18:03 / 09.09.2017
3 502

Нега футболимиз мутасаддилари доим сувдан қуруқ чиқиб кетаверади?

Нега футболимиз мутасаддилари доим сувдан қуруқ чиқиб кетаверади?
Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси навбатдаги марта ва ўз одатига «содиқ ҳолда» жаҳон чемпионати йўлланмасидан қуруқ қолди. Алам қиладигани — шундай бўлишини Самвел Бабаян бош мураббийлик курсисига мустаҳкам ўрнашиб олган пайтдаёқ аксарият мухлислар сезган ва ўз вақтида норозилик билдирган эди. Бироқ на Ўзбекистон футбол федерацияси, на мураббийлар штаби мухлислар фикрини инобатга олди.

Жанубий Корея билан кечаги мағлубиятга тенг дуранг эса шундоқ ҳам лим-лим тўлиб турган сабр косасига томган сўнгги алам томчиси бўлди.

Хўш, бундан кейин...

Мухлислар ва журналистлар фикри, истак-хоҳиши инобатга олинадими ёки уларнинг устидан кулиш, гапини бир тийинга олмаслик, ҳаттоки ҳақоратлаш
(ЎФФ ходими Шерзод Игамбердиев мисолида айтаяпман. Бу жаноб ҳақиқатни очиқ сўзлаган қалам аҳлини «Facebook» ижтимоий тармоғи орқали «қишлоқилар» деб камситишгача борди. Аслида қишлоқи бўлишнинг ҳеч ёмон томони йўқ. Ўзбекистон аҳолисининг, адашмасам, 50 фоизи қишлоқ жойларда истиқомат қилади. Лекин Игамбердиев деганлари оғзидан чиқаётган гап оҳанги 138 фоиз таҳқирлашга йўғрилган) ҳолатлари давом этадими?

Мана, ЖЧга чиқиш орзумиз олтинчи марта амалга ошмади. Шу кетишда бўлса, насиб этса, еттинчи марта ҳам икки бармоғимизни бурнимизга тиқиб қолаверамиз. Хўш, бирор марта футбол федерацияси ёки у тайинлаган қайсидир мураббий (Миржалол Қосимовдан ташқари) айбини бўйнига олиб, халқ олдида, мухлислар олдида, мамлакат олдида узрхоҳлик қилдими? (Юзаки бўлса ҳам).

Нега футболимиз мутасаддилари доим сувдан қуруқ чиқиб кетаверади? Масъулиятни бўйнига олмайди ёки ҳеч бўлмаса, кимнингдир зиммасига ўша жавобгарликни юкламайди? Нима учун миллион-миллион долларлаб қилинган харажатларнинг (энди бемалол айтиш мумкинки, исрофгарчиликларнинг) жавобини ҳеч кимдан талаб қилмайди? (Масалан, биргина хориж йиғинлари учун қанча пул сарфланади). Хусусан, жаноб Бабаяндан? Талаб қилган бўлса, нимага бу ҳақда оммага икки оғиз хабар берилмайди? Нега бизда бунча кўп нарсалар сир тутилади? Ошинг ҳалол бўлса, кўчада е, дейди халқимиз. Нега бизда ҳалол ошни ўғри мушукка ўхшаб бекитиб ейишади?..

Нима учун бутун дунёда футбол мухлислар учун, бизда эса умуман бошқача ўйналади? Масалан, истасалар, ёпиқ стадионда ҳам ўйин ташкил этишади. Хоҳлашса, муҳим ўйинлар учун чипталарни «билмасдан» қўлга чиқариб юбориб, оддий мухлисларга асл баҳосидан 5-10 ҳисса қимматига пуллайдилар. Ҳеч ким ўша инсофсиз чайқовчиларнинг пишагини «пишт» демайди. Нега?

Ажаб ҳолат: нимага бизда кейинги 10-15 йилда (Олег Шацких, Николай Ширшов, Павел Бугалолар авлодидан кейин): «Терма жамоада ёки тузукроқ клубда ўйнаш учун футболчи бўлиш шарт эмас, ё бирор каттаконнинг ўғли, жияни, куёви, бало-баттари ёки пулдор оиланинг фарзанди бўлиш керак, акс ҳолда, унга профессионал спортда ўрин йўқ» деганга ўхшаш гаплар юради-ю, футболимиз мутасаддилари мана шундай «майда-чуйда» гапларнинг ғирт туҳмат, ноҳақ, уйдирма эканини исботлаш учун қайғурмайди? Очиғи, ушбу саралаш раундида ҳам терма жамоамиз атрофида шу каби миш-мишлар тинмади. Одамлар, Игамбердиев айтмоқчи, «аҳмоқ» ёки кўр эмаски, кўриниб турган нарсани илғамаса!

Масалан, Лобановнинг ўртача яхши дарвозабонлигини, лекин Эрон, Жанубий Корея даражасидаги жамоаларга қарши ундан салоҳиятлироқ дарвозабон (дейлик, Элдор Суюнов ёки Игнатий Нестеров) майдонга тушиши лозимлигига саккиз яшар боланинг ҳам ақли етарди, деб ўйлайман. Мунтазам норозиликларга қарамай, кетма-кет асосий таркибда тушган Сергеев, кечирасизу, жароҳатланибгина мухлислар дашномидан қутулган Андреевлар масаласида ҳам шубҳаланмаган одам қолмади. (Қолган бўлса, у футбол федерациясида ишлайди ёки ўша футболчиларнинг яқинлари бўлади). Кўпчиликнинг фикри якдил: Бабаян бу борада ортиқча қайсарликка йўл қўйди.

Мен тушунмадим, бу менежер терма жамоага фақат мухлислар жиғига тегиш учун қўйилганми ёки бошқа каттароқ мақсад ҳам бормиди? Бор бўлса, ўша мақсад амалга ошмагач, амалга ошмаслиги кечаги ўйингача маълум бўлиб қолгач ҳам, нега чора кўрилмади? Ўзи бизда, умуман, бажарилмаган топшириқ учун бирор чора кўриладими (футбол соҳасида айтмоқдаман)?

Терма жамоаларимизнинг муваффақиятсизликлари (ўсмирлар ва ёшлар жамоаларимизнинг эртакнамо ютуқларини гапирманг, илтимос, улкан натижаларни кўзлаган футбол мамлакатларида бундай ғалабаларга маҳлиё бўлиб ўтиришмайди), чемпионатимиздаги аҳвол, футбол мутасаддиларининг мухлисларга муносабати — бу каби омиллар борган сари кўнглимизни совутаяпти.

Биз охирги саралаш ўйинларини бош мураббий бўлмиш зотнинг мантиқсиз ва кулгили қарорларини кўрамиз деб томоша қилмадик. Жамоа таркибида Одил Аҳмедов, Игнатий Нестеров, Виталий Денисов, Элдор Шомуродов, Александр Гейнрих сингари жонкуяр йигитларимиз борлиги туфайли томоша қилдик. Уларнинг орзу-ниятларига эш, қувончларига шерик бўлайлик, дея кузатиб бордик.

Йўқотган бўлсак, биргаликда яна тўрт йилни йўқотдик. Орамизда йўқолган қиймати баланд бошқа нарса ҳам бор: бу — ишонч. Билмадим, у бизнинг қалбимизга қайтармикан?

Элмурод НИШОНОВ

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Нега футболимиз мутасаддилари доим сувдан қуруқ чиқиб кетаверади?