Ҳозир олий ҳакам омадсиз мураббийларга мурожаат қилиб «Қани, ким жабрдийда? Ким ноҳақ азият чекмоқда? Унинг учун, албатта, адолатни тиклаймиз!» деса, Самвел Бабаян жон ҳолатда «Ҳақиқат бор экан-ку! Мана, мен ноҳақ танқид бўрони остида қолдим!» дейиши аниқ.
Бундоқ ўйлаб қаралса, у ҳам ўзича ҳақ. Ҳар ҳолда, шаънига тинимсиз дакки-дашномлар ёғдираётган мухлислардан ранжиш учун асослари етарли. Факт шуки, Миржалол Қосимов оғир аҳволда қолдирган миллий жамоамиз айнан унинг раҳбарлигида ўзини ўнглади ва ЖЧ-2018 сўнгги саралаш босқичини кўтаринки кайфиятда бошлади.
Буни шу кунларда яна бир бор эътироф этиш даркор. Дарҳақиқат, бош жамоамиз Самвел Бабаян раҳбарлигида қисқа муддатли кўтаринки тарихни босиб ўтди. Ўшанда бош мураббийнинг омади чопди. Миллий жамоамиз зерикарли ва тушунарсиз ўйин намойиш этиб бўлса ҳамки, мўъжиза эвазига Сурия ва Қатар футболчиларини кичик ҳисобларда енгди.
Ғалабалар ҳурматидан мухлислар бабаянча услубга кўнишди. Афсуски, Жанубий Корея ва Эрон терма жамоаларига қарши кечган кузги учрашувлардаёқ ҳақиқий аҳвол яққол кўзга ташланди ва мухлислар хавотирга туша бошлашди.
Қисқаси, кўнгилларга шубҳа оралади ва бош мураббий имконларига нисбатан ишончсизлик билдирилди. Бугунги можаролар - кузда жиддий эътибор қаратилмаган ишончсизлик кайфиятининг оқаваси. Энди бу оқавани тозалаш амри-маҳол. Вазият издан чиқди. Мухлислар бутунлай тескари тўнларини кийишди ва бунинг учун уларни айблаш ақлсизликдир.
Оқимга қарши сузиш нақадар мушкул. Самвел Бабаян шуни тушуниши керак. У билан боғлиқ ёрқин тасаввурлар аллақачон нохушлик пардаларига ўралди. Хитой ва Жанубий Корея терма жамоаларига қарши кечадиган сўнгги 2 та муҳим баҳсга шундай кайфиятда ҳозирлик кўриш мантиққа зиддир. Чунки мураббийда ҳам, футболчиларда ҳам руҳий мувозанат бузилган ва икки томон бир-бирига ёрдам беролмайди. Шундай вазиятда зарур чора-тадбирларни қўлламаслик, 5 сентябрни кутиш - хато. Энг ёмони, бу хато кутилмаган янги хатоларга йўл очиши мумкин.
Хўш, футболимиз нима сабабдан кетма-кет шундай муаммоларни бошдан кечиряпти, мавжуд ҳолатнинг соф, яъни фақат ўйиннинг ўзига алоқадор жиҳатлари ҳам борми? Қуйида шу мавзудаги мулоҳазаларимизни баён этамиз:
1. Назаримизда, миллий жамоамизни бошқарган сўнгги 3 нафар мутахассис - Вадим Абрамов, Миржалол Қосимов ва Самвел Бабаянга мукаммал мураббийлик таълимининг етишмаслиги панд берди. Шу боисми, уларда дастлабки муваффақиятлардан сўнг ўсиш кузатилмади. Аксинча, ҳар бири ўз билганича пала-партиш тажрибаларга қўл урди ва бу борада ҳақлигини баралла таъкидлашдан чарчамади. Осиё кубоги-2011да Австралия ва Жанубий Корея терма жамоаларига қарши кечган таҳликали ўйинлар - Вадим Абрамов ўзбилармонлигининг қора кўзгуси. Ўшанда 3-ўрин учун баҳсда ҳам ҳисоб 0:3 га етгачгина мураббий ва футболчилар бироз ўзларига келишганди.
Аммо бу ҳушни йиғиш узоққа чўзилмади. Араб футболини енгиш ҳадисини олган Вадим Абрамов селекцияси боис, олимпиячиларимиз Лондон-2012га боришолмади. Ҳаёт исботладики, Вадим Карленович мажбуран миллий ва олимпия терма жамоалари таркибига тиқиштирган бир қатор футболчилар кейинчалик нималарга қодир эканликларини амалда кўрсатишолмади. Кейин эса мураббий сариқ карточкалар машмашасига йўл қўйди ва шу воқеа таъсирида истеъфога чиқарилди.
