2 976
ЖЧ-2018 трагедияси: Ношуднинг қўлида қурбон бўлган терма жамоа — барчасига ЎФФ раҳбарияти айбдор
Ўзбекистон яна Жаҳон чемпионатига чиқишдан мосуво бўлди. Чинакам трагедия аслида бу. Оғзимизда турган ошни олдирдик. Бугун ўзбек футбол мухлисининг кўнглига қил сиғмайди. Чунки яна алдандик ҳаммамиз. Бунга ким айбдор? Албатта, Ўзбекистон футбол федерацияси раҳбарлигида турганлар тўлиқ айбдор.
Ҳар қандай ташкилот ривожланиш босқичида юксакликка интилади, ҳалоллик ва изчиллик билан ривожланиш рўй беради, янги муваффақиятлар тақдим этади. Бироқ, Ўзбекистон футбол федерацияси ҳақида асло бундай деб бўлмайди. Ташкилотга Мираброр Усмонов раҳбар этиб тайинлангач, гарчи бошида футболимизда юз берган, инкор этиб бўлмайдиган чиройли ўзгаришлар мухлисларга янги умид ва ишонч тақдим этган бўлса-да, кейинчалик бу ташкилотнинг ишлари фақат орқага кетди. Футбол мухлислар учун бўлса-да, гўёки мухлисларни ундан бездириш учун ишлар амалга оширилгандек бўлди. Буни бугун стадионларимиздаги мухлислар сони ҳам исботлаб турибди.
Ҳа, терма жамоамизни барча яхши кўради, энг ёқимсиз натижаларга қарамасдан, мухлислар йигитларга ишониб, олибсотарлар қўлига чиқиб кетган чипталарни ҳамиша 2-3 баробар қимматига сотиб олиб, стадионни тўлдиришади, сўнгги сониягача қўллаб-қувватлашади, ишонишади.
Масалан, Саудия Арабистони кеча Ар-Риёдда сўнгги ўйинда Япония устидан ғалаба қозониб, ЖЧ-2018га тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритди. Ўйинга эса мухлислар учун кириш чиптаси текин қилиб қўйилди. Мана, жаҳон чемпионатига қандай қилиб чиқилади!
Бизда-чи? Бизда ўйинлар мухлис ва журналистлардан обдон беркитилади. Яна бу нарса Футбол федерациямизнинг ташаббуси билан қилинди, дейишдан ҳаё қилинмайди.
4 йил муқаддам ҳам ёзган эдим: агар бизнинг федерациядаги футбол мутасаддиларида ўзбек футболини жаҳонга танитиш, жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш истаги бўлганида эди, муҳим босқич олдидан ҳеч нарсани эплолмаётган бўлса-да, ўзига тегишли футболчиларни кўргазма сифатида МТЖ сафида бот-бот тушириб реклама қиладиган пул илинжидаги «менежер»га эмас, аллақачон хориждан етук мураббийлар жамоасини олиб келиб, терма жамоани уларга топширган бўлар эди. Япония, Хитой, Эрон каби жаҳон чемпионатларининг доимий иштирокчилари ана шундай йўл тутишяпти-ку?!
Лекин бизда доимо ўзимизнинг маҳаллий мутахассисларга ишонилади. Аввал тушунарсиз вазиятда Абрамов ишдан олиб ташланди. Терма жамоамиз ўйинига мазмун кирган бир пайтда ҳаммани норози этиб, Қосимов тайинланди. Қосимов матбуот анжуманида «истеъфога чиқаман», деб ўзи айтганидан сўнг ҳам уни мажбурлаб ушлаб туришди. Кейин эса терма жамоа қаллоблиги ва «жаллоб»лиги билан ном қозонган «эгаси»га топширилди.
Яъни футбол федерациямиз халқ ва мухлисларнинг истагига пешвоз чиқмасдан, максимум қандай натижа киритиши аввалдан маълум бўлган бош мураббийларни мухлислар чангалига ташлаб беряпти — «натижа учун мана шуни сўкаверасизлар», дегандек.
Йўқ, натижа учун сизлар ҳам жавоб берасизлар, жаноб Усмонов, Раҳматуллаев ва ҳоказолар! Беришларингиз керак!
