Туркия Суперлигасининг 6-турида Истанбулнинг “Башакшеҳир” клуби ўз майдонида “Аланяспор”ни қабул қилди. Учрашув олдидан ҳам турк оммавий ахборот воситалари ва ўзбекистонлик мухлислар диққати Элдор Шомуродовга қаратилган эди.
Ўзбекистон миллий жамоаси ҳужумчиси баҳсни асосий таркибда бошлади ва 29-дақиқада гол уриб жамоаси ҳисобини очди. Элдорнинг аниқ зарбаси нафақат стадиондаги томошабинларни, балки телевизор ортида ўтирган минглаб мухлисларни ҳам қувонтирди.
Шу билан бирга, ёш яримҳимоячи Аббосбек Файзуллаев бу сафар захирада қолдирилди. Шунга қарамай, унинг номи ҳам турли шарҳларда тилга олинди, чунки у кейинги баҳсларда жамоага катта ёрдам бериши кутилмоқда.
Айни дамда “Башакшеҳир” ҳисобида 5 очко мавжуд бўлиб, жамоа турнир жадвалида 11-ўриндан жой олган. Улар захирада бир ўйинга эга. “Аланяспор” эса 8 очко билан 7-поғонада қарор топган.
Қайд этиш керак, Истанбул клуби ўтган турда янги бош мураббий Нури Шаҳин қўл остида мавсумдаги илк ғалабасини қайд этганди. Энди эса Шомуродовнинг голи билан жамоа янада руҳий кўтаринкиликка эга бўлди ва бу уларнинг кейинги турлардаги ҳаракатига ижобий таъсир кўрсатиши мумкин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!