
Миср терма жамоаси бош мураббийи Ҳоссам Ҳассан кечаги мағлубият ортидан ўз фикрларини баён этди ва жамоанинг қайси жиҳатларда қийналгани, қандай хулосалар чиқариши кераклиги ҳақида очиқ гапирди. Унинг таъкидлашича, мағлубият футболнинг бир қисми, аммо ундан кейинги тўғри қадамлар ҳам катта аҳамиятга эга.
Ҳассан ўйин ҳақида шундай деди:
«Биз майдонга ғалаба учун тушдик, лекин бу сафар омад биз томонда бўлмади. Футболда бундай ҳолатлар бўлиб туради. Энг муҳими — хулоса чиқариш. Ўзбекистон кучли жамоа, Осиёда ўз ўрнига эга. Уларга қарши ўйнаш бўш иш эмас».
Мураббий айтишича, Миср жамоаси таркиби тўлиқ эмасди ва бу ҳам натижага таъсир қилган:
«Бугунги баҳсда 10 нафар асосий ўйинчимизни ишга сола олмадик. Деярли бутун асосий таркиб майдонга тушмади. Ўзбекистонга қарши Марван Усмон, Маҳмуд Собир, Залака каби янги ўйинчиларни синовдан ўтказдим — улар бу босимни ҳис қилиб, катта ўйин муҳитига кўниксин деб».
Ҳоссам Ҳассан шу билан бирга иккинчи бўлимда жамоасининг кўрсатган ўйинидан мамнун эканини ҳам билдириб ўтди:
«Иккинчи бўлимда жамоам яхши ҳаракат қилди. Мен уларга Африка Миллатлар Кубогида ғолиб бўлиш учун рақибларга қарши ҳеч шубҳасиз кучли ўйин кўрсатиш кераклигини таъкидладим. Биринчи бўлимда эса индивидуал хатолар ва ҳимоядаги тушунарсиз ҳаракатлар сабаб икки гол ўтказдик. Аммо иккинчи бўлимда биз анча яхшироқ кўриндик».
Ҳассаннинг фикрларидан англашиладики, Миср термаси ушбу мағлубиятни жиддий таҳлил қилади ва асосий таркибни тиклаган ҳолда Африка Миллатлар Кубогига максимал тайёргарлик кўришни мақсад қилган. Учинчи ўрин учун баҳсда Кабо-Вердега қарши ўйин эса жамоа учун ўзини кўрсатиш имкониятини тақдим этади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.