Ҳозир аксарият мухлислар футболимизга давлат ва ҳукумат аралашиб, федерацияда тартиб ўрнатилишини истайди. Аммо ФИФА талабларига кўра, давлат ва ҳукуматнинг федерация ишларига аралашишга ҳаққи йўқ. Йўқса, футболимиз Индонезия ва Кувайт каби ФИФА санкциясига дучор бўлиши мумкин. Футбол федерацияси фақатгина демократик тамойиллар асосида фаолият кўрсатади. Унинг президенти республикамизнинг барча ҳудудларидан келган делегатлар томонидан ҳисобот-сайлов конференциясида сайланади. Бунинг учун ўша овоз берувчилар — вилоятдаги футбол раҳбарлари ҳам дордан қочмаган, фидойи инсон бўлиши керак.
Ана шундай ҳисобот-сайлов конференциясининг навбатдагиси 12 сентябрь куни бўлиб ўтиши кутилмоқда. Албатта, Мираброр Зуфарович Усмонов шу куни президентлик постини топшириши аниқ. Футбол федерациясига янги президент сайланади. Энди федерацияда наинки ўринбосарлару, матбуот хизмати, керак бўлса бўғалтир опалару, қоровулгача янгисига алмаштирилиши керак, деб ҳисоблайман шахсан мен. Агар янги раҳбар шу вақтгача федерацияда ишлаб келганлар ичидан сайланадиган бўлса, бизни ҳеч қандай ўзгаришлар кутмайди. Эски ҳаммом — эски тослигича қолаверади.
Шундай раҳбар сайланиши керакки, у бутунлай шаффоф ишласин. Халқ билан яқин бўлсин. Илғор федерациялардан ўрнак олсин. Ходимларни ўқитсин, ўргатсин, ниҳоят! Матбуот хизматини ҳам очиқ ишлашга мажбур қилсин. Йўқса, ҳозир 12 сентябрь куни ҳисобот-сайлов конференциясида номзоди илгари суриладиган, қоидага биноан рўйхатдан ўтган номзодларнинг номлари аниқ, лекин федерация матбуот хизмати бу ҳақда ҳеч қандай билдиришнома ёки ахборот тақдим этгани йўқ оммага, масалан. Албатта, номзодлар қизғин муҳокама этилиши керак-ку, матбуот ва халқ томонидан.
Хў-ўш... Самвел Бабаян-чи?
Самвел Бабаян ҳам, албатта, бош мураббийлик лавозимини тарк этади. Гарчи у кеча матбуот анжуманидан қочиб кета туриб, ҳеч кимдан терма жамоа ва мухлислар умидини барбод қилгани учун кечирим сўрамаган бўлса-да.
Юртимиздаги энг етакчи сайтлардан бири «Самвел Бабаян: «Мендан кейин келадиган мураббий янада кучлироқ ишлаши керак, мени кечиринглар», дея сарлавҳа билан матбуот анжумани ҳақида хабар эълон қилди ва у натижалар кечирим сўрганига ишора қилди. Лекин KUN.UZ сайтида ёритилган, Бабаяннинг ёзиб олинган сўзларини эшитиб, натижа учун ҳеч қандай узр сўрамаганига гувоҳ бўламиз. «Извените» сўзи «кечиринглар» деб таржима қилиниб, контекстдан юлиб олиниб, сарлавҳага чиқарилган.
У ердаги «Извините» — «Кечиринглар» эмас, «узр» маъносида бўлганди. Яъни, «узр энди, шошиб турибман, мен битта жойга кетишим керак», маъносида журналистларга қаратилганди. Бу кечирим сўраш эмас. «Кечиринг» — бу инсоннинг хатодан пушаймон эканини билдиради. «Узр» — бу хатони тан олишмас, «менинг қилган ишим сизга зарар келтирди, айбга буюрманг», маъносидаги бир сўз. Бабаян саволларга жавоб бера олмаслиги учун ана шундай узр сўради, холос.
Ҳа, у ҳеч қачон кечирим сўрамайди, пушаймон бўлмайди. Айбни бўйнига олмайди. Бўйнига олиш у ёқда турсин, ўзидан ахтармай, фақат бошқалардан ахтаришга уста, журналистларни ҳам, ўзгаларнинг фикрини ҳам бир тийинга олмайдиган мутахассис. Унга раҳбарлик қилаётганлар ҳам, у билан бирга ишлайдиган ва натижалари учун унга ҳайкал қўймоқчи бўлганлар ҳам (Игамбердиев!), ҳаттоки футболчилар ҳам худди мана шу тоифадаги инсонлар. Бунинг исботини кўриб, билиб, ўқиб юрибмиз.
