Ўзбек киноси тарихида томошабинлар қалбида чуқур из қолдирган фильмлардан бири – “Телба”. Орadan йиллар ўтса-да, унинг қаҳрамонлари, таъсирчан саҳналари ва самимий муҳаббат ҳақидаги ҳикояси ҳалигача мухлислар орасида тилга олинади.
Актриса Дилноза Кубаева ўша фильм суратга олиш жараёнлари ҳақида эслаб, ўз таассуротлари билан ўртоқлашди. Унинг айтишича, айрим саҳналар шу қадар кучли таъсир қилганки, актриса бир лаҳзага ўзини кино оламида эмас, балки ҳаётнинг ўзида юргандек ҳис қилган.
“Қаҳрамонимнинг онасига айтган сўзлари бор эди: ‘Бир умр бекатда хоним сотсам ҳам, аччиқдан ўлсам ҳам, сўзимдан қайтмайман, ойи!’ Шу вақтда мен бутунлай образга шунчалик кириб кетганманки, худди камера қаршисида эмас, ҳақиқий ҳаётдаги воқеани бошдан кечираётгандек ҳис қилганман. Олдимда актриса Раъно Ярашева эмас, балки ҳақиқий онам тургандек туюлган”, — дейди Кубаева.
Унинг сўзларига кўра, суратга олиш совуқ мавсумда бўлиб ўтган ва бу унга катта синов бўлган. “Юпқа кийимда туриб, совуқдан лабларим қалтираб кетарди. Бироқ тишимни тишимга қўйиб сабр қилардим. Ҳар сафар ‘Стоп!’ дейилгандан сўнг эса тезда қалин кийимимни кийишга шошардим”, — дея қўшимча қилди актриса.
Фильм мухлислари орасида энг кўп бериладиган саволлардан бири – “Телба”нинг давоми суратга олинадими?” Дилноза Кубаева бу ҳақда аниқ жавоб берди: “Фильмни севиб томоша қилган барча юртдошларимизга чуқур миннатдорчилик билдираман. Аммо фильмда кўплаб қаҳрамонлар ҳаёти узилган. Шу боис бу асар ўз ҳолича, халқ қалбида сақланиб қолиши керак деб ҳисоблайман”.
Маълумот учун, “Телба” фильми 2008 йилда суратга олинган бўлиб, ўзбек киносида энг кўп муҳокама қилинган ва томоша қилинган асарлардан бири ҳисобланади. Фильм режиссёри — Аюб Шаҳобиддинов, сценарий муаллифи Йолқин Туйчиев, продюсери эса Аваз Тожихонов бўлган.
Картинанинг бош қаҳрамонларини Дилноза Кубаева, Улуғбек Қодиров, Раъно Ярашева, Алишер Узоқов, Убайдулла Омон ва бошқа машҳур актёрлар ижро этган. Асар камбағал йигит билан бой оиланинг қизи ўртасидаги самимий муҳаббат, садоқат ва ижтимоий тўсиқлар орасидаги драматик курашни ёрқин тасвирлаб берган.
Мухлислар учун энг асосий хулоса шуки, “Телба” фильми давоми бўлмаса-да, унинг таъсири ҳали узоқ йиллар давомида ўзбек киноси тарихида яшаб қолиши аниқ.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!