
“Манчестер Сити”нинг иқтидорли ва кўп позицияда ўйнай оладиган ҳимоячиси Йошко Гвардиол яқинда ўтган суҳбатлардан бирида ёшлигида футболни умуман тарк этиш ҳақида ўйлаганини ошкор қилди.
Хорватиялик футболчи 2023 йили “РБ Лейпциг”дан Англияга 77 миллион фунт эвазига кўчиб ўтганди. Бу трансфер уни дунё футболидаги энг қиммат ҳимоячилардан бирига айлантирди — фақатгина бир неча футболчи ундан юқорироқ суммага жамоа алмаштирган.
Аммо бу ютуқлар ортида фақат истеъдод эмас, балки катта синов ва ички курашлар ҳам бор. Йошко Гвардиол ВВС нашрига берган интервьюсида 16 ёшида “Динамо Загреб” сафида ўйнаб юрган пайтда футболдан лаззат ололмаганини ва спорт йўналишини ўзгартириш ҳақида жиддий ўйлаб кўрганини айтиб ўтди.
“Бир вақтлар футболни ташлашни истаганман. Чунки майдонда ўзимни бахтли ҳис қилолмасдим. Атрофимдаги дўстларимнинг деярли барчаси баскетбол билан шуғулланарди. Мен ҳам шу йўлни танласамми, деб ўйлагандим. Футболда келажагимни кўрмасдим”, — дейди Гвардиол.
Шу билан бирга, у бу қарорни қабул қилиш орқали ҳаёти бутунлай бошқача йўналиш олиши мумкинлигини ҳам яхши англаганини таъкидлади:
“Агар беш йил аввал мендан ‘2025 йилда ўзингни “Манчестер Сити”да кўра оласанми?’ деб сўрашганида, албатта, йўқ, деб жавоб берган бўлардим. Лекин ҳаёт мен кутмаган йўлдан олиб кетди”.
Гвардиол ҳозирда “Сити” таркибида Пеп Гвардиола учун муҳим фигурага айланган. У ҳимояда ҳам, ярим ҳимояда ҳам ўз ўрнини топган ва жамоа мухлислари орасида тезда севимли ўйинчига айланди. Унинг жисмоний тайёргарлиги, юқори зеҳнияти ва универсал ўйини сабабли Гвардиола уни катта ишонч билан асосий таркибда қўлламоқда.
Мураббийлар штаби фикрича, Йошкода келажакда “Сити” ҳимоясининг етакчисига айланиш салоҳияти бор. Унинг ёш бўлиши, тезкор қарор қабул қилиш қобилияти ва курашчанлиги бу прогнозни янада мустаҳкамлайди.
Футболни ташлаш ҳақида ўйлаган бир йигитнинг бугун дунёга машҳур бўлган клубда асосий таркибда ўйнаётгани — бу ҳақиқий илҳом манбаи. Йошко Гвардиол ўзининг меҳнат ва сабр-қаноати орқали ҳар қандай қийинчиликни енгиб бўлиш мумкинлигини исботлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!