Ўша биргина ЎФФ халқаро бўлими бошлиғи Шерзод Игамбердиевнинг маҳаллий журналистларни ҳақорат қилганидан кейинги кечирим сўрашига эътибор беришнинг ўзи кифоя: Унинг Фейсбук саҳифасида эълон қилган кечирим сўраши биз учун қуйидаги маънода янгради: «Бизнинг журналистларимиз қишлоқи ва аҳмоқ эмас? Кечириб қўясиз!»
Бизда мана шундай, халқнинг нафрати ва жазодан асло қўрқмайдиган, умуман уларни қандайдир йўл билан жазолаш механизми ҳам бўлмаган шароитда мутасаддилар ишлашмоқда. Албатта ҳеч кимни писанд қилмайди-да. Федерацияга янги раҳбарлар келса унинг Низомига айрим жузъий ўзгартиришлар киритиб, футболдан умрбод четлатиш каби жазо чораларини қатъийлаштириб, аниқлаштириб олиш керакка ўхшаяпти. Зарурат бор шунга.
Энди муҳим бир нарсага эътиборларингизни қаратмоқчиман.
Самвел Бабаян туфайли икки марта (!) жаҳон чемпионати ва бир марта ёзги олимпия ўйинларидан қуруқ қоляпмиз. Мураббийларимиздан бошқа ҳеч ким бундай «буюк» натижага эришмаган.
Унинг бевосита қўл остида Рио олимпиадаси ва Россияда ўтадиган ЖЧ йўлланмаси барбод бўлгани — ўз-ўзидан тушунарли. «Нега икки марта жаҳон чемпионати?» деб ҳайрон бўлаётганларга 2006 йилги ЖЧ саралаш ўйинларини эслатиб ўтишни жоиз, фурсатдан фойдаланиб, ҳақиқий айбдор кимлигини ошкор этишни лозим, деб топдим.
Ҳаммамиз биламизки, 2005 йилнинг 3 сентябрида «Пахтакор» стадионида Баҳрайн терма жамоасига қарши бўлиб ўтган ЖЧ плей-офф учрашувида япон ҳаками Тошимицу Йошида пенальти вақтида қўпол техник хатога йўл қўяди. Гарчи ушбу ўйин терма жамоамизнинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган бўлса-да, ўша пайтда МТЖ менежери бўлиб ишлаган Самвел Бабаяннинг ташаббуси билан якунда ўйин натижасини бекор қилиш ва Баҳрайнга 0:3 ҳисобида мағлубият ёзилишини сўраб ФИФАга хат жўнатилади.
Оқибатда ўйин бекор қилиниб, кейинги ўйинда керакли натижа қўлга киритилмасдан, терма жамоамиз ЖЧдан аламли тарзда мосуво бўлганини барчамиз яхши эслаймиз. Боз устига, мухлисларимизда ушбу масала бўйича ТВда тушунтириш бергани учун ўшанда ЎФФнинг терма жамоалар бўлими бошлиғи бўлиб ишлаган Алишер Никимбаев мана шу ҳолат учун айбдордек хулоса шаклланган. Лекин хат ёзиш ғояси Никимбаевдан чиқмаганини ҳаммаям билмаса керак.
Аслида воқеа қандай бўлган?
«Пахтакор»да ишлаши давомида ҳам Бабаян командасининг ёзиш-чизишга нечоғлик уста эканига кўп бор гувоҳ бўлганмиз. Ўша воқеада ҳам ФИФАга ёзиш кераклигини ЎФФ мутасаддиларига айнан Самвел Вячеславович таклиф қилади. Ўша воқеада бевосита иштирок этганларнинг гувоҳлик беришича, ҳаммаси қуйидагича ривожланган:
Ўша ўйиндан кейин, табиийки, ҳамма федерацияга қайтади. Самвел Бабаян Бахтиёр Раҳимовнинг кабинетига кириб, ФИФАга хат ёзиш масаласини кўтаради. Раҳимов терма жамоалар бўлими бошлиғи Никимбаевни чақиради. У «бу хатни асло ёзиш керак эмас, чунки бирор ёрдам бермайди», дея ўз фикрини билдиради. Табиийки, унинг гаплари эътиборга олинмайди. Шундан сўнг, Никимбаев ФИФА ижроия қўмитасида ишлаётган Вячеслав Колосковдан маслаҳат сўраш учун қўнғироқ қилишни тавсия этади. Ўша куни Колосков ҳам қандайдир ўйинда экан, унинг ёрдамчисига алоқага чиқишади. «Бизда ҳозир иккинчи бўлим бошланади, бироздан сўнг олдига чиқаман», дейди ёрдамчиси. Лекин у ҳам муддаони эшитиб, «ёза кўрманглар», деб маслаҳат беради. Бироздан сўнг яна қўнғироқ қилишади. Ёрдамчиси: «Вячеслав Иванович билан гаплашдим, у ҳам мутлақо ариза ёзмасликни маслаҳат берди. Нима бўлган бўлса — бўлди, жавоб ўйинида майдонга тушаверишсин, деди», дея тушунтиради.
