22:24 / 28.09.2017
5 097

Харобадан чиққан миллионер

Харобадан чиққан миллионер
Одамларда шундай тасаввур бор: тиланчилар аслида тўкин ҳаёт кечиради…

“Ҳаробадан чиққан миллионер” фильмини кўрганмисиз? Қаровсиз қолган болаларга меҳрибонлик кўрсатиб, уларнинг қорнини тўйдиришади, кечаси эса уларнинг кўзларини ўйиб, туппа-тузук тиланчига айлантиришади. Энди улар нафақат қаровсиз ва ҳимоясиз, балки бирор иш қилиш учун ожиз ҳамдир. Уларда асосий дард қорин очлиги билан курашиш ва Худо берган умрни яшаб қўйиш. Одамлар уст-бошига, аҳволига, кўзи ожиз эканига раҳми келиб, тиланчи болаларга пул ташлаб ўтади. Уларнинг кўзини ўйганлар эса мана шундай минглаб болалар тиланчилик қилиб топган пул эвазига ҳашам ҳаёт кечиради.

Тошкентга қайтамиз. Марказдан бироз узоқлашсангиз, деярли ҳар светафорнинг тагида тиланчига дуч келасиз. Жума кунлари масжид атрофи улар билан тўлиб тошади. Қўл-оёғи йўқ ёки сўқир бирортасини учратмасангиз, қолгани худди сиздек кийинган, соғлом, тузук одамлар. Биз кабилар эса савоб умидида уларга пул ташлаб ўтади, тиланчи гўёки дуо қилгандек бўлади. Ваҳоланки, садақа қилишнинг ҳам ўз қоидалари бор. Бу ҳақда қорилар минг гапирса ҳам, вазият ўзгармайди. Шунинг учун ҳам тиланчилар кундан-кун кўпаяди, улар пул топишнинг энг осон йўлини танлаб, бетини супуриб ташлаб, ўзини бечораҳолга солиб юраверади.

Энди футболга қайтамиз. “Ҳаробадан чиққан миллионер” фильмида ўз меҳнати ва уддабуронлиги сабаб, золимлар қўлидан қочиб қутулган болалар ҳам бор. Бош қаҳрамоннинг исми Жамол эди. Бизнинг футболда ҳам, ўз меҳнати ва тиришқоқлиги сабаб муваффақиятга эришган йигитлар бор. Бугуннинг кўзи билан қараб, Рашидов, Аҳмедов, Жепаров, Мусаев, Ҳайдаров кабиларни олиб кўринг. Тинимсиз меҳнати сабаб улар золимлар қўлида хорланиб қолмаган. Улар ўша золимлардан кўпроқ пул топади, тўкин ҳаёт кечиради, буларнинг барига тинимсиз меҳнати билан эришган.

Золимлар деб балки ошириб юборгандирман, балки топиб айтилди, билмадим. Биздаги футболчиларнинг кўпи асосан қорин ғамида юришини юқоридаги болаларга ўхшатаман. Уларда ўсиш, Жамол каби мувозанатни бузиб ташлаш, олдинга интилиш каби тушунчалар ўлиб бўлган. Ва яна улар ҳимоясиз. Пулини ололмаса қайсидир золимдан, ҳимоячиси йўқ. Бу каби ташкилот ўзбек футболи учун бегона. Мураббийларда ҳам аҳвол шу. Давлатдан пулни санаб оладиган, уларни тақсимлашда эса футбол ривожидан кўра кўпроқ, ўз қорнини ўйлайдиган кимсаларни мен золимлар демоқчи бўлдим. Бор-ку улар, тўғрими? Шунинг учун ҳам жамоалар хусусийлашсин, деб бақириб ётибди ҳамма. Бу футболчилар бир тийин ҳам ишлаб топмаса, Қосимов ёки Аҳмедовга ҳавас қилмаса, фақат катта ойликка ўрганса-ю, ўйини билан ҳеч бўлмаса стадионни тўлдира олмаса, нега керак бундай футбол? Натижа ҳам қойил бўлмаяпти-ку катта ўйинларда, дейишни ўрганди одамлар.

