15:15 / 18.04.2019
2 444

Рўзиқул Бердиев: "Иккита жамоадан ташқари қолганларнинг савияси бир хил"

Рўзиқул Бердиев: "Иккита жамоадан ташқари қолганларнинг савияси бир хил"
Бугун 18 апрель куни «Coca-Cola» Суперлиганинг 5-турига старт берилади. Бунгача ўз стадиони таъмирланаётгани сабабли уй учрашувларини ҳам мажбурий равишда сафарда ўтказиб келаётган «Андижон» жамоаси пайшанба куни илк бор «Соғлом авлод» стадионда мезбон сифатида ҳаракат қилади. Шу куни Қаршининг «Насаф» жамоаси меҳмон бўлади. Стадионда катта ўзгаришлар амалга оширилганлиги сабабли футболимиз раҳбарлари ҳам мазкур ўйинни бевостида стадионда кузатиб борадилар. Шу боис ўйин иккала жамоа учун ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ёшарган «Насаф» эса Рўзиқул Бердиев бошчилигида мухлисларга ёқадиган ўйин кўрсатаётгани ҳам эътиборга молик. Куни кеча ушбу мутахассис билан боғланиб ўйин олдидан бир қатор саволларга жавоб олдик. Ўзи эса дастлаб «Соғлом авлод» стадиони ва бўлажак учрашув ҳақида гап бошлади.

- Ҳали Андижондаги «Соғлом авлод» стадионини кўрганим йўқ, аммо у ерда катта ишлар қилинганлиги ҳақида эшитдим, - деб гап бошлади «Насаф» бош мураббийи. - Айниқса, майдоннинг ҳолати яхшиланганлиги тўғрисида гапиришяпти. Лекин ҳамма стадионларнинг майдонлари аъло даражада бўлиши бу ПФЛнинг талаби ҳисобланади. Шундай экан, ўйлайманки, ҳар бир жамоа ўзининг яхши майдонига эга бўлиши керак. Ана шунда ўйинларнинг сифати яхши бўлади ва футболчилар ҳам майдонда мазза қилиб футбол ўйнашади. Албатта, биз бу ўйинга жиддий тайёргарлик кўряпмиз. Биз ҳам бу ўйиннинг аҳамиятини тушуниб турибмиз. Чунки «Андижон» жамоаси бу мавсумда ўз майдонидаги биринчи учрашувини ўтказади. Шунингдек, бу клубда ҳам катта ишлар амалга оширилаётганлиги кўриниб турибди. Лекин олдин ҳам андижонлик мухлислар ўз жамоасини фаол тарзда қўллаб-қувватлашини билардик. Умид қиламанки, «Соғлом авлод» стадионида қизиқарли ва мухлисларга ёқадиган ўйин бўлади.

- Аслида «Андижон» - «Насаф» ўртасидаги учрашув 20 апрель санасига белгиланганди. Кейин эса беллашув 18 апрелга кўчирилди. Бу режаларингизга қанчалик таъсир кўрсатди?
- Сиз ҳам биласиз, ишлаб чиқилган тақвимга қараб режалар бир-икки ой олдин тузиб чиқилади. «Андижон»га қарши учрашув белгиланган муддатдан икки кун олдин ўтказилиши бизга катта таъсир кўрсатмаса-да, барибир режаларимизнинг ўзгаришига сабаб бўлди. Лекин бу катта қийинчиликларни келтириб чиқармайди. Фақат режаларимизни ўзгартиришга мажбур бўлдик.

- Ўйин санаси ўзгарганлиги ҳақида ПФЛ сизларни қачон хабардор қилди?
- 4-турда «Навбаҳор» билан ўйнаган бўлсак, ўша учрашувдан олдин «Андижон» билан баҳснинг 18 апрелда ўтказилишини билмасдик. Фақат учрашувдан кейин бизга хабар қилишди. Аниқроғи, «Навбаҳор»га қарши ўйиннинг эртаси куни, 13 апрелда ПФЛдан бизга хат келди.

- Сиз «Андижон» жамоасини обдон ўрганиб чиқяпсиз. Ушбу жамоанинг бунгача «Локомотив» ҳамда «Бунёдкор»га қарши ўтказган учрашувларини кузатганингиздан хабаримиз бор. Айтинг-чи, бўлажак рақиб ҳақида нималарни айтган бўлардингиз?
- «Андижон»да янгиланган таркиб. У ерда тажрибали ўйинчилар билан бирга ёшлари ҳам бор. Кузатган ўйинларимда ҳам улар ёмон таассурот қолдиришмади. Бир сўз билан айтганда, «Андижон» ҳар бир учрашувда муносиб ҳаракат қиляпти. Тўғри, «Локомотив»га қарши ўтказган ўйинини стадионда кузатгандим. Ўша баҳсда андижонликлар биринчи бўлимда мезбонларга муносиб қаршилик кўрсатганди. Балки иккинчи бўлимга келиб футболчиларнинг эътибори бироз пасайгандир. Лекин умумий олиб қараганда, «Андижон» ҳақида ижобий фикр билдиришим мумкин.