Лекин хатни Бабаяннинг қистовлари билан, барибир ёзишга қарор қилишади. Ўша пайти уларнинг ёнида Марко Траббуки (Илёс Зейтуллаевнинг агенти) бор эди. Траббуки ФИФАнинг собиқ бош котиби Мишель Зен-Руфененга қўнғироқ қилади. Айнан шу мутахассис хатни қай йўсинда ёзишни маслаҳат беради. Инглиз тилида хатни Боб Ҳоугтоннинг агенти ўтириб, компьютерда теради. Ниҳоят, хат ёзиб бўлингач, «ким имзо чекади?» деган савол кўндаланг бўлади. Б.Раҳимов «Сардор Раҳматуллаев имзоласин», дейди. «Модомики, хат Блаттерга йўлланмоқдами, Раҳматуллаев эмас, камида вице-президент имзо чекиши керак, ЎФФ президенти З.Алматов ҳам бундай муҳим хат ёзилгани ва жўнатилишидан хабардор бўлиши керак», деган жўяли маслаҳат берилади Никимбаев томонидан. Узоқ маслаҳатлашувдан сўнг Бахтиёр Раҳимов хатни имзолайди ва у ФИФАга жўнатилади. Терма жамоа менежери Самвел Бабаяннинг ғояси билан юзага келган хат мана шу тарзда битилади.
Ўша машъум хатда нималар ёзилгани барчага қизиқ бўлса керак. Зен-Руфиненнинг тавсиясига кўра битилган хатда бош ҳакамнинг техник хатога йўл қўйгани рўкач қилиниб, Баҳрайнга 3:0 ҳисобидаги мағлубият ёзилиши сўралган. Зен-Руфинен таклиф қилгунга қадар 3:0 ҳисобидаги техник ғалаба ҳеч кимнинг хаёлида бўлмаган! Бу жиҳат хат ёзиш истагини ғоя муаллифида янада қатъийлаштиради. Аввалига ўзимизникилар ҳам ҳам ҳайрон қолишади: техник хатони ҳакам қилган бўлса, қанақасига Баҳрайн жазоланади, дея. Лекин бу оддий мантиққа раҳбарлардан ҳеч ким эътибор бермаган. Ўйин натижасининг бекор қилиниб, қайтадан ўтказилишини эса ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмаган. Футболчиларимиз ва делегациямиз Баҳрайнга жавоб учрашувини ўтказиш учун етиб боришган эди. Улар ўйин бекор қилинганини эшитиб, қаттиқ таажжубга тушишади. Футболчиларимиз учун ҳам ўйиннинг бекор қилинишидан шок ҳолатга тушишган. Улар 1:0 ҳисобидаги устунликни ушлаб қолишга тайёр эдилар.
Натижа ва оқибат учун узр сўрашни ўзига эп билмайдиган бу одам, албатта, бу воқеага алоқадорлигини ўлақолса бўйнига олмаслиги аниқ. Имзони у қўймаган-да! Лекин ҳурматли мухлислар, Сизлар билиб қўйинглар — бу ҳақиқат!
2005 йилда Бабаян қандай қилиб ёзув чизув орқали натижа қилишга ҳаракат қилган (спорт принципларига тупуриб — на ўша пайтдаги терма жамоамиз футболчиларини ўзига бўлган ишончини, на Баҳрайннинг ўша хатода айби йўқлигини тан олган) бўлса, орадан шунча йил ўтиб, «ақли» кирмаганини исботлади: яна бошқа ўйинларнинг натижасига «осилиб» ЖЧга чиқишни истади. Ҳа, худди шундай! Акс ҳолда, ЖЧга гол уриб, ғалаба қозониб чиқишни ният қилганида, 5 ўйиндан бери ўйиндан гол ура олмай келаётган терма жамоамизда ниманидир ўзгартириш ҳаракатини кўрган бўлмасмидик?
Шуҳрат Шокиржонов,
KUN.UZ журналисти.
Манба: Kun.uz “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар