
Фото: Global Look Press
«Реал» ниҳоят класикода «Барса»га жанг таклиф эта олди. Карло нимани ўйлаб топди-ю, нима етишмади?
«Реал» ва «Барселона» дунё футболида энг асосий тўқнашувлардан ҳисобланса-да, доим ҳам бирор мусобақа финалида тўқнаш келавермайди. Суперкубок учун ўйинларни қўшмаганда, ғолиб жамоа якунида боши узра кубок кўтарган класико ўйинлари фақат Қироллик кубогида финалларида кузатилган ва тарихда фақат 8 марта шундай ҳолат кузатилган. Охирги пайтларда эса жуда кам, асримиз давомида фақат 2011 ва 2014 йилларда Валенсияда бўлиб ўтган финалларда мухлислар класико гувоҳи бўлган. Ҳар икки ўйин ҳам мадридликлар ғалабаси билан якунига етганди. Шу омиллар туфайли ҳам бу сафарги финалга қизиқиш катта эди, ўйин олдидан рўй берган турли воқеалар, ҳакамлик можароси ҳам интригани чўққига кўтарди, барчанинг эътиборини ўзига жалб қилди.
Ўйин олдидан
Бевосита футболнинг ўзига тўхталадиган бўлсак, ўйин олдидан ҳар икки жамоада ҳам йўқотишлар етарли эди. Айниқса, икки томондан ҳам асосий тўпурарлар – Роберт Левандовски ва Килиан Мбаппе асосий таркибдан ўрин олмагани – мураббийларга янги режалар учун мажбурият юклади. Шунингдек, «Реал»да ҳимоя чизиғидаги эски жароҳатларга қўшилиб, Камавинга ҳам мавсум охиригача сафдан чиққани, Флик эса Балденинг ёрдамидан фойдалана олмаслиги турли тактик маневрлар имкониятини чеклаши тайин эди.
«Реал»да Мбаппенинг ўрнини ҳеч ким боса олмайди. Айниқса, ҳозир, чунки жамоа ўйин ташкил қилиш борасида муаммоларга дуч келмоқда. Бундай сценарийда, айниқса, рақиб ташаббускор футбол кўрсатаётганда «Реал» қарши ҳужумларга чиқиши, тўпни Мбаппега етказиб бериб, ундан индивидуал маҳорат кутилиши анча мантиқли режалардан бири саналади. Анчелотти илк дақиқалардан франциялик ҳужумчидан фойдалана олмаслиги уни мана шу муҳим кузирдан маҳрум этди.
Каталонияликларда эса Левандовскидан ҳам кўра Балденинг жароҳати ўйин услубига жиддий таъсир кўрсатади. Айнан чап қанот ҳимоячиси ҳужумларга фаол қўшилиши Рафинянинг ҳам имкониятларини кенгайтиради. Маълумки, «Лидс»да ҳам, Хави бошқаруви даврида ҳам вингер сифатида ҳаракат қилган бразилиялик футболчи Флик даврида умуман бошқа савияга чиқди. Унга топширилган янгича рол – чап ярим қанотда ва марказда фаол ҳаракат қилиш, керак пайтда жарима майдонида пайдо бўлиш ҳисобланади. Бунга эса Кейтанинг чап қанотдаги роли замин яратади – ҳимоячи аут чизиғига яқин нуқтадан ҳужумни қўллаб-қувватлаб, қанотни кенгайтиради, яъни рақиб ҳимоячисини четга тортади. Бу эса Рафиняга керакли нуқталарда бўшлиқлар яратиб беради. Балде майдонга тушмаган ўйинларда ёки Ямалга дам берилиб, Рафинядан аввалгидек вингер сифатида фойдаланишганда ушбу мавсумда биз ўрганиб қолган, «Олтин тўп»нинг асосий фаворитларидан бири бўлган Рафиняни кўрмаймиз.
Хуллас, ҳар икки мураббий рақибига кутилмаган сюрприз тайёрламади, ҳар иккиси ҳам бир кун олдин тахмин қилинган футболчиларни асосий таркиб сифатида танлашди. Балки, айнан мана шу ерда кўпроқ Анчелоттида хато бўлиши мумкин.
Ўйин
Сабаби, айнан дастлабки дақиқалар, умуман биринчи бўлим тўлиқ «Барселона» устунлигида ўтди ва танаффусга фақат минимал фарқ билан йўл олингани мадридликларнинг омади келганидир. Бутун учрашувни учта алоҳида даврга ажратиб таҳлил қилиш мумкин.
