
Ўзбекистон терма жамоаси IBA Жаҳон чемпионатида яна бир муваффақиятли кунни ортда қолдирди. Боксчиларимиз бешта ғалаба қозониб, ишонч билан мусобақанинг ярим финал босқичига йўл олишди.
54 кг вазн тоифасида Жалилов сербиялик Артур Нагапетянга қарши жанг ўтказди. У ўзининг аниқ ва совуққон ҳаракати билан рақибни мағлуб этиб, 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди ва кучли тўртликдан жой олди.
Навбатдаги чорак финалда Халоков жангни биринчи сонияларданоқ ўз назоратига олди. Ўзбекистонлик спортчининг юқори суръатига озарбайжонлик Маҳаммадали Аширалиев қаршилик кўрсата олмади. Натижа – 5:0, ва Абдумалик ярим финалга йўл олди.
67 кг вазн тоифасида Муйдинҳўжаев Қозоғистон вакили Санатали Толтаев билан рингга чиқди. Қатъиятли ва стратегик ҳаракатлар натижасида Асадхўжа 4:1 ҳисобида ғалаба қозониб, мусобақанинг кейинги босқичига йўл олди.
75 кг вазн тоифасида Эркинбоев озарбайжонлик Саиджамшид Жафаровни мағлуб этди. Ҳақамлар қарорига кўра, 5:0 ҳисобида Ўзбекистон боксчиси ғолиб бўлди ва ярим финалга йўл олди.
+92 кг вазн тоифасида Арман Маханов кубалик тажрибали боксчи Алехандро Лопесга қарши рингга чиқди. Жанг давомида ўзбекистонлик спортчи ҳар бир раундда устунлик қилиб, 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.