13:12 / 22.12.2018
3 683

Игорь Шквирин ўзбек футболидаги муаммолар ҳақида гапирди

Игорь Шквирин ўзбек футболидаги муаммолар ҳақида гапирди
Ўзбек футболида ўзига хос ном қолдирган собиқ футболчи ва таниқли мураббий Игорь Шквирин ўзбек футболидаги муаммолар, ёшни сунъий кичрайтириш ва академияларда болаларга қилинаётган қўпол муомалалар ҳақида гапирди.

- Игорь Анатольевич кўпчиликка сиздан интервью олишимни айтганимда, улар Игорь Шквириннинг кимлиги билан қизиқишди. Ижозат берсангиз мен ҳам шу савол билан мурожаат қилсам: “Игорь Шквирин бу ким?”

- Ёш авлод вакиллари учун балки у ҳеч ким. Бироқ каттароқ авлод учун Игорь Шквирин ўз ўйинлари билан ўзбек футболига озми-кўпми фойда келтирган футболчи. Ёшларнинг мен ҳақимда билмасликлари бу оддий ҳол. Улардан Кройфф ёки Беккенбауэр ҳақида сўрасангиз ҳам бирор нима билмасликлари мумкин. Бу нормал ҳолат.

- Сиз ўзингизни ўзбек футболи афсонаси деб ҳисоблай оласизми?

- Агар фаолиятимнинг бошланғич нуқтасидан бошлаб қарайдиган бўлсак, аслида ҳам шундай. Ҳаммаси Собиқ иттифоқ давридан бошланганди. Мустақилликка эришгач эса Хиросимадаги Осиё ўйинларида ғалаба қозондик.

- Ўзбек футболининг энг ёрқин даврлари сифатида қайси йилларни айта оласиз: 90 йилларнинг охири, 2000 йиллар ёки сўнгги 8 йиллик?

- Бунга қайси нуқтаи назар билан қарашга боғлиқ. Агар буни қандайдир ғалабалар билан ўлчайдиган бўлсак, бунга 25 йил бўлди. 1994 йилдан буён биз ҳеч нарсага эришганимиз йўқ.

- Кўпчилик охирги муваффақиятсизликларни Абрамов билан боғлайди. Бироқ айнан Вадим Карленович бошқарувидаги Ўзбекистон жамоаси Осиё кубоги – 2011 да кучли тўртликка кирганди. Умуман нима сабабдан натижа бу қадар тез пастлаб кетди?

- Мен натижалар пасайиб кетгани ҳақидаги фикрга қўшилмайман. Осиё кубоги тез якунига етувчи турнир. Бу мусобақада бор-йўғи 7 та ўйин ўтказилади. Биз ҳам Осиё ўйинларида ғалаба қозонганимизда айни шунча ўйин ўтказгандик.

- Терма жамоа мавзусига яна қайтсак. Эктор Купер – бу навбатдаги хатоми ёки олдинга ташланган қадам?

- Фикримча хулоса қилишга ҳали эрта. У ўзининг дастлабки интервьюларидаёқ ҳимоядан ўйнашини айтганди. Жанубий Корея билан ўйин шуни кўрсатдики, 4 та гол ҳимоявий ўйин учун жуда кўп.

- Терма жамоанинг айни таркибидаги кўпчилик футболчилар Абрамов давридан буён ўйнаб келмоқда. Нима деб ўйлайсиз, улар яна қандайдир фойда беришлари мумкинми? Балки Осиё чемпионатида ғалаба қозонган олимпия терма жамоасидан кўпроқ футболчи жалб этиш керакдир?

- Купер шу футболчиларни танлабдими, бу каби масалаларни ҳам ўзи ҳал қилгани маъқул. Раҳбарият ҳам бекорга уни бу ишга жалб қилмаган. Бундан ташқари, у ягона номзод бўлган, деб ҳам ўйламайман.

- Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионатида иштирок эта оладими?

- Бунинг учун футболчилар қандайдир маҳорат кўрсатганларича йўқ. Ҳар қалай мухлисларнинг умиди ҳали сўнганича йўқ.

- Терма жамоа мавзусидан бироз четлашамиз. Айни пайтда Ўзбекистонда хорижий клублар академиялари анча оммалашди. Нима сабабдан Пахтакор, Бунёдкор ва Насаф улардан ортда қоляпти?

- Пахтакорнинг Чилонзордаги академиясида ҳамма битта сунъий майдонда шуғулланади. Бироқ бу академия эмас, шунчаки футбол мактаби. Пахтакорда футбол академияси йўқ. Бунёдкорнинг академиясини оладиган бўлсак, у ерда ихтисослаштирилган мактаб ва саккизта майдон мавжуд. Бу ерда улар исталган вақтда шуғулланиш имконига эга эмас. Яъни, бир мураббий майдон бўшашини кутса, бошқаси майдоннинг қачон бўшашини ҳам билмайди. Шундай экан, Пахтакор ҳақида гап кетганда, менимча, у ерда академиянинг ўзи йўқ. Шунчаки футбол мактаби. Академия тўла инфратузилмага эга бўлиши керак.

- Академия бўла туриб ҳам, болалар билан ишлай оладиган мураббий бўлмаса-чи?

- Ҳа, мураббийга жуда кўп нарса боғлиқ. Чунки болалар билан ишлаш бу умуман бошқа иш. Собиқ иттифоқ даврида болаларни 11 ёшдан футбол мактабларига олишарди. Фақат Пахтакор ва Чиғатойдагина болаларни етти ёшдан олишган. Улар бутун дунёда етакчилардан эди. Ўша вақтларда болалар мактабга борган йилдан бошлаб футбол ўйнашни исташарди. Бугун эса ота-оналар болаларининг футбол ўйнашларини исташади. Боланинг хоҳиши эса кўпинча иккинчи даражага тушиб қолади. Авваллари биз машғулотларга трамвай, велосипедларда борардик. Ҳозир эса болалар “Мерседес”ларда келишади. Кўпчилик ҳолатларда болалар ота-оналарининг истаклари билан академияларга келишади. Бунинг қанчалик фойда беришини эса вақт кўрсатади. Бундан ташқари, одамда муаммо бўлмаса, унга футболнинг ҳам кераги йўқ. Қашшоқ болакайлардан яхши футболчилар кўпроқ етишиб чиқади. Олдинлари мураббийлар мактабларда ўйин майдончаларида юриб иқтидорли болаларни кўздан кечиришарди. Шу орқали машғулотларга таклиф этиб, шуғуллантира бошларди. Ҳозирги пайтда қанча болалар юқори даражада ўйнай олишади, бироқ уларнинг ота-оналари академияларга олиб кела олишмайди. Кўринишидан бизнес иқтидорларни барбод қилмоқда. Аммо иқтидорлар ҳамон мавжуд-ку! Бундан бир қанча вақт муқаддам ота-оналардан бири фарзанди футбол академиясига боришни исташини, бироқ нархларнинг ўта қимматлиги сабаб бунга имкониятлари йўқлигини айтганди.

- Бунга қарши қандай курашиш мумкин?

- Очиғи буни билмайман.

- Агар футбол ассоциацияси бунга эътибор қаратмаса, хусусий мактаблар эса қиммат бўлса, нима қилиш керак?

- Демак, янги муқобиллар топиш лозим. Биз ҳозир Пахтакор академияси ҳақида гаплашяпмиз. Аммо у ерда ҳам бизнес устунлик қилади.

- Нега бизда иқтидорли футболчилар мавжуд бўлсада, улар иқтидорларини тўла намоён эта олишмайди. Ёки профессионал футболга ўтишлари билан йўқолиб кетишади. Нега футболчиларимизни профессионал футболга ўтиш вақтида йўқотяпмиз?

- Бу савол билан кўпчилик мурожаат қилади. Ёшлар футболидан катталар футболига ўтишга ҳамманинг ҳам бардоши етарли эмас. Буни қайсидир маънода олов ва сув ўртасидан ўтиш дейиш ҳам мумкин. Масалан, бир футболчи ёшлар тоифасида яхши натижалар қайд этиб келди. Аммо катталар футболига ўтгач, умуман бошқача юкламаларга дуч келди.

Умуман олганда, биз ёшлар тоифасида яхши ўйин намойиш этамиз. Чунки 16 ёшлилар қатнашадиган мусобақада 3-4 ёш катта футболчилар қатнашишади. Улар катталар футболига ўтишгач эса нормативларга доим ҳам кўникиб кета олишмайди. Чунки бу ерда талаблар бошқача бўла бошлайди.

Биз ўз-ўзимизни арзон ғалабалар билан алдаяпмиз. 30 ёшни "уриб қўйган" футболчи 25 ёшман деб келади. Фарқи борми? Бор. Бу фақат бизда эмас. Деярли бутун Африка ёшни кичрайтиради. Европада эса бунга жиддий қарашади. Шунинг учун ҳам у ерда қон таҳлиллари олинади. Япония ва Жанубий Корея эса турнирларга 2-3 ёш кичик футболчилар билан келади. Улар бу орқали ёш футболчиларда курашувчанлик ҳиссини оширишади. Биз эса фақат ўзимизни алдаймиз.

- Шу кунларда баъзи мураббийлар борки, болаларни ёмон сўзлар билан ҳақоратлайди. Бунга муносабатингиз қандай?

- Бу ҳолатни умуман оқлаб бўлмайди. Бундай мураббийларни четлаштириш керак. Болаларнинг ҳар бири эртага ким бўлиб етишишидан қатъий назар алоҳида шахс. Футболчилар аҳмоқроқ бўлади, деган стереотип мавжуд. Бу нотўғри. Мен университетнинг юридик факультетини битирган футболчиларни биламан. Агар болаларга ёшлигидан ёмон муомала қилиб борилса, уларнинг ҳам юзи қотиб бораверади. Натижада улар яхшиликча айтилган гапни ҳазм қила олишмайди. Улар фақат койиш ва сўкишларга ўрганиб қолишади. Бу эса умуман нотўғри.

Манба: Turon24.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Игорь Шквирин ўзбек футболидаги муаммолар ҳақида гапирди