
PLOS Medicine журналида эълон қилинган йирик халқаро тадқиқотга кўра, жуда кам чекиш ҳам инсон саломатлиги учун катта таҳдид солади. Олимлар маълумотларига кўра, кунига атиги 2–5 та сигарета чеккан одамларда умумий ўлим хавфи ҳеч қачон чекмаганларга нисбатан деярли 60% юқори бўлади.
Тадқиқот АҚШ ва Бразилияда ўтказилган 20 дан ортиқ узоқ муддатли кузатувлар асосида тайёрланган. Жами 323 мингдан ортиқ катталар 20 йил давомида кузатилган, шу даврда эса 125 мингдан зиёд ўлим ҳолати ҳамда 54 минг юрак-қон томир касалликлари қайд этилган.
Олимлар таъкидлашича, ҳатто “энг минимал чекиш” ҳам организмга жиддий зарар етказади:
- Юрак-қон томир касалликларидан ўлим хавфи 57% га ошади;
- Кунига бир сигарета чеккан одамларда ҳам касалликлар эҳтимоли барибир чекишдан воз кечганларга нисбатан юқорироқ;
- Фақат баъзи аритмия турлари ва инсулт билан боғлиқ ҳолатларда аниқ алоқа кузатилмаган.
Тадқиқот жамоаси бир нуқтани алоҳида урғулади:
Хавфни ҳақиқатан камайтиришнинг ягона йўли — тамаки маҳсулотларидан тўлиқ воз кечиш.
Олимларнинг айтишича, чекишни ташлагандан кейинги илк 10 йилда хавф сезиларли даражада пасаяди. 20 йил ўтгач эса собиқ чекишчиларнинг ўлим хавфи чекмай қўймаганларникидан 80% паст бўлади.
Яъни ҳатто “кам чексам зарари камроқ” деган қараш — хато. Тамомила воз кечишгина ҳақиқий ҳимояни таъминлайди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.