PSJ Чемпионлар лигаси финалида: Будапешт сари йўл очилди

PSJ Чемпионлар лигаси ярим финал жавоб учрашувида Бавария билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаб, икки ўйин натижасига кўра 6:5 ҳисобида ғалаба қозонди ва финал йўлланмасини қўлга киритди. Парижликлар ўтган йилги чемпионлик унвонини ҳимоя қилишга жуда яқин турибди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Учрашувнинг учинчи дақиқасидаёқ Усман Дембеле ҳисобни очди. Бу голга Хвича Кваратсхелианинг чап қанотдаги ажойиб рейди ва узатмаси асос бўлди. Луис Энрике шогирдлари нафақат ҳужумда, балки ҳимояда ҳам тартибли ўйин намойиш этишди.
Бавария ўйин охирида босимни кучайтирди ва ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда Гарри Кейн ҳисобни тенглаштирди. Бироқ, Маркиньос бошчилигидаги ҳимоя чизиғи ишончли ўйин кўрсатиб, жамоанинг финалга чиқишини таъминлади.
Дарвозабон Сафонов бешта сейв амалга ошириб, жамоасига катта ёрдам берди. Капитан Маркиньос эса ҳаводаги курашларда ва ҳимоядаги ҳаракатлари билан ҳақиқий етакчи эканлигини исботлади.
Эндиликда PSJ Будапештда бўлиб ўтадиган финалда Арсенал жамоасига қарши майдонга тушади. Парижликлар кетма-кет иккинчи йил Европа кубогини боши узра кўтаришга ҳаракат қилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!