Миржалол Қосимов ЖЧ-2014 саралаши сўнгги босқичини нисбатан яхши ўтказди, бироқ Иордания термасига қарши кечган 2 та «плей-офф» баҳси унинг обрўсига путур етказди ва шу руҳсизлик КХДР футболчиларига аламли ютқазиш билан якунланди. Самвел Бабаян билан боғлиқ янги тарихни эса юқорида эсладик. Кўриниб турибдики, ҳар 3 нафар мураббий маълум зарбалардан сўнг янги тараққиёт босқичига кўтарилолмади, вазият жиловини қўлдан чиқариб юборди.
2. ЎФФ терма жамоамизга бош мураббий тайинлаш ёки уни истеъфога чиқариш бобида оқсаяпти. Вадим Абрамовни бош мураббийликка тайинлаши ва уни истеъфога чиқарилиши ЎФФни энг сўнгги кутилмаган маъқул қарорлари эди. Олимпиячиларимиз Лондон-2012 йўлланмасидан маҳрум бўлишгач, Вадим Карленович руҳиятида нотинчлик сезилган ва «Жар» стадионида Эрон термасидан учралган мағлубиятнинг бир учи ўша ҳолат билан изоҳланади. Шу маънода айтсак, у вақтида истеъфога чиқарилди. ЎФФнинг кейинги қарорлари эса ўзини оқламаслиги аввалдан маълум эди ва бу ҳаётда ҳам ўз исботини топди.
Миржалол Қосимов ва Самвел Бабаян янги ҳаво вазифасини ўташгани учун ҳам терма жамоамиз уларнинг қўл остида қисқа муддатли кўтарилишга эришди. Аммо юксак савия бўлмаса, янги ҳавонинг ўзи билан узоққа бориш мушкул. ЎФФ масаланинг мана шу жиҳатини ҳал қилолмай хуноб. Шунинг учунми, Самвел Бабаянга жавоб беришни истамади. Самвел Вячеславович эса ўз-ўзича истеъфо бермайди. Ҳолбуки, Хитой термаси билан учрашувда футболчиларимиз салбий натижа қайд этишса, вазият мутлақо чигаллашиб кетади. ЎФФни ўша эҳтимоли бор чигалликдан бугунги янги қарор қутқаради. Эҳ, кузда шу иш амалга ошганидами, терма жамоамиз янги ҳаво кучи билан суриялик футболчиларни Малайзияда ҳам енгган бўларди. Қолаверса, Самвел Бабаян ҳозиргидай ноқулай аҳволга тушмасди.
3. Ҳар бир ўйинга ҳаёт-мамот масаласи сифатида қаралавергани сабаб, терма жамоамиз таркибидаги авлодлар алмашинуви кескин равишда ортга сурилди. Ана, Станислав Черчесов ЦСКА ва «Зенит»нинг машҳур футболчилари хизматидан воз кечиб, Россия терма жамоаси таркибини кескин янгилади. Натижада унинг жамоаси ижросида еврофутболга хос тезкор ва тажовузкор руҳ кўзга ташланди. Леонид Слуцкий эса бу ишга ботинолмаганди. Самвел Бабаян ҳам негадир таркибни янгилашдан чўчимоқда. У Виталий Денисов бўлмаса, Станислав Андреевни майдонга туширади. Игорь Сергеевга эса ноёб топилма сифатида қарайди. Игорь майдонга тушмаса, терма жамоа иши сира юришмайдигандек, гўё. Ваҳоланки, «Қўқон-1912» ёки «Динамо» футболчилари улардан фойдалироқлар. Асосий таркиб футболчиларининг кетма-кет равишда жароҳатланишлари аслида йўқотиш эмас, балки Самвел Бабаян учун имкон ва огоҳлантириш эди. У эса шу имкон ва огоҳлик бонгидан ўзини олиб қочди.
Муҳтарам мухлис! Сиз бугун терма жамоамиз мағлубиятларидан озурдасиз. Бош мураббий танқидлардан хафа. Икки ўртада терма жамоамиз тақдири муаллақ. Шундай экан, вақт - олий ҳакамга юзланамиз ва унинг қарорларини кутамиз. У мухлислар ва ЎФФ, терма жамоа мураббийлар штаби ва футболчилар ўртасидаги бўлинишга барҳам берадими? Ўйлаймизки, бебаҳо вақт бунга қодир!
Манба: www.iff.uz “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин