
«Барселона»нинг 18 ёшли истеъдодли футболчиси Ламин Ямал учун бу йилги “Эл-Класико” осон кечмади. Каталония жамоасининг асосий вингери ҳисобланган ёш футболчи “Реал” дарвозасига йўл топа олмади ва ўйиндан кейинги баҳолаш тизимида учрашувнинг энг паст натижаларидан бирини қайд этди. Бу ҳолат Ямалнинг кайфиятига ҳам таъсир қилган кўринади.
Ўйиндан сўнг у ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида жиддий ўзгариш киритди — ўз профилидаги аватарини олиб ташлаб, қора фон билан алмаштирди. Бу ҳаракат мухлислар орасида турли талқинларга сабаб бўлди: айримлар бундай қадамни эмоционал реакция, бошқалар эса ички босим ёки танқидларга нисбатан жавоб сифатида баҳоламоқда.
Шунингдек, “Эл-Класико”даги кескин муҳит ёш футболчи ва “Реал” ҳимоячиси Дани Карвахал ўртасида ҳам тортишув келтириб чиқарганди. Учрашувдан кейин маълум бўлишича, улар ижтимоий тармоқда бир-бирларини “дўстлар” рўйхатидан чиқариб ташлашган. Бу эса икки жамоа ўртасидаги анъанавий рақобатнинг қанчалик кучайганини яна бир бор кўрсатди.
Ямалнинг бу ҳаракати айни дамда футболдаги ёш авлоднинг руҳий босимни қандай қабул қилаётганини ҳам кўрсатиб бермоқда. Ундан ютуқлар ва жиддий натижалар кутаётган мухлислар орасида босим кучли. Аммо ёш футболчи ҳали катта йўлнинг бошида ва “Барселона”даги унинг ривожланиши учун етарлича вақт бор.
“Барселона” мураббийлар штаби Ямални ҳимоя қилиб, унга ишонч билдиришда давом этмоқда. Унинг тезлик, техника ва дриблингдаги маҳорати жамоа учун келгусида ҳал қилувчи аҳамият касб этишига ишонишмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!