Гарри Кейн Чемпионлар лигаси рекордини такрорлади, аммо Бавария финалдан четда қолди

Гарри Кейн Чемпионлар лигаси плей-офф босқичидаги кетма-кет олтита ўйинда гол уриб, Криштиано Роналдо рекордини такрорлади. Бироқ, ҳужумчининг бу тарихий голи Бавария жамоасини мусобақадан чиқиб кетишдан сақлаб қола олмади. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Аллианз Аренада бўлиб ўтган жавоб учрашувида Бавария ва PSJ 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. Икки ўйин натижасига кўра 6:5 ҳисобида ғалаба қозонган Париж клуби финал йўлланмасини қўлга киритди. Усман Дембеле учрашувнинг учинчи дақиқасида ҳисобни очган бўлса, Кейн 94-дақиқада мувозанатни тиклади, аммо бу етарли бўлмади.
Мавсум давомида 49 та ўйинда 56 та гол урган инглиз ҳужумчиси учун бу мағлубият оғир зарба бўлди. У ўз фаолиятида илк бор йирик Европа совринини ютиш мақсадида Тоттенхемдан Баварияга ўтган эди, бироқ орзу қилинган кубок яна узоқлашди.
Чемпионлар лигаси финалида PSJ эндиликда Арсенал жамоасига қарши баҳс олиб боради. Лондонликлар ярим финалда Атлетико Мадрид тўсиғидан муваффақиятли ўтиб, ҳал қилувчи босқичга йўл олди.
Бавария учун мавсум ҳали якунлангани йўқ. Бундеслига чемпионлигини муддатидан аввал расмийлаштирган Мюнхен клуби 23-май куни Германия кубоги финалида Штутгартга қарши майдонга тушади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!