date
views 0

Абдуқодир Ҳусанов нега заҳирага "михланди"?

Абдуқодир Ҳусанов нега заҳирага "михланди"?
Қаторасига 6 ўйиндан бери Абдуқодир Ҳусанов «Манчестер Сити» захирасида қолмоқда ва бу оралиқда бирор дақиқа ўйнагани йўқ. Ёмон тасодиф шундаки, Ҳусановнинг захирага олиниши билан Ўзбекистонга келиб кетиши деярли бир вақтга тўғри келди – табиий равишда мухлислар ўртасида, футбол жамоатчилигида бу икки воқеани боғлаш авж олди.

Абдуқодир Тошкентга келганидаги турли видеолар ва тадбирлар унга зарар бериши мумкинлигини, матбуот кейинчалик нормал ҳолатларда ҳам мана шу салбий бўёқларни ишлатишидан хавотир билдирилганди.

Тан олиш керак, Ҳусанов Манчестерга боргач, Ўзбекистонда жуда машҳур бўлиб кетди, энди уни фақат футбол билан яқиндан таниш бўлган, уни тушунадиганлар эмас, балки ҳамма таний бошлади. Бу эса унинг жамоасидаги ҳолати тўғри қабул қилиниши, тўғри баҳо берилиши имкониятини пасайтириб юборади. Энди кўпчилик кўча-кўйда илгари футбол ҳақида суҳбатлашмаган танишларидан ҳам «Абдуқодир нега тушмаяпти?», «Уни сотиб юборишар эканми?», «Абдураҳмон билан бирга юрса шунақа бўлади-да» қабилидаги фикрларни тез-тез эшитмоқда. Ким билсин, ҳатто Абдуқодирнинг ўзидан ҳам сўрай бошлашгандир – нега майдонга тушмаяпсан, деб.

Шунинг учун мавзуга яна қайтишга қарор қилдик, Абдулла Қодирийга терс равишда энг ёруғ кунларга, қишнинг оппоқ февралини эслаймиз.

Дебют

Агар футболга озми кўпми яқин бўлсангиз, Абдуқодир Ҳусановнинг «Манчестер Сити»га трансфер қилинишининг ўзи ҳам катта воқеа экани, биз Ҳусановни ҳар қанча истеъдодли деб билмайлик, бу клубга ўтиш унинг учун ҳам катта сакраш эканини билардик. Шунинг учун у илк кунларидан бошлаб асосий таркибда ўйнай бошлаши, феврал ойида жамоасининг энг яхши футболчиси бўлиши – эртакнамо воқелик эди.

Аммо шу билан бирга, «Манчестер Сити»нинг февралдаги ва бугунги ҳолати ўртасида катта фарқ борлигини ҳам қайд этиш керак. Ўшанда Гвардиола ихтиёрида соғ ҳимоячининг ўзи қолмаган – буни биз Манчестерга борганига атиги бир неча кун бўлган Ҳусановнинг «Челси»га қарши илк дақиқалардан ташланганидан ҳам билсак бўлади. Диаш жароҳатда, Уокер Миланга кетганди, кейинчалик навбати билан Аканжи, Аке ва Стоунз ҳам узоқ муддатга сафдан чиқишди. Таркибда тўрт нафар соф ҳимоячи – Гвардиол, Диаш ҳамда янги қўшилган Ҳусанов ва Рейс қолганди. Гвардиолада Ҳусановни майдонга туширишдан бошқа вариант ҳам йўқ эди. Ҳусанов эса бу даврни чиндан ҳам яхши ўтказди, қисқа муддат ичида ўз устунликларини нафақат мураббийларга, балки бутун Англияга ва Европага кўрсатишнинг уддасидан чиқди. Энди инглиз мутахассислари ҳам у ҳақида «Манчестер Сити»нинг тўлақонли аъзоси сифатида гапира бошлади. Умуман, уч ойлик муддат учун ҳам аслида кутганимиздан кўра каттароқ қадамлар ташлаб бўлинган.

Тақвим

Агар феврал-март ойларида Ҳусанов асосий таркибда майдонга тушган рақиб жамоаларга қарасак, «Челси», «Тоттенҳэм», «Ливерпул», «Реал», «Ноттингҳэм», «Брайтон» – ҳаммаси топ ёки унга яқин жамоалар бўлиб, юқорида айтганимиздек, «Сити» ҳам у қадар яхши ҳолатда эмасди. Табиийки, тўп назорати ҳам, контрпрессинг ҳам етарлича шаклланмагач, жамоа кўпроқ вақт тўпсиз қолади ва ҳимояланишга мажбур бўлади. Миллий жамоалар билан боғлиқ танаффусдан сўнг эса биринчидан, «Манчестер Сити»нинг ўйини яхши томонга ўзгарди, иккинчидан, тақвимда жамоа анча кучсизроқ, иккинчи рақам остида ўйнайдиган рақибларга қарши тўп сурадиган бўлди.

Таққослаш учун, ўша Ҳусанов майдонга тушган ўйинларда «Сити» ўйиннинг ўртача 56 фоиз вақтида тўпни назорат қилган бўлса, кейинги ўйинларда бу рақам 65 фоизга тенг бўлмоқда. «Сити» дарвозасига йўлланган зарбалар сони аввалги ўйинларда бир ўйинга ўртача 12 та эди, ҳозир эса 8 тадан сал камроқ. Гвардиола шогирдлари тўпга кўпроқ эгалик қилиб, ҳужумкор ўйнай бошлагач, қўшимча ҳимоячидан кўра, олдинги чизиқда фойдали бўлган футболчиларга кўпроқ эҳтиёж сезилиши табиий.

Шунингдек, мавсум сўнггида «Манчестер Сити» Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун қаттиқ кураш олиб бормоқда. Ҳар бир ўйинда ғалаба қозониш мақсади қўйилган. Бундай шартларда Гвардиола учун кимгадир имконият бериш, янги тажрибаларни синаб кўриш кейинги даражага ўтиб қолади, бошқа муддатга қолдирилади.

Рақобат

Англия кубоги доирасида «Борнмут»га қарши ўйиннинг иккинчи бўлимида Нико О’Райли майдонга тушди ва учрашувда бурилиш ясалди. Унинг чап қанотдаги ишончли ҳаракатлари жамоага ғалаба келтирди. Натижа учун ўйналаётган даврда мураббийлар ғолиб таркибни алмаштиришни исташмайди одатда. Жамоа Чемпионлар Лигасини эрта тарк этгани туфайли «ҳафтада бир ўйин» режимига ўтиб бўлган, демак ортиқча ротация қилиш эҳтиёжи ҳам йўқолган.

Шу ўринда, Ҳусанов айнан Нико О’Райлига рақобатни бой берди деб ҳам тушунмаслик керак. Қоғозда шундай, айни пайтда айнан Нико асосий таркибда туша бошлади, аммо бу ерда билвосита рақобат, яъни занжир реакцияси ишламоқда.

Аввалдан маълум эдики, Абдуқодир Ҳусанов ўнг марказий ҳимоячи позицияси бўйича Рубен Диашга тўғридан тўғри рақобатчи ҳисобланади. Ҳамюртимиз фақат мана шу нуқтага ихтисослашган, «Сити» ҳимоя чизиғидаги энг етакчи, энг яхши ҳимоячи бўлмиш Диаш ҳам айнан шу позиция вакилидир. Феврал ва март ойларида ҳимоя чизиғида етишмовчилик туфайли Ҳусанов ўз позициясида, Диаш эса унга шерик сифатида чап-марказий ҳимояда ўйнаётганди. Нико О’Райли чап қанот ҳимоясида ўйнаб кетгач, Пеп Йошко Гвардиол ҳам ўз вақтида марказий ҳимоячи бўлганини эслаб қолди. Диаш ва Ҳусановдан фарқли равишда Йошко чапақай ҳисобланади ва ҳаммага маълумки, марказий ҳимоя тандемида мураббийлар бир ўнақай, бир чапақай футболчидан фойдаланишади. Қисқаси, Йошко айни пайтда марказий ҳимоянинг чап қисмида тушмоқда, ўнг марказий ҳимояси учун эса икки номзод – Диаш ва Ҳусанов. Муҳим ўйинларда эса тажрибали Рубен танланиши мантиқан тўғри қарор.

Умуман олганда, рақобат нафақат муайян футболчилар ўртасида, балки турли тактик схемалар, турли режалар ўртасида кечадики, шунга қараб у ёки бу футболчи жамоа учун фойдалироқ ҳисобланиши мумкин. Пеп Гвардиолага ҳозирда натижа келтираётган, охирги 8 ўйиннинг 7 тасида ғалаба олиб келган схемада Ҳусановга жой топилмаётган экан, буни футболчининг ёмон тайёргарлиги билан боғламаслик керак.

Ҳоланднинг жароҳати

Нико О’Райли жамоага муваффақиятли қўшилиши билан Ҳоланднинг жароҳати деярли бир пайтга тўғри келди. Маълумки, аввалдан, Пеп Гвардиола жамоаларида яримҳимояга урғу қаратилади, қанот ҳимоячилари ҳам анча юқорида жойлашиб, рақиб майдонида тўпни назорат қилиш, юқори прессинг катта аҳамият касб этади. «Барселона»да ҳам, «Манчестер Сити»даги илк йилларда ҳам икки марказий ҳимоячи ва 8 яримҳимоячи тўп сурган. Канселу, Зинченко каби футболчиларни ҳимоячи дейишга тил бормайди, тўғрими?

Эрлинг Ҳоланднинг келиши кўп нарсани ўзгартирди. Сўнгги икки йилда Гвардиола футболи анча вертикаллашди, тезкор ҳужумлар, узун паслар улуши анча кўпайди. Бу услубда табиийки, тўп назорати пасаяди, йўқотишлар ва рақиб қарши ҳужумлари ортади. Шунинг учун Гвардиола вақтинча ҳужумкор қанот ҳимоячиларидан воз кечди – ортда 3, ҳатто баъзида 4 нафар соф марказий ҳимоячи ўйнай бошлади.

Буни нега эслаяпмиз? Гап шундаки, Ҳоланд жароҳат олгач, Гвардиола яна эски созламаларга қайтишни бошлади – яққол ҳужумчи ўрнига инсайдлар, майдон марказида сон жиҳатдан устунлик ва албатта, ҳужумкор ҳимоячилар. Нико О’Райли мана шу талабга жуда мос тушади. Қайсидир маънода, Нико доимий асосий таркиб футболчисига айлангани, шу сабабдан Ҳусанов захирада қолаётгани Ҳоланднинг жароҳатига ҳам боғлиқ.

Ҳусанов қачон майдонга тушади?

Айни пайтда «Манчестер Сити» 34 ўйинда 61 очко тўплаб, йўқотилган очколар бўйича 5-ўринда бормоқда. Бу позиция Чемпионлар Лигаси йўлланмасини тақдим этади, аммо «Челси» 1 очколик фарқ билан таъқиб қилиб келаётганини унутмаслик керак.

Катта эҳтимол билан, сўнгги турларгача ЕЧЛ йўлланмаси учун кураш давом этади ва Гвардиола ғалаба қозониб келаётган таркибда ўзгаришлар қилмаса керак. Ҳисоб йириклашганда ҳам кўпроқ олдинги чизиқ футболчилари алмаштирилади. «Сити» кейинги турларда «Вулверҳэмптон», «Саутҳэмптон», «Борнмут» ва «Фулҳэм»га қарши ўйинлар ўтказади. «Челси»ни эса «Ливерпул», «Нюкасл», «МЮ» ва «Ноттингҳэм» каби рақиблар кутиб турибди. Яъни лондонликлар аввалроқ очко йўқотиб, сўнгги турларда манчестерликлар топ-5 ўрнини нақд қилиш эҳтимоли ҳам бор. Балки шунда сўнгги турлар қуруқ расмиятчиликка айланиб, Ҳусанов ва Рейс каби ёш ҳимоячиларга имкон берилиши мумкин.

Шунингдек, июнда бўлиб ўтадиган клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ҳам бор. ФИФА клубларда ҳар ўйинда асосий таркибдан фойдаланишни шарт қилиб қўйган бўлса-да, барибир баъзи позицияларда экспериментлар бўлади, бундан ташқари, юқорида айтганимиздек, Ҳусанов аллақачон ҳамма учун асосий таркиб футболчисига айланиб бўлган. Пеп Гвардиола асосий ҳимоячи Рубен Диашнинг янги мавсумга яхшироқ тайёр бўлиши учун Ҳусановни кўпроқ ўйнатиши ҳақиқатга яқинроқ. Келаси мавсумдан эса турли қўшимча кубоклар, турнирлар қўшилади, албатта, ротациялар бўлади, Абдуқодирни тез-тез майдонда кўришга умид қиламиз.

Тарбия

Яқинда ЎФА матбуот бўлими бошлиғи Даврон Файзиев ҳам бу ҳақида маълумот бериб, Ҳусанов ва унинг яқинлари билан гаплашгани, у билан ҳаммаси жойида экани, машғулотлар кўнгилдагидек кетаётганини маълум қилди.

Албатта, ҳозирги ҳолатнинг педагогик тарафи ҳам борлигини тўлиқ инкор қила олмаймиз. Тарбия деганда ёмон ҳаракатни жазолаш эмас, ҳар қандай иш муҳитида амалга ошириладиган жараён деб ҳам тушуниш мумкин. Ҳусанов ҳали жуда ёш, у бир йил ичида жуда катта сакрашни амалга оширди. Келибоқ жамоада ойнинг энг яхши ўйинчиси деб топилди. Бу ҳолатда ҳар қандай инсон ўзини бироз йўқотиб қўйиши, реалликдан узоқлашиши мумкин. Абдуқодир Ҳусановда бундай муаммо борлигига ишонмайман, лекин Пеп Гвардиола ёки унинг штаби бу эҳтимолларни ҳам ҳисобга олиши табиий. Улар бекорда дунёнинг энг зўри эмас, ахир.

Демак, футболчининг руҳий ҳолатини мувозанатга қайтариш, бўлаётган ходисаларни тўлиқ англашга шароит яратиш учун ҳам бироз ўйинлардан узоқда тутиши ҳам мутлақо футболча қарор. «Манчестер Сити»га келиб, у ерда асосий таркиб футболчиси бўлиш бунчалик осон эмаслигини Ҳусановга тушунтириб қўйиш лозим – футболчининг келажаги учун ҳам фойдали бўлади.

Қ.Асланов

Манба: Kunuz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Абдуқодир Ҳусанов нега заҳирага "михланди"?