янги чекловлар
Янги мавсумдан бошлаб, агар дарвозабон тўпни қўлида 8 сониядан ортиқ ушлаб турса, бош ҳакам ушбу ҳолатни қоидабузарлик сифатида қабул қилади ва рақиб жамоага бурчак зарбаси белгиланади. Бу жараён қуйидаги тартибда амалга оширилади:
- Бош ҳакам қўлини кўтарган ҳолда 5 сония санайди.
- Саноқ дарвозабон тўпни тўлиқ назоратига олган пайтдан бошланади.
- Агар дарвозабон бу қоидабузарликни қайта такрорласа, унга сариқ карточка берилади.
- Бурчак зарбаси дарвозабон қоидани бузган нуқтага энг яқин бурчакдан амалга оширилади.
2. Фақат сардор ҳакам билан гаплаша олади
Бош ҳакамлар билан фақат жамоа сардорлари мулоқот қила олиши мумкин. Бу қоида майдондаги тартибни сақлаш ва ҳакамларга бўлган босимни камайтириш мақсадида жорий этилган.
3. Тўпни ўйинга қайта киритиш қоидаларига ўзгаришлар
Янги мавсумдан бошлаб, агар ўйин жарима майдони ичида тўхтаса, тўп ҳимояланаётган жамоа дарвозабонига берилади. Агар жарима майдони ташқарисида тўхтаса:
- Тўп ўйин тўхтатилган пайтда қайси жамоада бўлса, ўша жамоага берилади.
- Агар бош ҳакам буни аниқлашга қийналса, тўп сўнгги марта кимга теккан бўлса, ўша жамоа унга эгалик қилади.
4. Майдон ташқарисидаги шахслар тўпга аралашса, эркин зарба берилади
Агар мураббийлар штаби аъзоси, заҳирадаги ёки четлатилган футболчи майдондан чиқиб кетаётган тўпга тегса ёки атайлаб унга таъсир ўтказса, рақиб жамоа зарарига эркин зарба белгиланади. Бу қоида мухлислар томонидан кузатилган баъзи ҳолатларнинг олдини олиш учун киритилди.
5. Оффсайд қоидасига аниқлик киритилди
Дарвозабон тўпни қўли билан отиб бергандаги оффсайд ҳолатида, тўп охирги марта контакт бўлган нуқта ҳисобга олинади. Бу эса оффсайдни аниқлашда ҳакамлар учун ишни анча осонлаштиради.
6. Видеотакрорлардан кейинги қарорларни мухлисларга эълон қилиш
Энди турнир ташкилотчилари ҳакамлардан ВАР ёки узоқ вақтли видеотекширувлардан кейин чиқарилган қарорларни мухлисларга овоз чиқарган ҳолда эълон қилишни талаб қила олишади. Бу эса томошабинларга ҳакамлик қарорларини тушунишни енгиллаштиради.
Футболдаги ушбу ўзгаришлар ўйинни янада қонуний ва тартибли қилишга қаратилган. Айниқса, дарвозабонларнинг тўпни узоқ ушлаб туриши, ҳакамлар билан мулоқот қоидалари ва оффсайдни аниқлаш борасидаги ўзгаришлар мухлислар ва футболчилар учун муҳим янгилик бўлади. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар