Англия Премьер-лигасининг бешинчи туридан ўрин олган марказий тўқнашув – “Арсенал” ва “Манчестер Сити” баҳси драматик тарзда кечди. Беллашув Лондондаги “Эмирейтс” аренасида бўлиб ўтди ва у чемпионлик пойгасидаги икки кучли клубнинг тўқнашуви сифатида катта қизиқиш билан кузатилди.
Учрашув меҳмонлар учун яхши бошланди. Эндигина 9-дақиқада норвегиялик ҳужумчи Эрлинг Холанд аниқ зарба билан ҳисобни очди. Шундан сўнг “шаҳарликлар” ўйинни назорат қилишга ҳаракат қилди.
Ўзбек легионери Абдуқодир Ҳусанов яна бир бор асосий таркибдан ўрин олди. Бу унинг бир ҳафта ичида учинчи марта бошланғич таркибда майдонга тушиши бўлди. Биринчи бўлимда у рақибнинг хавфли ҳужумчиси Леандро Троссарга деярли имконият бермади. Яккакурашларда қатъият билан ҳаракат қилган Ҳусанов қанотда ишончли ўйин кўрсатди.
Бироқ 15-дақиқада ўзбекистонлик ҳимоячи рақиб сардори Габриэл билан тўқнашиб, тўпиғидан жароҳат олди. Тиббиёт ходимлари ёрдам кўрсатгач, Ҳусанов ўйинни давом эттирди. Шунга қарамай, танаффус вақтида Хосеп Гвардиола хавфни олдини олиш мақсадида уни захирага олиб, ўрнига Матеуш Нуньешни майдонга туширди.
“cityxtra.co.uk” сайтида қайд этилишича, Ҳусанов биринчи бўлимда ҳеч кимни ўтказмаган, ҳимояда қатъий ҳаракат қилган ва ўз зонасини ишончли тарзда ёпган. Эксперт Вайам Лахотининг фикрига кўра, ёш ҳимоячи босимга қарамай, жуда мақтовга лойиқ ўйин кўрсатган.
Ҳозирча, Ҳусановнинг жароҳати қай даражада оғир экани ҳақида расмий маълумот берилмади. Аммо Гвардиоланинг уни эҳтиёт қилиб, 45 дақиқадан сўнг захирага олиши ҳамюртимизнинг соғлиғига жиддий эътибор қаратилаётганини кўрсатади.
Эслатиб ўтамиз, “Манчестер Сити” ўйин охирида гол ўтказиб юборди ва беллашув 1:1 ҳисобида якунланди. Бу натижа "шаҳарликлар"га бир очко олиб келди, аммо ғалабадан маҳрум қилди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!