- Лекин статистикага қарасак, «Андижон» тўртта учрашувда фақат битта гол урди ва ўз дарвозасидан олтита гол ўтказиб юборди. Сиз ҳам бу рақамларни беэътибор қолдирмасдан рақибнинг ожиз нуқталарини аниқлаб бораётгандирсиз?
- Ҳозир мавсумнинг боши бўлганлиги сабабли бундай рақамлар ҳеч нарсани англатмайди. Жамоада янги футболчилар кўп. Шунинг учун уларнинг бир-бирига мослашиб кетиши учун ҳам озгина вақт керак. Бу эса ҳар бир мураббийга қийинчилик туғдиради, албатта. Лекин бундай ҳолатлар ҳар бир жамоада бор. Масалан, бизнинг таркибда ҳам анча ўзгаришлар бўлди. Шу боис биз ҳам ҳали ўзимиз хоҳлаган ўйинни кўрсата олаётганимиз йўқ. Аста-секин ўз ўйинларимизни кучайтириб борамиз.

- Лекин кўпчилик «Насаф»нинг кўрсатаётган ўйинлари ҳақида ижобий фикр билдиришмоқда. Масалан, «Пахтакор» ва «Навбаҳор»га қарши учрашувларда жамоангиз ютқазган бўлса-да, аммо намойиш этган футболи ҳаммага ёқяпти…
- Йигитлардан кўпроқ чиройли ва мазмунли футбол ўйнашни талаб қиламан. Чунки биз аслида ҳам шундай тарзда ўйнашимиз керак. Чунки бизнинг олдимизга юқори мақсадлар қўйилгани йўқ. Футболчиларимизнинг тажрибалари ва ўзига бўлган ишончларини оширишлари учун ҳам биз майдонда эркинроқ ҳаракат қилишимизга тўғри келади. Ўйинда барибир жозиба ҳам бўлиши керак. Биз футболчилардан фақат натижа учун ўйнанглар деб ҳеч қачон айтмаймиз. Биз футболни ўз қарашларимиз бўйича қандай кўраётган бўлсак, шундай ўйнашга ҳаракат қиламиз.

- «Андижон» таркибида қайси футболчиларни алоҳида ажратиб кўрсата оласиз?
- Жамоанинг марказида ўйнаётган Ойбек Қиличев ва Дилшод Раҳматуллаевлар ўйинни бошқаришга ҳаракат қилишяпти. Охирги учрашувларда Бобур Омонов ҳам яхши таассурот қолдирди. Лекин жамоа сифатида ёмон ҳаракат қилишмаяпти.

- Эътиборли жиҳати, «Насаф»да асосан ёшлар билан ишлаяпсиз. Уларнинг эса кўрсатмаларингизни тўлиқ бажариши учун барибир нимадир етишмаслиги мумкин. Бу жиҳатдан олиб қараганда, қийинчилик сезмаяпсизми?
- Албатта, футболчилар бизнинг талабимизни тушунишяпти. Олдин ҳам айтгандим, ҳозир ҳам айтаман: барибир мавсум давомида жамоамизнинг ўйинида пасайиш ва баландликлар бўлиб туради. Барқарор ўйин кўрсата олишимиз жуда қийин. Буни тан олишимиз лозим. Чунки ёш жамоа билан ҳар доим барқарор ўйин кўрсатиш ҳеч қаерда бўлмаган. Шуни ҳисобга олганда, бизнинг ўйинимизда ҳам кўтарилиш ва пасайишлар бўлиб туради. Лекин биз доим вазиятдан чиқишимиз ва ўз ишимизни давом эттиришимиз керак бўлади. Энг муҳими хатолардан тўғри хулоса чиқаришимиз лозим.

- Жамоангиз ортда қолган тўртта турда бир ғалаба, бир дуранг ва икки бор мағлубиятга учради. Бу ўйинлардан қандай хулоса чиқаряпсиз?
- Ўйлайманки, бир-иккита жамоаларни ҳисобга олмаганда қолган клубларнинг имкониятлари бир хил. Мавсум давомида 4-5 та жамоа яққол ажралиб қолади деб ўйламайман. Фақат иккита жамоани алоҳида кўрсатиш мумкин, аммо қолганлари тенг савияда. Айтмоқчиманки, жамоалар орасида катта фарқ йўқ.
Бахтиёржон Тоштемиров

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Рўзиқул Бердиев: "Иккита жамоадан ташқари қолганларнинг савияси бир хил"