Биринчи давр – дастлабки 45 дақиқа. Бу палла тўлиқ «Барселона» устунлигида ўтди. Тўп назорати 63 га 37, зарбалар сони 9:1, дарвоза соҳасига тўғри борган зарбалар 4:0, бурчак тўплари 5:1. Умуман, барча кўрсаткичларда каталонияликларнинг устунлиги сезилди.
«Реал» тўпни назорат қилиш, майдон марказидан ўтиб, ҳужум ташкил қилишда ҳам муаммоларга дуч келди. Бир-икки хавфли ҳужум ҳам офсайд туфайли тўхтаб қолди. Қисқаси, «Реал»да рақибга таклиф қиладиган на бир сюрприз, на ҳамма ўрганиб қолган салобатли хотиржамлик кузатилди.
Шу ўринда юқорида айтилгандек, Мбаппе орқали қарши ҳужумлар имконияти йўқолган экан, Анчелотти илк дақиқаларданоқ Лука Модрич билан ўйнаши мантиқлироқ бўлиши мумкин эди. Хорватиялик футболчи мадридликлар таркибида энг тажрибали футболчи ҳисобланади – унинг хотиржамлиги ва темпни бошқариш қобилияти «Реал»нинг бошқа ўйинчиларига ҳам ўзига бўлган ишончни қайтаради. Аввалги икки класикода «Барселона» йирик ҳисобда ғалаба қозонгани туфайли, «Реал» футболчиларида қўрқув ва ўзига нисбатан ишончсизлик ҳам йўқ эмасди
Ҳимояланишда Анчелотти ташкил қилган ва бўлим давомида ишлаган ягона режа – рақиб футболчилари орасидан изоляция қурбони сифатида айнан Жерар Мартин танлангани. Балденинг ўрнида ҳаракат қилган Мартин тўп билан муомала қилишда, айниқса, ҳужумларга қўшилишда жамоанинг энг бўш нуқтаси ҳисобланади. «Реал» прессингда ва «Барселона» ҳужуми пайтида атайлаб Мартинни очиқ қолдираверишди. Табиийки, «Барселона» футболчиларида тўпни анча очиқ ва қулай позицияда турган Мартинга етказиб бериш васвасаси устун келаверди. Мартин 1-бўлимда «Барселона» таркибида тўп билан энг кўп учрашган футболчилардан бири бўлди. Бу ҳолат эса каталонияликларнинг жуда кўп потенциал хавфли ҳужумлари айнан Мартин орқали кўнгилдагидек давом этмаганини таъкидлаш керак.
Иккинчи давр – 48-77 дақиқалар. Бу давр тўлиғича «Реал» устунлигида кечди. Танаффусдан сўнг Родриго ўрнига Мбаппе тушиши, 55-дақиқалардан эса Себалиос ва Васкес ўрнига Гулер ва Модрич майдонга ташланишидан сўнг «Реал» ҳам ҳужумда хавфли, ҳам тўп назоратида ишончли ўйнай бошлади. Ўнг қанотдаги Васкес ўрнига Валверде ўтиши, Валверденинг 1-бўлимдаги ўрнини Гулер, Себалиос ўрнини эса Модрич, Родриго ўрнини Мбаппе эгаллаши – «Реал»да бирданига тўрт чизиқда ҳужумкорроқ ижрочи пайдо бўлишини таъминлади.
Натижада, бу оралиқда дарвозага берилган зарбалар сони 9:3, дарвоза соҳасига аниқ борган зарбалар 7:1, бурчак зарбалари 5:2 кўринишида, биринчи бўлимдан фарқли ўлароқ, «Реал» фойдасига бўлди. Айнан мана шу позиция алмашув жараёнидаги тушунмовчилик пайтида «Барселона»да қарши ҳужумда иккинчи голни уриб, интригани ўлдириш имконияти бор эди, аммо Олмо ва Рафинянинг нотўғри қарорлари туфайли бу рўй бермай қолди. «Реал» эса мана шу ярим соатнинг охирги қисмида иккита стандарт вазиятни голга айлантирди.
Учинчи давр – 77-120 дақиқалар. Бу давр мобайнида «Барселона» ҳисобни тенглаштирган ва якунда ғалаба голини ҳам урган бўлса-да, бир жамоанинг тўлиқ устунлигини ёки пасайиши кузатилгани ҳақида гапириш нотўғри бўлади. 77-90 дақиқалар оралиғида вазиятлар сони 2:1, қўшимча вақтларда эса 3:2, «Барселона» фойдасига. Қўшимча бўлимларда эса «Реал» хавфлироқ кўринди. Бир неча анча хавфли юришлар офсайд туфайли статистикада кўринмаганини қайд этиш мумкин.
