19:03 / 28.01.2018
6 107

Исроил МАДРИМОВ: “Тажриба етарли бўлса-да, омад келмаса, қийин…”

Исроил МАДРИМОВ: “Тажриба етарли бўлса-да, омад келмаса, қийин…”
Боксдан кетмоқчи бўлгани, севимли китоби ва ғалабаларини сальто билан нишонлаши ҳақида

Саҳифамизнинг бугунги меҳмони — бокс бўйича Ўзбекистон ва Осиё чемпиони, халқаро турнирлар ғолиби, жаҳон чемпионати кумуш медали совриндори, халқаро тоифадаги спорт устаси Исроил Мадримов.

— Ёшлигимда мактабга боришдан олдин футбол ўйнаб юрардим. Бир куни акаларим мени яқин ўртоғим, қариндошим билан бокс туширди. Ўша жанг илк жангим десам ҳам бўлади. Унда мен ютқазиб қўйдим ва шундан сўнг боксга қатнашишим лозимлигини англадим.

Кейинчалик, аниқроғи, 5-синфда ўқиётганимда отам Хоразм вилояти, Хива шаҳридаги спорт мактабига ўқишга олиб борди. Имтиҳонлардан ўтиб, мактабга қабул қилиндим. Аммо у ердаям бокс спорт турига ёздириб, ўзим футболга қатнаб юрдим (кулиб). Ҳатто футбол жамоамда сардор қилиб қўйишди мени. Анча вақт футбол ўйнаб юрдим. Бироқ кейинчалик бокс мураббийим буни сезиб қолиб, мени боксга чақириб олди. Шу тариқа бокс спорт туридаги фаолиятимни бошладим. Дастлаб туман, вилоят босқичидаги мусобақаларга қатнашдим. Кейинчалик, аниқроғи, 2009 йилда республика босқичида ўсмирлар ўртасидаги мусобақага қатнашиб, бронза медалини қўлга киритдим ва терма жамоага қабул қилиндим. Бир йилдан сўнг эса Фарғонада ўтган мусобақада чемпионликни қўлга киритиб, терма жамоадаги ўрнимни янада мустаҳкамлаб олдим.

2010 йилда Тошкент вилоятидаги Чирчиқ олимпия заҳиралари коллежига ўқишга кириб, боксдаги фаолиятимни давом эттирдим.

— Оилангизда сиздан бошқа спортчилар борми?
— Оиламизда биринчиси мен. Отамда ҳам спортга қизиқиш бўлган, аммо спорт билан шуғулланишни кеч бошлаган. Бу эса спортдаги мавқеига халал берган. Кейинчалик отам ўз орзусини менда кўришни истаб, бокс билан шуғулланишим учун барча шароитларни яратиб, йўл очиб берди.

— Ойингиз спортнинг бу турини танлашингизга қаршилик билдирмадими?
— Албатта, ҳар бир она фарзандининг жони оғришини истамайди. Менда ҳам шундай бўлган. Онам “бошқа спорт турини танлаб кўрмайсанми?” деб айтганлар. Қўлга киритаётган ғалабаларим сабаблими, боксни ташлаб кетгим келмади. Кейинроқ онам ҳам менинг энг биринчи қўллаб турувчи, далда берувчи инсонимга айландилар.

— Мураббийларингиз ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз…
— Спортдаги биринчи устозим, спорт мактабидаги мураббийим Баҳром ака Қурёзов, бокснинг илк сир-асрорларини шу инсондан ўрганганман. Чирчиқ олимпия заҳиралари коллежидаги мураббийимларим эса — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи Рустам Саидов ва “Шуҳрат” медали совриндори Тўлқин Қиличевлардир. Боксдаги ютуқларимни қўлга киритишимга катта ҳисса қўшган мураббийларимдан бир умрга миннатдорман.

— Биламизки, боксда ўнг қўлда зарба бериб жанг ўтказувчи боксчилар ёки чапақай боксчилар бор. Кимгадир чапақай рақиб ноқулайлик туғдирса, кимгадир аксинча. Сизга буларнинг қай бири ноқулайлик туғдиради?
— Боксда чапақай боксчилар билан жанг олиб бориш ноқулайроқ бўлади. Чунки у чап қўлда кучли зарба беради ва бу зарба тана қисмига йўналтирилса ва манзилга етса, боксчини қийин аҳвролга тушириб қўйиши мумкин. Лекин ҳамма нарсанинг калити бор. Спортчи ўз устида ишлаб, тажриба орттирса, чапақай боксчилар билан қандай жанг ўтказишни ҳам яхши билади. Мен ҳам, албатта, жанг олдидан рақибларимнинг жанг услубларини ўрганиб, унга қарши услублар устида ишлайман.

— Омадга ишонасизми? Боксда омад муҳимми ёки тажриба?
— Мени назаримда бокс спортида иккаласи ҳам керак. Ўзимиз ҳам бунга кўп бора гувоҳ бўлганмиз. Масалан, жангларда тажрибамиз етарли бўлган, аммо озгина омад етмаганми, ғалаба рақибларга насиб этган. Жумладан, Германияда ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионатида ҳам кўрдик бу ҳолатни озгина (кулиб). Бу ҳолатни биздан тажрибали, машҳур спортчиларда ҳам кўрганмиз.

— Мутолаа қилишни ёқтирасизми, умуман, бунга вақт топиладими сизга?
— Китоб ўқишни яхши кўраман. Бўш вақтим бўлганида ўзимга маъқул бўлган китобларни ўқишга ҳаракат қиламан. Кўпроқ ўзимизнинг устоз адибларимизнинг китобларини ўқийман. Айниқса, Тоҳир Малик китобларини севиб мутолаа қиламан. Ёзувчимизнинг “Иблис девори” асари — энг яхши кўрган китобим.

— Бутунжаҳон бокс сериялари (WSB)нинг сўнгги VII мавсумида “Uzbek Tigers” жамоаси чорак финалда “Cuba Domadores”га икки жанг натижаларига кўра, имкониятни бой бериб, мусобақани тарк этди. Бунга нима етишмади, ҳакамларнинг қарори ҳалал бердими ёки ҳақиқатан боксчиларимиз кучсизлик қилишдими?

— Бизда бошқа мақсад бор эди, бу мусобақа эса 2-даражали эди биз учун. Бизнинг биринчи даражали мусобақамиз бу Осиё ва жаҳон чемпионати эди. Чунки спортчи йилда бир ёки икки марта тўлиқ спорт формасига эга бўлади. Бу спорт формасига кириш ҳам қийин, албатта. Бу мусобақа 2-даражали бўлиб қолганлиги учун катта куч сарф этиб, чемпион бўлиш талаб қилинмаган эди. Мазкур мусобақадаги асосий мақсад тажрибали боксчилар билан жанг ўтказиб, тажриба оттириш эди.

Мен ҳам бу турнирга қатнашдим. Унда кучли боксчини мағлуб этганим эса ўзимга бўлган ишончни орттирди. Инсон астойдил ҳаракат қилиб, ишласа, нияти амалга ошар экан. Бунга ўша жангдаги ғалабадан сўнг яна бир бор амин бўлдим.

— “Боксда вазн тоифасини ўзгартириш” деган ҳолат бор. Бир вазндан бошқа вазнга ўтиш спортчи учун ноқулайлик туғдирмайдими?
— Вазнни тўғри ўзгартиришга боғлиқ. Менинг ўзим ҳам кўп йиллар 69 кг вазнда жанглар ўтказдим. Кейинчалик вазним ошди, бу эса менга зарарга ишлади. Рингда мағлубиятларга олиб келди. Шундан сўнг вазн тоифамни 75 кг.га ўзгартирдим. Ва бу вазнда яхши натижаларга эришяпман. Баъзида бу вазн тоифага эртароқ ўтишим керак экан, деб ўйлаб қоламан. Чунки эришаётган ютуқларимнинг аксарияти шу вазн тоифасида қўлга киритилган.

— Хорижлик боксчилардан ҳам дўстларингиз борми?
— Қозоғистонда боксчи дўстларим бор. Улар билан борди-келди қилиб турамиз. Улар бизнинг тансиқ таомларимизни яхши кўришади. Айниқса, Ўзбекистонга меҳмонга келганида ошимизни мазза қилиб тановул қилишади. Биз борсак, бизни ўзбек таомлари бор жойда меҳмон қилишади. Шунингдек, Тайландда Ник Прис деган дўстим бор. Ҳозирда профессионал боксда жанглар ўтказмоқда. “Тезроқ профессионал боксга ўтгин, бирга жанг қиламиз”, деб менга ҳам таклифлар бериб туради у.