Ва шу одамлар орасида, футбол клуби танқид қилинса, водийдан қўлингни торт, “Сўғдиёна”га тегма, Тошкентинг ҳақида ўйла, деб қоладиганлари ҳам бор. Улар гўёки футбол фидойиси, яхши одамлар. Клубини севади, ҳимоя қилади, давлатдан олинган пулни еб ётмайди. Уларни ўша масжидга кетаётганида етти мучаси соғ одамларга садақа берадиган савобталаб кишиларга жуда ўхшатаман. Улар борки, футболчилар ҳам, раҳбарлар ҳам, тиланчилар ҳам осонига ўрганади, тушуняпсизми?

Ҳа, Тошкент клублари ҳам давлатсиз ҳеч ким, вилоят жамоалари ҳам. Фарқи, Тошкент жамоалари кўпроқ олади, яхшироқ ўйнайди, ҳамма эътибор уларга деб қаралади. Хўп, бунда ҳақиқат бор. Аммо вилоят жамоалари кам олади деб, ким мени ишонтира олади? Футбол ичига кириб, барчасига яхшилаб разм солинг. Балки Тошкент кўз остида бўлгани учун, бу ерда таралла бедод қилиш нисбатан қийинроқдир. Вилоятда эса футболни тушунмаса ҳам ичида юрган, унинг омборига қўлини тиқиб, нима чиқса шуни ўзлаштирадиган кимсалар бордир, деб ўйлашимиз мумкинми? Мен учун оқ ит, қора ит — барибир ит. Мавзу келса Жиззах ҳақида айтишим, кейин Фарғона футболини гапиришим мумкин. Ва албатта энг кўп марта Тошкент футболини танқид қилганман. Чунки яхши кўраман-да футболнинг ўзини, ривожланиши истайман, ёш болаларча ишонаман ўзгарармикин, деб.

Мен “Сўғдиёна” чемпион бўлса, жиззахлик мухлислар билан сомса ейишга, “Андижон” чемпион бўлса, унинг мухлислари билан ош ейишга ҳам тайёрман, хурсанд бўламан улар супер клубга айланса. Аммо танқид қилинмаса, шу изида давом этса, сиз айтганингиздек, водий клубларидан қўлимизни тортсак, золимлар обтастасига сув эмас, сут қуйиб турсак, қандай бўларкин? Хоп, “Андижон”да имконият кам деймиз нуқул. Нега унда Сурия типпа-тинч Ўзбекистонни ютади, Теҳронда 2 талаб гол уради, Кореясини ҳам кўрдим демайди? Чунки уларда Жамоллар бор, улар меҳнати, ғурури билан озодлик, чўққи учун курашади. Улар шунга ўрганган. Биз эса Жамол бўла олмайдиганларга садақа берамиз. Буни миннат ўрнида тушунманг. Агар яхшироқ ўйнаса, стадионни тўлдириши, золим беш қўлини оғзига тиқмаса, чипталардан тушган пулни футболга тикиши ҳам мумкин, ўлдим деганда, шундан пул қилса бўлади.

Сен-чи, сен кимсан, дейсизми? Биз “Ҳаробадан чиққан миллионер” каби фильмлар учун сценарий ёзадиганлармиз. Олқишлашади, боплабсан дейишади. Энг кулгулиси, бир сафа у золим мақтайди, бир сафар буниси. Аммо ҳаробалар ўзгармайди, кино кўриб мазза қиламиз-у, эртасига эса тиланчига пул бериб, золимлар билан ҳисоблашиб юраверамиз.

Диёр ИМОМХЎЖАЕВ

Манба: www.erudit-sport.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Харобадан чиққан миллионер