«Реал» яхшироқ ўйнаганини бу жамоада иккинчи бўлим давомида ва қўшимча бўлимларда майдонга тушган Мбаппе, Модрич, Гулер, Диас, Эндрик каби футболчилар ўйинни бошқариш ва ўйинда етакчиликни қўлга олишда «Барселона» сафида захирадан тушганлардан устунлиги билан боғлаш мумкин.
Каталонияликларда Педри, Торрес, де Йонг, Олмо ўрнига чиққан Фермин, Гави, Пау Виктор, Араухо каби футболчилар фақат жисмоний томондан нимадир қўшиши мумкин, аммо ўйинни назорат қилиш сифатида пасайиш юзага келиши табиий.
«Реал»да эса ҳар чизиқда алмаштирилган футболчилар аввалгилардан кам эмас. Шунинг учун ҳам қўшимча бўлимларда «Барселона» ўйинини дастлабки дақиқалардан ўйнаган футболчилар бошқарган бўлса, «Реал»да асосий ролларда Мбаппе, Гулер, Модрич каби кейинроқ ўйинга қўшилганлар бўлди. Шу туфайли «Реал» ҳужумлари анча тезкорроқ ва хавфлироқ кўрина бошлади.
Шу томондан олиб қаралса, ҳисобда ортда бораётган «Барселона» қарши ҳужумда ҳисобни тенглаштиргани ҳам, ҳал қилувчи гол парадоксал равишда «Реал» услубида, яъни биргина вазиятдаги кутилмаган прессинг ва қарор натижасида урилгани ҳам мантиқан асосли туюлади. Испаниядаги фаолияти давомида Қироллик кубогида ҳар мавсумда биттадан гол уриб келаётган Кунденинг бу сафарги зарбаси финал тақдирини ҳал қилди ва 1990 йилдан буён илк марта «Барселона»нинг «Реал» устидан финал ўйинида ғалаба қозонишини таъминлади.
«Барселона» требл, «Реал» ўзгаришлар остонасида
Ўтган мавсумдаги уч класикода ҳам «Реал» ғалаба қозонган, умумий тўплар нисбати – 9:4. Бу сафар эса «Барселона» умумий 12:4 ҳисобида уч ғалабага эришди ва ҳозирча Испания Суперкубоги ва Қироллик кубогини азалий рақибидан тортиб олди. Бу икки қутбли натижалар ўртасида жамоалар таркиби деярли ўзгармади, асосий фарқ каталонияликлар бошқарувига Ҳанс-Дитер Флик келгани бўлди. Бу худди 2008-йилларда Райкард ўрнига Гвардиола келиши класиколардаги устунликни сезиларли даражада «Барселона» фойдасига ўзгартириб юборганини эслатиб юборди.
Жамоа бу даражага айнан Флик туфайли етиб келгани шубҳасиз –таркибдаги бир қатор футболчилар ўйин даражаси бўйича сезиларли ўсишди, иккинчидан, тўғри жисмоний тайёргарлик туфайли «Барселона» кўп йиллардан бери илк марта баҳорга келиб бошқалардан устунроқ спорт формасига эга бўлмоқда. Ҳатто мавсум давомида деярли барча ўйинларда майдонга тушиб келаётган футболчиларда ҳам пасайиш сезилмаяпти.
Бизни икки ҳафтадан сўнг навбатдаги, бу мавсумда тўртинчи класико кутиб турибди. Бу сафар жамоалар Ла Лига чемпионлиги масаласини ҳал қилади. Очколар бўйича «Барселона» айни пайтда 4 очколик устунликка эгалиги инобатга олинса, катта эҳтимол билан, бу соврин ҳам Флик шогирдларига кетади. Келаётган ҳафталарда «Барселона»ни ЕЧЛ яримфиналида «Интер»га қарши яримфинал ўйинлари ҳам кутиб турибди.
Мадридда эса бироз тескари ҳиссиётлар. ЕЧЛдан чиқиб кетганидан сўнг жамоадаги ижобий муҳит, ўзига бўлган катта ишонч йўқолиб қолди, ҳатто ашаддий мухлислар ҳам кўпроқ келаси мавсум ҳақида қайғуришни бошлашди. Турли хабарлар шу даражага етдики, бир неча ой олдин 2029 йилгача Мадридда ишлаш режаси борлигини бот-бот такрорлаган Карло Анчелотти ҳам келажаги ҳақида бироз мужмал жавоблар бермоқда.
«Менинг кетишим келаси ҳафталарда кун тартибида бўлади, бугун эмас», – деб жавоб берди италиялик мутахассис ўйиндан сўнг.
Лука Модрич ва Анчелотти кетиши билан сўнгги ўн йилдаги «Реал» даври якунига етади ва янгиси бошланади. Агар бу иш деярли ҳамма руҳан тайёр бўлган шу ёзда амалга ошмаса, келаси мавсум бошларидаги муваффақиятсизликлар клуб муҳитини бутунлай бузиб юбориши мумкин.
Ҳакам
Ўйин олдидан содир бўлган воқеалар класикода икки жамоадан ташқари учинчи бош қаҳрамонли сценарий тақдим этиши керак эди – Рикардо де Бургос. Ўйиндан аввалги воқеалар ҳақида мазкур ҳаволада батафсил маълумот берилган эди. Айтиш мумкинки, ўша воқеалар ҳакамларга ортиқча босим ўтказди, бош ҳакам жуда кўп қарорларини футболчиларга тушунтириш орқали, ўйин тизгинини чиқариб юбормаслик дардида ёнди. Яхшиямки, бир қатор шубҳали пеналти вазиятлари офсайд туфайли ўртадан кўтарилди, акс ҳолда кечаги ўйин энг можароли класико сифатида хотирада қолиши ҳам мумкин эди.
Ўйин давомида кузатилган барча баҳсли вазиятларда де Бургос қўпол хатоларга йўл қўймаганини таъкидлаш керак. Асосий вақтнинг сўнгги дақиқаларида Рафиняга фол учун белгилаган пеналтисини VAR ёрдамида бекор қилди. Ферран Торрес билан боғлиқ вазият ҳам катта эҳтимол билан яққол пеналти ҳолати эмасди. Мбаппени йиқитишганда ҳам икки ҳимоячи яқин таъқибда бўлганидан, қизил карточка кўрсатилмагани тўғри бўлди.
Қизиғи, аслида ҳар икки томонга ҳам баҳсли қарорлар рўй берган бўлса-да, ўйин охирида «Реал» футболчиларининг ҳакамга қарши агрессив ҳаракатлари тушунарсиз. Бундай реакцияга ўйин пайтидаги қарордан кўра, учрашувдан олдинги гап-сўзлар, ҳакамга нисбатан «душманлик» муносабатлари рўй ўйнаган бўлиши керак. Беллингҳэм, Рюдигер ва Васкес ўйин тугаши арафасида қизил карточка билан жазоланди. Испания кубогидаги карточкалар Ла Лигага таъсир кўрсатмаса-да, регламент бўйича ҳакамга қарши бу қадар кескинлик алоҳида кўриб чиқилади ва бир неча ўйинга дисквалификация кўзда тутилган. Бу ҳолатда четлатиш Ла Лига ўйинларига ҳам таъсир қилади. Айниқса, Антонио Рюдигернинг ҳакамга қарата муз бўлагини отгани оғир ҳолат сифатида баҳоланмоқда ва ҳатто 4-12 ўйинга дискавалификация масаласи кўтариляпти. Шундоқ ҳам марказий ҳимояда муаммолар мавжуд пайтда чемпионатнинг ҳал қилувчи палласида бу жиддий йўқотиш.
Бир тарафдан, сўнгги йилларда футболнинг қироли, хотиржам ва салобатли, ҳар қандай вазиятдан ғолиб бўлиб чиқиб кетувчи куч сифатида тасаввур яратган «Реал»нинг бу мавсумда «ҳамма душман» режимига ўтиб олиши Флорентино Переснинг қарорлари, Лига билан даҳанаки жанглари билан боғлиқдек. Бу эса Қироллик клуби учун бироз хунук ҳолат. Аммо бошқа тарафдан, мухлислар сўнгги йилларда анча дўстона класиколардан зерикиб қолишганди, кечагиси фарқ қилди, қайсидир жиҳатдан, ўша Моуринио – Пеп давридаги тўқнашувларни эслатиб юборди. Бу эса бетараф мухлислар учун айни муддао.
Кечаги ўйинда «Реал» қўлга киритган асосий ютуқ ҳам шу. Анча иложсиз ва бир томонлама кечган икки класикодан сўнг, ниҳоят «Реал» ҳам ўз «тишини кўрсатиб қўйди» ва бу кейинги ўйинларда жамоага ишонч беради.
Қ.Асланов
Манба: Kun.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар