13:56 / 24.07.2017
4 303

Терма жамоа манзил томон кетмоқда

Терма жамоа манзил томон кетмоқда
Мозийга қайтиб иш кўрмоқлик хайрлидир деб бошлаганди Абдулла Қодирий «Ўткан кунлар» романининг муқаддимасини. Айни пайтда футболимизда шундай жараён кечяптики, бу ҳолатда тарихимизнинг нисбатан узоқроқ бўлган даврини эсга олишимиз ўринли бўлмоқда. Негаки, ЎФФнинг ҳозирги хотиржамлиги бундан қарийб 8 аср муқаддам Муҳаммад Хоразмшоҳнинг йўл қўйган хатоларини эслатмоқда.

Осиёда икки қудратли давлат Хоразмшоҳлар ва Чингизхон бошчилигидаги мўғуллар империяси ўртасида жанг бўлиши муқаррар эди. Аслида хоразмшоҳлар подшоҳининг қўшини сон жиҳатидан рақибдан кўпроқ, салоҳиятда қудратлироқ эди. Аммо айрим субъектив принциплар сабабли султон мўғулларга қарши жангга хато стратегия танлайди. Жанг арафасида ўтказилган кенгашда буюк қўмондон Жалолиддин Мангуберди ва айрим саркардаларнинг душманни мамлакат ташқарисида қарши олиб, жанг қилиш таклифини рад этган Хоразмшоҳ онаси Туркон Хотиннинг сўзига кириб, «ҳар ким ўзини ҳимоя қилсин» қабилида қўшинни бўлиб ташлаган ҳолда мудофага тайёргарлик кўриш ҳақида фармон беради. Мўғуллар бўлинган кучларни бирин-кетин янчиб, шаҳару-қишлоқларни вайрон қилади, бегуноҳ одамларнинг ёстиғини қуритади. Ўзига «Искандари соний» номини берган Султон Хоразмшоҳ қўрққанидан мамлакатни ташлаб қочади. Тахт эса аслида бунга нолойиқ бўлган шаҳзода Ўзлакшоҳга қолади. Якуни нима билан тугаганини тарих дарсларидан яхши биласиз.

Вақт тинмасдан югургиламоқда. 31 август тобора яқинлашмоқда. Лекин бизнинг тайёргарлигимиз мундиалга чиқиш истагида ёнаётган жамоа даражасида эмас. Гуус Ҳиддинкнинг нигериялик собиқ ёрдамчиси Онекенинг таклиф этилиши Султон Хоразмшоҳнинг (миссионер) савдогар Маҳмуд Ялавоч орқали тўплаган маълумотлари сингари аҳамиятли, лекин туб бурилиш ясаш даражасида танлов эмас. Барибир терма жамоадаги ёндашувлар эскилигича қолмоқда. Клублар билан ўртоқлик баҳслари, чала таркиб билан чала тайёргарлик… Футболимизга масъул бўлган инсонлар хоразмшоҳлардек табдирсиз. Мухлислар ва ОАВнинг овози ЎФФдаги мутассаддиларнинг сукунатини бузишга қодир эмас. Нақадар ўхшашлик! Тағин бир ўхшашлик бор. Мўғуллар ҳам шимоли-шарқдан келганди, навбатдаги икки рақиб ҳам Шарқдан. Штиликени ҳайдаб, янги мураббий иш бошлаган Жанубий Корея ва ЖЧ-2006да Италияни чемпион қилган Марчело Липпи бошқараётган Хитой терма жамоалари. Чин юрти вакиллари 3-ўрин учун охиригача ҳаракат қилади. Бу аниқ. Жанубий Корея эса буёғига имконият борича курашади. Бир неча йилдан буён Улье Штиликенинг истеъфоси ҳақида Корея матбуотида кўп ёзилди. Қатардаги мағлубият эса корейсларнинг тоқатини тоқ қилди. Немис мутахассисига чиқиш эшиклари кўрсатиб қўйилди. Мураббийлик курсисини терма жамоани жуда яхши биладиган мутахассисга топширишди. Айни вазиятда энг тўғри танлов ҳам шу аслида. Хуллас, рақибларимиз бўлажак учрашувларга жиддий ҳозирлик кўришмоқда. Бизда эса парокандалик ҳукм сурмоқда. Футболимиз ичидагилар ва атрофидагилар икки қутбга бўлинган: Бабаянга хайрихоҳ ЎФФ ва мураббийлар штабига мутлақо ишонмай қўйган мухлислар ҳамда журналистлар. Федерация журналист ва мухлисларнинг тинимсиз эътирозларига парво қилмасдан Бабаян бошчилигидаги мураббийлар штабига сентябрга қадар имконият бериши ҳақида баёнотини маълум қилиб бўлди. Аммо бу билан муҳокамалар тўхтаб қолгани йўқ. ЎФФ худди Хоразмшоҳ каби бепарво, Бабаян эса Аҳрол Иноятов таъбири билан айтганда, ўзини йўқотиб қўйган, қочиб юрибди. Жабрдийда Бабаян! Терма жамоа тепасига келаётганида у билмасмиди ишлар кўнгилдагидек кетмаса, шунақа босим пайдо бўлишини? Ёки фақат биз ўзбекларда борми терма мураббийларига эътирозлар тўлқини?! Бир юртнинг бош жамоаси, футболининг юзи бўлиши лозим бўлган миллий терма масъулияти унга бувисининг боғчасидимики, индамайгина эркаликка йўйиб кетаверадиган. Эпласа шу босимни енгиб ишласин, натижа кўрсатсин Сколарига ўхшаб. Бутун бошли Бразилия Ромарионинг ЖЧ-2002га олинмаганидан норизо эди. Сколарига ишончдан кўра танқидлар ёғиларди, у эса мардларча иш тутганди.

«Ғалаба бутун Бразилияники мағлубият учун фақат мен жавоб бераман» деганди танқидларга жавобан. Луис Фелипе ваъдасининг устидан чиқиб Бразилияни бешинчи чемпионликка олиб борганди. Аҳрол ака, сиз «натижа яхшилигида жим эдинглар, энди танқид қилишга ўтдинглар» дея унинг тарафини олибсиз-у лекин футболнинг шафқатсиз қоидаларини унутибсиз. Бу ишда кўнгилчанлик кетмаслигини эътибордан четда қолдирибсиз. Агар аксинча бўлганида Шенол Гунешга Туркия термаси бош мураббийлиги лавозими умрбод кафолатланарди. Моуриньо 2005 йилдан бошлаб ҳалигача «Челси»да ишлаб юрган бўларди. Анчелоттини доим «қизил-қора» бўйинбоғда кўрардик. Арсен Венгер ҳеч ҳам танқид нималигини билмасдан ишларди. Эски муваффақиятлари важидан кўплаб мутахассислар ўсишдан тўхтарди, футболчилар ўсмасди, клублар ва терма жамоалардаги натижалар янада яхшиланмасди ва натижада футбол ўсиш бу қадар бўлмасди. Аммо футболда мураббийдан доим натижа кутилади. Аввалги натижалар эса тарихда қолаверади. Тўхтадими танқид қилинади, лозим бўла чиқиш эшиклар кўрсатилади. Мураббийнинг қисмати шундай. Буни мураббийликни танлаётган ҳар бир инсон яхши англаши керак.

Бабаяннинг эса мураббий сифатида биринчи бор бундай ҳолатга тушиши. Менимча терма жамоа мураббийи учун энг керакли нарса ТАЖРИБАнинг йўқлиги унинг энг катта муаммоси. Ана шу нарса унга панд бермоқда. Ўриндиқда савлат билан ўтириб мураббийга менежер сифатида буйруқ бериш, ақл ўргатиш, таъсир қилиш билан бутун миллат кўз тиккан ўйиндаги масъулият юкини ҳар он ҳис этган ҳолда бир жойда ўтира олмасдан майдон четида юриш орасида фарқ жуда катта. Бу ерда Бабаян тушуниб етган бўлса-да, ҳис эта олмаган нарсалар борки бунинг учун мураббий сифатида йиллар давомида ишлаш керак. (Ёки Моуриньодек «ўзга сайёралик» ёхуд Зиданда бўлгани каби суперюлдузлардан иборат икки таркибга эга бўлиш лозим. Бироқ Самвел Бабаянда на Моуриньодек салоҳият ва на Зидандагидек юлдузли гвардия мавжуд.)

Бугунги кунда идеал мураббий сифатида эътироф этилаётган Йохим Лёв ҳам шу чўққига етгунича анча аччиқ тажрибаларни бошдан кечирган. Испанияни тарихда биринчи марта чемпион қилган дел Боске, Италия термасида Липпи, Бразилияда Сколари. Бу мураббийлар муваффақиятлари замирида тажрибанинг нафаси уфуриб туради. Хитойни биринчи бор мундиалга олиб чиққан Бора Милитуновични олайлик! Унда ҳам катта тажриба бор эди. Айниқса, терма жамоалар билан ишлаш ва ЖЧга иштирок этиш борасида. Бизда эса қайси мезонлар асносида термага мураббий танланади ўзи? Ишқилиб бунинг тагида спорт принципларига хос бўлмаган омиллар ҳам йўқмикан деб ташвишланаман.

ЎФФ Бабаяннинг қолиши ҳақида баёнот бераркан, мухлисларга ҳурмат билан қарашига алоҳида урғу бериб ўтганди. Аслида ташкилотнинг ўзини ҳурмат қилишармикан улар? Зиммасида мамлакат футболининг тақдири бўлган бу инсонлар чиндан ҳам футболни севишадими ўзи? Термамиз иштирокидаги ўйинни кўраётганда асаблари таранг тортилармикан, ҳаяжондан юраги бўғзига қадар отилармикан? Мадҳия янграётган пайтда қонида ВАТАНПАРВАРЛИК ҳислари жўшиб, танида бир нималар бижиллаб титрармикан? Мағлубиятлардан сўнг зулматда қолган сўқирдек руҳи тентираб қолармикан? Ёки улар муз ақли билан оташ ҳисларини ўчирадиган даражадаги совуққон профессионаллармикан? Йўқ, менимча, федерация бундай ҳаволардан бенасиб маскан. Акс ҳолда Ватан шаъни учун майдонга тушадиган миллий терма жамоа тажрибасиз бир инсонга ишониб топширмасди. Шахмат тили билан айтганда, шоҳ муҳофазасини вазир ёки тўрага топшириш мумкин бўлган ҳолатда пиёдага ишонишдек гап-ку бу.

Раҳим Юсуф Али

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Терма жамоа манзил томон кетмоқда