
Испаниянинг Линарес шаҳри 18–23 ноябрь кунлари аёллар ўртасидаги World Women’s Team Championship 2025 мусобақасига мезбонлик қилмоқда. Ушбу нуфузли чемпионатда Ўзбекистон аёллар терма жамоаси илк бор иштирок этаётгани билан ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Мусобақанинг дастлабки кунлари ортда қолди ва қизларимиз ўзларига хос қатъият ва ирода билан кучли рақиблар қаршисида юксак ғайрат кўрсатишди.
Биринчи тўрт турнинг натижалари қуйидагича шаклланди:
• 1-тур: Грузия – Ўзбекистон 3,5 : 0,5
Юртимиз шахматчилари фаворитлардан бири бўлган Грузияга қарши бор кучини ишга солди, аммо рақиб жиддий қаршилик кўрсатди.
• 2-тур: Ўзбекистон – Хитой 1,5 : 2,5
Жаҳоннинг етакчи шахмат мактабларидан бири бўлган Хитойга қарши жамоамиз муносиб ўйин кўрсатиб, иштирокни янада ишончли давом эттирди.
• 3-тур: Франция – Ўзбекистон 1 : 3
Учинчи турда ўзбек қизлари жуда зарур ғалабани қўлга киритди. Франция устидан ишончли тарзда забт этилган 3:1 ҳисобидаги зафар жамоага янги руҳий кўтаринкилик бахш этди.
• 4-тур: Украина – Ўзбекистон 1 : 3
Тўртинчи турда яна бир муҳим ғалаба. Украина каби тажрибали рақиб устидан қўлга киритилган 3:1 натижаси жамоамизни плей-офф йўлида жиддий даъвогарга айлантирди.
Эътиборлиси, ҳар бир гуруҳдан фақат ТОП-4 жамоа чорак финалга йўл олади. Ҳозирги шароитда Ўзбекистон учун ҳал қилувчи беллашув олдинда – жамоамизни Ҳиндистонга қарши ўта муҳим баҳс кутиб турибди. Агар қизларимиз ушбу ўйинде ҳам юқори натижа қайд этса, шахмат тарихимизда яна бир янги саҳифа очилиши мумкин.
Ўзбек спорт жамоатчилиги ва шахмат мухлислари терма жамоамизнинг кейинги қадамларини катта шавқ билан кузатмоқда. Орзу, меҳнат ва ироданинг уйғунлиги қизларимизга янги зафарлар эшигини очишига ишонч катта.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.