Уч зарба, тўртта гол: «Вильярреал» «Эспаньол»нинг омадсизлигини давом эттирди

Ла Лиганинг 23-тури доирасида «Вильярреал» ўз майдонида «Эспаньол»ни 4:1 ҳисобида таслим этди. Учрашув ғалати статистика билан ёдда қолди: 87-дақиқагача икки жамоа жами атиги учта аниқ зарба йўллаган бўлса-да, таблодаги ҳисоб 4:0 эди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Баҳс бошида меҳмонлар хавфли ҳужум уюштирди: чап қанотдан узатилган тўпни Омар эл-Ҳилали 8 метр масофадан дарвозага жойлади, бироқ ҳужумда қоида бузилиши қайд этилиб, гол бекор қилинди. 35-дақиқада «Вильярреал» ҳисобни очди: чапдан жарима майдонига оширилган тўпни Тейжон Бьюкенен пасга туширди, Жорж Микаутадзе эса бурилиб туриб зарбани аниқ ижро этиб, тўпни ўнг юқори бурчакка йўллади — 1:0. Орадан кўп ўтмай Альберто Молейро ўнг қанотдан узатма берди, Хосе Салинас тўпни қайтаришга уриниб, уни ўз дарвозасига киритиб қўйди — 2:0.
Иккинчи бўлим бошида Молейро марказдан Николас Пепени олдинга чиқариб юборди, ҳужумчи жарима майдонига кириб, 15 метрдан паст зарба билан ўнг бурчакни топди — 3:0. 55-дақиқада эса Молейро Микаутаздеден узатмани қабул қилиб, 12 метрдан узоқ бурчакқа аниқ тепди — 4:0. Якунда «Эспаньол» 88-дақиқада бурчак зарбасидан сўнг жавоб қайтарди: Шарл Пикелнинг узатмасини Леандро Кабрера бош билан якунлади — 4:1.
Ушбу ғалаба «Вильярреал»га турнир жадвалида учинчи ўриндаги «Атлетико»га етиб олиш имконини берди. «Эспаньол» эса кетма-кет тўртинчи мағлубиятини қабул қилиб, олтинчи поғонада қолди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!