date

Абдуқодир Ҳусанов Чемпионлар лигасида “Сити”нинг асосий устунига айланмоқда

Абдуқодир Ҳусанов Чемпионлар лигасида “Сити”нинг асосий устунига айланмоқда

Европа Чемпионлар лигаси — қитъанинг энг нуфузли ва энг қизиқарли мусобақаси ҳисобланади. Бу турнирда Европанинг энг қудратли клублари бир-бири билан юзма-юз келишади, совринлар учун кураш олиб боришади. Ҳар бир футболчи учун эса бу мусобақада майдонга тушиш, ўз маҳорат ва иқтидорини намойиш қилиш, ғалабалар қозониш ва кубок кўтариш орзу қилинадиган марра ҳисобланади.

Ўзбекистон футболчилари орасида ҳозирча айнан Абдуқодир Ҳусановда мунтазам равишда Европа Чемпионлар лигасида иштирок этиш имконияти мавжуд. Шу боис ҳам юртимиздаги футбол ихлосмандлари унинг ҳар бир учрашувини катта қизиқиш билан кузатиб боришмоқда.

Янги мавсумдаги илк учрашувдаёқ Абдуқодир Ҳусанов жамоанинг асосий фигураларидан бири сифатида майдонга тушди ва ўзининг қанчалик ишончли ҳимоячи эканини кўрсатиб берди.

Абдуқодирнинг йўли узоққа чўзилмади. У профессионал фаолиятини 2022 йилда Беларуснинг “Энергетик-БГУ” клубида бошлади ва қисқа вақт ичида Европанинг етакчи клублари диққатини тортди. Бир йил ўтмасдан Франциянинг “Ланс” клубига йўл олди ва ўша ерда Европа Чемпионлар лигасидаги дебютини нишонлади.

2023 йил 29 ноябр куни “Ланс”нинг “Арсенал”га қарши ўйинида Ҳусанов 28 дақиқа тўп тепди, аммо жамоа 0:6 ҳисобида мағлуб бўлди. Дебют ғалаба билан бошланмаган бўлса-да, бу ўйин ёш ҳимоячи учун катта тажриба бўлди. Орадан кўп ўтмай, 12 декабр куни “Ланс” “Севилья”ни 2:1 ҳисобида мағлуб этди ва Ҳусанов захирадан майдонга кирди.

2025 йил бошида эса Ҳусановнинг ҳаёти тубдан ўзгарди. У дунёнинг энг кучли клубларидан бири — “Манчестер Сити”га кўчиб ўтди. Январдаги трансфердан бир ой ўтгач, у Чемпионлар лигаси плей-оффида “Реал Мадрид”га қарши беллашувда асосий таркибда майдонга тушди. “Сантьяго Бернабеу”да ўтган ушбу учрашувда “шаҳарликлар” 1:3 ҳисобида мағлуб бўлди. Бироқ ўзбекистонлик ҳимоячи Винисиус Жуниор каби юлдузга имконият бермагани учун кенг муҳокамага сабаб бўлди.

Бу ўйиндан сўнг Хосеп Гвардиола Абдуқодирни нафақат марказий ҳимояда, балки зарурат туғилганда ўнг қанотда ҳам ишлатиши мумкинлигини англаб етди. Ҳусанов ўз универсаллиги билан жамоага катта ёрдам бермоқда.

Мавсум бошида Матеуш Нуньеш ва Рико Льюис йўл қўйган хатолардан кейин Гвардиола Манчестер дербисида ўнг қанот ҳимоясини Ҳусановга топширди. У эса жуда ишончли ўйнаб, “Манчестер Юнайтед”га қарши баҳсда бирорта хатога йўл қўймади ва жамоа дарвозаси дахлсизлигини таъминлашга ҳисса қўшди.

Шундан сўнг у Чемпионлар лигасининг биринчи турида “Наполи”га қарши асосий таркибда майдонга тушди. Бу ўйинда ҳам у ўз ишончини оқлаб, нафақат ҳимояда, балки ҳужум ташкил қилишда ҳам фаол иштирок этди.

Шу тариқа, Абдуқодир Ҳусанов Европа Чемпионлар лигасида тўртинчи марта майдонга тушди ва бу гал биринчи бор жамоанинг асосий устунларидан бири сифатида ғалабага ҳисса қўшди.

Ўзбекистон ва бутун дунёдаги мухлислар ҳозир Абдуқодирнинг кейинги ўйинларда ҳам мунтазам асосий таркибда ўйнаши ва “Манчестер Сити”нинг муҳим ғалабаларига ҳисса қўшишини орзиқиб кутмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Абдуқодир Ҳусанов Чемпионлар лигасида “Сити”нинг асосий устунига айланмоқда