— Ўзбек боксининг ютуғи сири нимада деб ўйлайсиз?
— Биринчи ўринда юртимизда биз спортчиларга яратилган шарт-шароитлар, хусусан, бокс федерациясининг хизматини алоҳида эътироф этаман. Айниқса, хориж давлатларда юрганимизда ҳам бизга машғулотлар ва дам олиш учун барча имкониятларни яратиб бераётганлиги учун бокс федерациямиз раҳбариятига ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Ўзбек бокси ютуғининг яна бир сири — бу жамоамизнинг аҳиллиги, деб ўйлайман. Қаерда бўлмайлик, жамоадаги барча боксчилар, мураббийлар бир оиладек бўлиб ишлаймиз. Камчилик ва ютуқларни таҳлил қилиб, керакли маслаҳатларни бир-биримиздан аямаймиз.

— Боксчи бўлганингиздан афсусланган вақтингиз бўлганми? Боксдан кетиш истаги туғилмаганми?
— 2015 йил Осиё чемпионатида иштирок этганман. Мусобақада илк жангимдаёқ Филиппинлик рақибимга имкониятни бой бериб қўйганман. Бу мағлубият руҳий ҳолатимга қаттиқ таъсир қилганди. Чунки мен у ерда 2-рақамли боксчи сифатида белгиланган эдим. Менинг бу мағлубиятим кутилмаган ҳолат бўлди. Ҳатто қозоғистонлик бир боксчи “нега сен ютқизиб қўйдинг, мен сен билан финалда рақиб бўлсам керак деб ўйлагандим”, деб айтди. Анча сиқилдим. Ахир бу мусобақадаги ғалаба жаҳон чемпионатига йўлланма берарди-да! Жаҳон чемпионати эса Олимпиадага йўлланма беради. Шу мағлубиятдан сўнг бокс билан шуғулланиш, боксга бўлган қизиқиш сусайди менда. Мураббийларим, ота-онам, дўстларим далда бўлиб, маслаҳатлар беришди: “қани вазн тоифангни кўтариб кўр-чи”, деб.

Кейин Ўзбекистон чемпионати бўлди. Бу чемпионатда ҳам 69 кг вазнда тушдим ва яна мағлуб бўлганимдан сўнг, амин бўлдимки, вазн тоифамни ўзгартиришим шарт экан. Мусобақа тугашига бир ҳафта қолганда, халқаро турнирга жўнаб кетдим, унда 75 кг да рингга чиқиб, 3-ўринни олдим. Бир ойдан кейин, адашмасам, 2016 йилда Бишкек шаҳрида ўтган халқаро турнирда чемпион бўлдим. Шу тариқа чемпионлик даврларим бошланди ва қалбимда боксга бўлган меҳр яна қайта уйғонди.

— Ўзбек боксидаги тенгдошларингиз орасидан кимларнинг маҳоратини юқори баҳолайсиз?
— Ўзбек боксчиларидан Қудратилла Абдуқаҳҳоров, Фазлиддин Ғоипназаров, Санжар Раҳмонов, Азиз Абдуғаффоровларнинг номларини алоҳида эътироф этаман. Улар профессионал боксда ҳозирча мағлубиятга учрамаган. Уларга ҳавас қиламан, мен ҳам улар эришган ютуқларни қўлга киритишни ният қиламан.

— Ғалабани сальто билан нишонлайсиз. Бу ғоя қандай пайдо бўлган?
— Ёшлигимдан акробатикага қизиқаман. Мактабда ўқиб юрганимда ёзги таътил пайтида отам мени акробатика спорти тўгарагига олиб борган. У ерда бир ой қатнашиб, яхши спорт формасига эга бўлганман. Аммо, таътил тугагач, ўқишлар бошланиб кетган, яна боксга қайтишимга тўғри келган.

Шундан кейин боксдаги ғалабаларимни акробатикада ўрганган машқларим билан нишонлашга қарор қилганман. Илк бор 2007 йилда Хоразм вилоятида ўтказилган вилоят чемпионатида чемпион бўлганимда, ўзимда йўқ хурсандлигимни шу тарзда нишонлаганман. Кейинчалик ғалабаларимни бундай нишонлашим мухлисларга ҳам маъқул бўлиб қолди.
Комилжон АСЛОНОВ суҳбатлашди.

Манба: tasvir.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Исроил МАДРИМОВ: “Тажриба етарли бўлса-да, омад келмаса, қийин…”